Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:39

Деҳқонлар айланма йўлларни қидирмоқдалар


Дурустроқ даромад илинжида мева-сабзавотларни Ўшга олиб келаётган ўзбекистонлик деҳқонлар ўз маҳсулотларини расмий чегара пунктлари атрофидаги айланма йўллардан ўғринча олиб ўтишга мажбур бўлмоқдалар.

36 ёшдаги Нафиса опа Андижон вилоятининг чекка қишлоқларидан бирида истиқомат қилади. Сўнгги 10 йил ичида у ўзи етиштирган маҳсулотларини Ўш бозорларида сотиш билан шуғулланади.

- Бизга ўзимиз етиштирган маҳсулотларни Қирғизистонда сотганимиз фойдали. Негаки ўзимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кўп. Шу бозорга келаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг барчаси Ўзбекистондан келади. Биз ҳам мавсумга қараб бошлаймиз. Қишда кўкатлардан бошлаб, ҳозир қовун мавсумига келдик, дейди Нафиса опа.

Унинг айтишича, ўзи етиштирган маҳсулотларини қирғиз-ўзбек чегараси атрофидаги айланма йўллардан олиб ўтади. “Нега ўзингиз етиштирган маҳсулотни расмий чегара пунктидан олиб ўтмайсиз?” деб сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- Таможнийда “қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олиб ўтманглар, ўзингларнинг бозорларингда сотинглар” деб рухсат бермайди, дейди Нафиса опа.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, чегарачилар Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотларни нима учун чегарадан ўтказмаётганлари юзасидан бирор-бир изоҳ бермайдилар.

Бунда ўзбек чегарачилари қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг икки ой аввал қабул қилган қарори асосида чегарадан ўтказмаётганини тахмин қилиш мумкин, холос.

Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан жисмоний шахслар шуғулланишига чек қўйилган. Деҳқонлар ўз маҳсулотларини “Ўзулгуржисавдоинвест” ассоциацияси ва “Матлуботсавдо” компанияларининг жойлардаги шаҳобчалари орқали экспорт қилишлари мумкин.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг бу қарори икки ой аввал қабул қилинган эса-да¸ у яқин кунларда ошкор қилинди.

Айтиб ўтиш жоизки, Қирғизистон жанубида истиқомат қилувчи кўплаб қирғизистонликлар ҳам қўшни Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олиб келиб, Қирғизистон бозорларида сотиш билан тирикчилик қиладилар. Улар ҳам маҳсулотларни чегарадан норасмий тарзда олиб ўтадилар.

Ўзбекистондан мева-сабзавот олиб келувчи ўшликлардан бири билан айланма йўллардан ўтиш “тартиби” тўғрисида суҳбатлашамиз:

- Маҳсулотлар айланма йўллар орқали пул билан олиб ўтилади. Масалан, ўша ердаги солдатларга икки минг ўзбек сўми берилади ва солдат ўтказиб юборади. У ерда мардикорлик қилувчи одамлар бор, ўшаларга ҳам пул берасиз - ташиб беришади, дейди суҳбатдошимиз.

Ўшлик Мунира опа ҳам 15 йилдан буён Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олиб келиб, Ўш бозорида сотади. У йўлдаги турли харажатлар маҳсулотнинг тан нархи ортишига сабаб бўлаётганини айтади:

- Нима учун маҳсулотлар қиммат? Негаки буларни бозорга олиб келгунча, ўзбек солдатига пул берамиз, мардикорларга пул берамиз, қирғиз солдатига пул берамиз, ҳайдовчиларга берамиз, улардан ортиб қолса, бизга қолади, ортмаса - йўқ. Чегарачилар озроқ пул олса, мевалар хам арзон бўлади. Ўзимизнинг деҳқонлар бизга бундай маҳсулотларни етказиб бера олмайди. Масалан, Ўшда етиштирилган помидор яқинда тугайди. Кейин Андижондан кела бошлайди, Наманган иссиқхоналарида етиштирилгани келади, Тошкентдан келади, дейди ўшлик савдогар Мунира опа.

Ўзбекистонлик Нафиса опа яхшироқ даромад олиш мақсадида ўз маҳсулотларни Ўшда сотмоқчи бўлган ўзбекистонлик деҳқонлар ўз маҳсулотини айланма йўллардан олиб ўтишда таваккалига иш қилишларини айтади.

- Ушланиб қолсак, банкрот бўламиз. Топган пулимизни олиб кириб кетиши мумкин. Йиғлаб-йиғлаб қолаверамиз. Нима ҳам қила олардик - иложи йўқ, дейди Нафиса опа.

Ўзбекистондан Қирғизистонга қишлоқ хўжалик маҳсулотини олиб келиб, Қирғизистон бозорларида сотаётган ўзбек деҳқонлари ва маҳаллий савдогарлар икки давлат раҳбарияти учрашиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг чегаралардан эркин олиб ўтилиши тўғрисида шартнома имзолашлари керак, деган фикрдалар. Уларга кўра, бундан ҳар иккала давлат фуқароларига фойда бўлади. Негаки, ўзбек деҳқонлари етиштирган маҳсулотини Қирғизистонга олиб ўтиб сотишдан кўпроқ даромад олса, қирғизистонликлар бу маҳсулотларни анча арзон нархда харид қилиш имконига эга бўладилар.
XS
SM
MD
LG