Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:14

Деҳқон ошига яна бир пашша тушди


Бундан буëғига ўзбек фермерлари даромад қиламан деб эккани сабзавотларни ҳам давлатга белгиланган нархда сотишга мажбур.
Бундан буëғига ўзбек фермерлари даромад қиламан деб эккани сабзавотларни ҳам давлатга белгиланган нархда сотишга мажбур.

Ўзбекистон ҳукумати чиқарган янги қарорга кўра¸ деҳқон ўз маҳсулотини экспорт қилиш ҳаққидан маҳрум этилди ва уни давлат тайёрлов идораларига Вазирлар Маҳкамаси белгилаган нархда сотиш мажбурияти остида қолди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан жисмоний шахслар шуғулланишига чек қўйилди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги қарори икки ой аввал қабул қилинган эсада¸ у энди ошкор қилинди.

Қарорга кўра, деҳқонлар ўз маҳсулотларини “Ўзулгуржисавдоинвест” ассоциацияси ва “Матлуботсавдо” компанияларининг жойлардаги шаҳобчалари орқали экспорт қилишлари мумкин. “Матлуботсавдо” компаниясининг ўз исмини билдиришни истамаган ходими билан бу қарор ҳақида батафсил суҳбатлашдик.

Озодлик: Янги қарор чиқибди. Унга кўра¸ жисмоний шахслар ўз маҳсулотларини мустақил равишда экспорт қила олмас экан. Фақат сизлар орқали ëки "Ўзулгуржисавдоинвест" орқали экспорт қилишар экан. Шунинг механизми қандай бўлади? Сизларга мурожаат қилишадими ëки сизлар ўзларингиз бориб гаплашасизларми?

- "Савдоинвест"га бориб¸ ҳамкорлик шартномасини тузиш керак.

Озодлик: Ким билан?

- "Ўзулгуржисавдоинвест" билан.

Озодлик: Ўша одам бориб тузиши керак-а?

- Ҳа¸ ўша жисмоний шахс бориб тузиши керак. Мисол учун, у одамга экспорт қилишга рухсат йўқ. Фақатгина фирмалар қилиши мумкин. Шахсга мумкин эмас. Чунки у ерда перечеслениеда ишланадиган. Жисмоний шахсларнинг кўпи нақдга ишлайди. Шунинг учун шунақа. Жисмоний шахснинг валютний счëтлари йўқ. У қанақа қилиб қилади? Шунинг учун боради¸ экспорт қилаëтган корхона билан шартнома қилади. Ўша корхонага ўзининг молини сотади. У ëқда импорт қиладиган томон билан учраштириб¸ ўртада шартнома қилади. Кейин ўзининг молини чиқартиради.

Озодлик: Маҳсулотнинг нархи ўзаро келишиладими ëки нархни "Ўзулгуржисавдоинвест" қўядими?

- Ҳозир нарх Вазирлар Маҳкамасидан чиқаяпти. Минималний нархларни Вазирлар Маҳкамаси қўйиб бераяпти.

Озодлик: Ҳар бир маҳсулот нархини Вазирлар Маҳкамаси қўйиб беради¸ шундайми?

- Ҳа. Бир ойга ëки 15 кунга тасдиқланган нарх бор. Ўша нарх билан чиқаради.

Озодлик: Сизнинг фикрингизча бу деҳқонларга қулай бўлдими ëки аксинчами?

- Билмадим энди. Бир нарса дея олмайман. Биз деҳқон бўлмасак. Бу ички бозор билан ташқи бозорни контролда ушлаш учун қилинган нарса. Олдингидай рухсат бериб қўйса¸ ҳамма хоҳлаган нархда қилса¸ унда валюта тушуми назорат қилинмайди. Ҳаммаси қора бозорда айланадиган бўлиб қолади. Вазирлар Маҳкамаси лимитни ушлаб туради. Экспорт ошиб кетмаслиги учун¸ ички бозорда нарх қимматлаб кетмаслиги учун ушлаб турилади¸ дейди ўз исмини билдиришни истамаган Матлубот савдо ходими.

Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманида фермерлик қилаётган Ўрол Қувватовнинг айтишича, деҳқоннинг ҳеч қачон четга маҳсулот олиб чиқишга вақти ҳам йўқ, имкони ҳам йўқ. Шунинг учун агар яхши нархларда республиканинг ўзида харид қилиб олса¸ яхши бўларди.

- Деҳқоннинг ҳаммаси ҳам чет давлатга бориб сотиб кела олмайдику. 100 нафардан бир нафари қилади. Қолганининг қўли ҳам тегмайди. Деҳқондан олиб сотиб келишаверади. Деҳқон савдо билан шуғулланмайдиган бўлса¸ маҳсулотни олиб чиқади¸ кимга бўлса сотиб келади¸ дейди Ўрол Қувватов.

Бироқ ҳамма гап ана шу харид нархига бориб қадалаяпти. Ҳукумат ташкилотлари деҳқоннинг манфаатини қондира оладими ёки йўқ? Деҳқон олиб сотарга бергани маъқулми маҳсулотини ёки тайёрлов идорасига?

Сурхондарёлик фермер Мажид Абдурайимовнинг айтишича, ўзи шундоқ ҳам деҳқон бугун оғир кунларни бошдан кечирмоқда¸ фермерликдан косаси оқармаяпти. Давлатга етиштириб берадиган пахтасидан бой бўлмаяпти, аксинча кўп ҳолатларда қарздор бўлиб қолмоқда. Мажид Абдурайимов ҳам қарздор бўлиб қолган. Ана шу қарзларини узиш ва келгуси йил ҳосилига тайёргарлик кўриш учун ўзи етиштирган мазҳарни ëғ заводига сотиши керак, бироқ унга тўланадиган нарх бозордан икки баравар паст.

- Ҳамма гап ҳозир шу ерда. Тугун шу ерда. Мен мазҳарни қимматроқ нархда сотсам¸ қарзлардан узиламан ва ерни шудгор қилишга тўрт-беш сўм топаман¸ деб умид қилиб ўтирган эдим. Фермер шундай бўладида ўзи. Улар ҳозир мендан жуда арзон нархда сўраяпти. 500-550 дан сўраяпти. Бунинг бозордаги нархи 1000 сўм. Энг пасти 900. Давлатнинг бир корхонаси сўраяптида энди. 500-550 дан сўраяпти. Мен бермайманда. Вазирлар Маҳкамаси қарор чиқарадими¸ чиқармайдими¸ мен нима энди "Вазирлар Маҳкамаси қарор чиқарипти. Нархини шунча белгилапти" деса¸ нима ўзимнинг меҳнатимни сувга оқизаманми¸ дейди Мажид Абдурайимов.

Унинг сўзларига кўра, агар илгари деҳқон меҳнати фойдасини хусусий тадбиркорлар, олиб сотарлар кўраётган бўлса, энди уни давлат тайёрлов идоралари сўра бошлайди.

- Майли нарх белгилапти¸ нарх бичипти. Кооперативлар олиш керак¸ уларни реализация қилиш керак¸ бозорни тўлдириш керак¸ лекни фойдасини ким кўради? Шу кооператив кўради. Сув текин оладида¸ қимматига уради. Шу билан денг мен яна бармоғимни тишлаб қолавераман. Ҳеч ким контрол қилмайди¸ контрол йўқ. назорат умуман олиб ташланган. Роҳатини биров кўриб кетади. Бу ботқоққа ботириш. Меҳнат қиласанда¸ роҳатини кўрмай қарзга ботиб тураверасан каллангни хам қилиб. Кейин қарздорларнинг ишини покуратурага оширади¸ прокуратура судга оширади. Ана шундай бўлади. Шароит яратиш керак фермерга биродар. Бу ҳам кун кўрсин ахир. Бу бир. Иккинчидан¸ фермер ҳозир яланғоч қўл билан ишлаяпти. Фермер учун ҳеч қандай шароит йўқ¸ дейди Мажид Абдурайимов.

Унинг фикрича, ўзбек деҳқони собиқ советча шаклда ишлашга яна қайтаётган кўринади. Унинг ўз маҳсулотини истаган жойда ва ўзи истаган нархда сотиш имконияти йўқлиги, доим ҳукумат ва унинг ташкилотлари қўлида қарам бўлиб қолаётгани унинг таги тешик косаси ҳали бери оқармайдиган кўринади, дейди фермер Мажид Абдурайимов.
XS
SM
MD
LG