Линклар

logo-print

Ўзбекистонда яна бир ҳуқуқ фаоли қамалди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, Фарҳод Мухторов алянс ўтказган пикет ва намойишларнинг фаол иштирокчиси бўлган.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, Фарҳод Мухторов алянс ўтказган пикет ва намойишларнинг фаол иштирокчиси бўлган.

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси фаоли Фарҳод Мухторовни товламачиликда айблаб, уни 5 йилга озодликдан маҳрум этди.

Озодлик мухбирлари мазкур судда қатнашган алянс фаоллари билан боғланди.

- Биласизми, Шоира Содиқбекова деган аёл уни товламачиликда айблади. Гўёки Фарҳод Мухторов кимгадир пора бериш учун ундан 5 миллион сўм пул олган экан. Буни тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат йўқ, на қоғоз, на бирор гувоҳ. Бундан ташқари, яна икки киши - Маъсуда Каримова ва Анвар Эшоновлар ҳам қайси бир вақтларда Фарҳод Мухторовга пул берганларини айтишди. Бироқ кейинчалик улар ўз кўрсатмаларидан воз кечиб, бу кўрсатмалар ички ишлар ходимларининг тазйиқи остида олинганини тан олдилар, дейди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси фаоли Татяна Давлатова Озодлик билан суҳбатда.

Фарҳод Мухторовнинг хотини Сурайё Мухторова ҳам унинг эрига қўйилаётган айблар асоссиз эканлигини айтади:

- Бу ҳақиқий туҳмат. Ҳеч қандай асоси йўқ. Даъвогар Шоира Содиқбекованинг ҳатто биринчи ёзган аризаси кейинги кўрсатмалари билан икки хил чиқяпти. Икки адвокат буни айтса ҳам қабул қилишмади. Биз томондан олиб келинган гувоҳларни ҳам эшитишмади, дейди Сурайё Мухторова.

У маҳкама пайтида эрининг бу “ўйин”дан таажжубга тушиб, айтган гапларини келтиради:

- Уч-тўртта модда қўйиб ташлашган. Фарҳод акам роса ялиндилар. “168-модда товламачилик деяпсизлар, агар мен уни алдаб пулини олган бўлсам, 211-моддани олиб ташланглар - пора берганликни. Агар буни қўйсанглар, у ҳам айбдор бўлиши керак, мени ёнимда ўтириш керак эди”, дедилар. Кейин “28-моддани групповой деб қўйибсизлар, агар групповой бўлса, нега мен бир ўзим жавоб беряпман, қани бошқалар?” дедилар. Лекин суд бу норозиликларга қулоқ солмади, дейди Сурайё Мухторова.

Ҳуқуқ фаоли Татяна Давлатова ҳам суд ишни бир томонлама кўриб чиққанини айтади:

- Маҳкама жараёнида судя Боқиева Фарҳод Мухторовни умуман гапиргани қўймади. “Сўз беринг” деса, судя унга бақириб берарди. Судя айбланувчи томон тақдим этган гувоҳларни эшитишни рад этди. Иш жараёнига ёрдам бериши мумкин бўлган муҳим дискларни ҳам эшитишни хоҳламади. Хуллас, айбланувчи адвокатлари ва жамоатчи ҳуқуқ ҳимоячилари киритган тавсияларнинг бари рад этилди. Мен маҳкамада бу адолатсизликлардан чидолмай судяга: “Ахир бу нима деган гап, гапиргани қуймасангиз, гувоҳларни рад этсангиз, тавсияларимизни рад қилсангиз... Ундан кўра уни шу панжара ичида отиб қўя қолинглар, нима кераги бор бу томошани? Ахир биз қўй эмасмиз-ку, биз одаммиз-ку”, деб айтдим. Биз бу ишлардан шок ҳолатига тушиб қолдик, дейди Татяна Давлатова.

Фарҳод Мухторовга нисбатан чиқарилган ҳукм юзасидан шарҳ олиш мақсадида Юнусобод туман суди судяси Боқиева хоним билан боғланишга уринишларимиз самара бермади.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, Фарҳод Мухторовнинг беш йилга озодликдан маҳрум этилиши Ўзбекистондаги мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан олиб борилаётган қатағон сиёсатнинг давомидир:

- Бу навбатдаги уйдирилган жиноий иш. Фарҳод қамоққа олингани кунидан 15 кундан сўнг инсон ҳуқуқлари бўйича хорижда ўтказиладиган бир семинарга учиб кетиши керак эди. Лекин учишидан олдин уни тўсатдан қамоққа олишди. Фарҳод алянсимизнинг энг фаол аъзоларидан бири эди. У доим судларда оддий инсонларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланар, алянс ўтказадиган пикетларда, норозилик намойишларида доим қатнашиб келарди. Бундай фаол одамлар ҳукуматнинг томоғига тиқилган суяк каби унга ёқмай туради. Шунинг учун ҳам уйдирма айбловлар билан уларни қамоққа ташлашади, дейди Елена Урлаева.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси фаоли Фарҳод Мухторов жорий йилнинг 17 июл куни ҳибсга олинганди. Унинг устидан маҳкама жараёни эса шу йилнинг 7 сентябр куни бошланган.

Фарҳод Мухторовнинг адвокатлари Юнусобод туман суди томонидан 2 октябр куни чиқарилган ҳукм юзасидан яқин кунларда юқори инстанция судига апелляция тартибида шикоят аризаси йўлламоқчи бўлиб турибдилар.

Кузатувчиларнинг айтишларича, агар 90-йилларда ҳуқуқ ҳимоячилари ёки ҳукуматга ёқмай қолган одамлар ўқ-дори ёки наркотик сақлаш каби ибтидоий айблов билан айбланиб, қамоққа ташланган бўлса, бугунги кунда уларни товламачиликда айблаш расм бўлиб қолди. Узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган ҳуқуқ ҳимоячилари Норбой Холжигитов, Аъзам Турғунов, Аъзам Фармонов ва журналист Дилмурод Саййидлар ҳам айнан товламачилик билан айбланган эдилар.
XS
SM
MD
LG