Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:10

Ҳижоб мумкинмас, калиш мумкин


Тожикистон таълим вазирлиги муаллимлар ташқи кўриниши борасида янги тавсиянома қабул қилди. Айни пайтда тожикистонлик ўқитувчиларнинг вазирлик тавсияномаси юзасидан қарашлари бир хил эмас.

Тожикистон таълим вазирлигининг янги қарори бўйича бу мамлакат ўрта таълим мактаблари ва олийгоҳлари ўқитувчиларига 20 турдаги кийим тавсия этилган.

Тавсияномага кўра, Душанбе шаҳар муаллималари оқ кофта ва қора рангдаги юбкада мактабга қатнашлари шарт. Қишлоқ мактаблари муаллималари эса улардан фарқли равишда миллий кийим кийишлари мумкин. Аммо кийимлар гулсиз фақат қора ёки қизил матодан тикилган бўлиши керак. Айни пайтда ёши 50 дан ошган эркак ўқитувчиларга 3 сантиметрдан узун бўлмаган соқол қўйиш, миллий дўппи ва калишда мактабга қатнаш учун ижозат берилган.

Вазирлик матбуот хизмати бошлиғи Ноилшоҳ Нуралиевнинг билдиришича, янги қарор тасдиқланиб, 1 октябрдан эътиборан кучга кирган, янги қарор нусхаси республикадаги барча мактабларига юборилган.

Тожикистон таълим вазирлиги расмийси бу ўринда миллий зеҳният ва қишда қишлоқ шароити назарга олган ҳолда шундай хулосага келинганини таъкидлайди.

- Аввало бу ерда зеҳниятимиз эътиборга олинган. Чунки қишлоқ жойлардаги мактабларнинг аксариятида 50 ёшдан ошган ўқитувчлар соқол қўйган, дўппи кияди. Кейин қиш пайтида қишлоқ кўчаларига фақат калиш ярайди. Шу нуқтаи назардан биз тавсияномада ана шу жиҳатларни эътиборга олдик, дейди вазирлик расмийси.

Таълим вазирлигининг қарори 1 октябрдан эътиборан қонун кучига кирган эса-да, аммо биз бош суққан Душанбе шаҳридаги тўртта мактабнинг бирортасида янги тавсиянома бўйича кийинган ўқитувчи учрамади.

Душанбе шаҳридаги 8-ўрта мактаб таълим мудири Давлатов вазирлик қарори ҳали ўзларига етиб келмаганини ва унинг мазмунидан ҳам хабарсизлигини билдирди.

- Биз бу борада оғзаки эшитдик. Менинг иш столим устида бундай қарор йўқки, мен ўқитувчиларимдан: “Нега вазирлик таъқиқлаган кийимда мактабга келдинг, нега соқолинг уч сантиметрдан узун?” деб сўрасам. Ҳозир ҳамма ўз ҳуқуқини яхши билади ва мен ҳам ёзма топшириқ олмагунимча, ўқитувчиларда униформада мактабга келишларини талаб қила олмайман, дейди таълим мудири.

Душанбе шаҳридаги 9-ўрта таълим мактаб математика ўқитувчиси Санобар Эргашева таълим вазирлигининг янги қарори ортидан мактаблар ўқитувчисиз қолиши мумкинлигини билдиради.

- Бизнинг мактабимизда ҳар хил ўқитувчилар бор. Кўпчилик фақат миллий кийимда келишади. Агар европа усулидаги кийим мажбурий қилиб қўйилса, улар ишга чиқа олмаслигини айтишмоқда. Чунки уларнинг турмуш ўртоқлари хотинларининг бундай кийимда юришини исташмайди. Натижада оилада жанжал чиқиб ўқитувчининг ишни ташлашига олиб келиши мумкин, дейди Санобар Эргашева.

Аммо суҳбатдошимиз фикрича, бир томондан ўқитувчиларнинг ягона формага ўтишлари кўп жиҳатлари билан яхши.

- Баъзида муаллималар миллий кийимнинг қимматроғини кийишда бир-бири билан мусобақа қилади. Униси: “Мен чиройли кийинаман”, буниси: “Мен ундан зўр кийинаман”, дейди. Миллий кийимлар ҳам қиммат, ҳай, энди етмаса ҳам кийинишга ҳаракат қилади. Таълим сифати эса иккинчи даражали бўлиб қолаяпти, дейди 9-ўрта мактаб ўқитувчиси.

Душанбе шаҳридаги 10-ўрта мактабининг ўз номини айтмаган ўқитувчиларидан бири тўрт йилдирки, таълим вазирлиги ўз соҳасида инқилоб қилишга уринаяпти, аммо қош қўяман деб кўз чиқараяпти, дея мулоҳаза билдиради.

- Ҳозир кўпгина мактабларда тасодифий ўқитувчилар кўпайган. Болага таълим-тарбия бераман, билим ўргатаман, дейдиган ўқитувчи кам. Вазирлик бўлса, мактабларда муаллимларни имтиҳон қилиб, сарагини-саракка, пучагини-пучакка чиқариб, таълим соҳасини бундай тасодифий кишилардан тозалаб, болаларнинг яхши билим олишлари учун шароит қилиб бериш ўрнига, ўқитувчиларга “соқол қўй, калиш кий”, деб буюраяпти. Бу нима деган гап? Бу кетишда келгуси ўн йилда ҳолимиз нима бўлади? дейди ўз исмини айтмаган ўқитувчи.

Аснода тожиклар зеҳниятини эътиборга олиб, ўқитувчиларга соқол қўйишга рухсат берган вазирлик расмийлари аёл ўқитувчиларга миллий кийим ёки ҳижобда мактабга қатнамасликни тавсия қилади.

Икки йил аввал таълим вазирлиги қарори билан тожикистонлик ўқувчи қизларга ҳам ҳижобда мактаб ва олийгоҳларга қатнаш таъқиқлаб қўйилган эди. Айни қарор асосида ўтган вақт мобайнида бир неча толиба олий ўқув юртларидан ҳайдалгани ҳам қайд этилган.
XS
SM
MD
LG