Линклар

logo-print

Улоқ Бразилия вакилларида кетди


Рио де Женейро 2016 йилги Ёзги Олимпия ўйинлари пойтахтига айланди.

Рио де Женейро 2016 йилги Ёзги Олимпия ўйинлари пойтахтига айланди.

Жанубий Америка қитъаси вакиллари илк бор олимпиадага мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Копенгагенда бўлиб ўтган овоз бериш натижаларига кўра, 2016 йилги Олимпиада ўйинлари Бразилиянинг Рио де Женейро шаҳрида бўлиб ўтади.

2016 йилги Ёзги Олимпия ўйинларини ўтказиш ҳуқуқи учун тўрт шаҳар - Чикаго, Токио, Мадрид ва Рио де Жанейро шаҳарлари курашди.

Дания пойтахти Копенгагенда бўлиб ўтган Халқаро Олимпия қўмитаси мажлисида ўз мамлакатини тамсил этиш учун даъвогар мамлакатларнинг лидерлари, хусусан, АҚШ президенти Барак Обама, Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва, Испания қироли Хуан Карлос ва мамлакат бош вазири Хосе Луис Родригес Сапатеро ҳамда Япония бош вазири Юкио Хатояма келгандилар.

Даставвал Олимпия ўйинлари ўтказиш учун юқорида саналган шаҳарлардан ташқари Боку, Прага ва Доха шаҳарлари ҳам даъвогарлик қилаётганди. Аммо бу уч шаҳар овоз бериш жараёнига етиб келгунча даъвогарлар рўйхатидан тушиб қолди.

2 октябр куни ўтган овоз бериш жараёнидан олдинроқ мутахассислар 2016 йилги Олимпия ўйинлари учун асосий даъвогарлар Чикаго ва Рио де Жанейро вакиллари бўлишини айтаётгандилар. Лекин уч босқичдан иборат овоз бериш жараёнида биринчи бўлиб Чикаго, кейин эса Токио шаҳарлари даврадан чиқиб кетди.

Асосий танлов Испания ва Бразилия ўртасида бўлиб ўтди. Пировардида Мадрид шаҳри 32 овоз, Рио де Женейро шаҳри эса 66 овоз олиб, 2016 йилги Ёзги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Рио де Женейронинг ғолиб бўлишини фавқулодда ҳодиса сифатида кўрмаётган мутахассислар айни пайтда Чикагонинг биринчи босқичдаёқ даврадан чиқиб кетиши ўзлари учун мутлақо кутилмаган ҳол бўлганини яширмаяптилар.

Овоз бериш натижалари аниқ бўлганидан кейин Рио де Женейрода минглаб одамлар ғалабани нишонлаш учун кўчаларга чиқиб, бир-бировларини табриклаб, хурсандчилик қилдилар.

Албатта Риодаги жиноятчилик билан боғлиқ вазият ҳамда шаҳар инфратузилмасининг юқори даражада эмаслиги айримларни чўчитмоқда. Аммо бразилияликлар мавжуд камчиликларни тузатиш учун ўз ихтиёрларида яна етти йил борлигини айтиб, скептикларни хотиржам қилишга уринмоқдалар.
XS
SM
MD
LG