Линклар

Покистон толибларининг янги етакчиси Ҳакимуллоҳ Маъсуд таҳдидидан кўп ўтмай Исломободдаги БМТ идорасида бомба портлатилди ва беш одам ҳаëтига зомин бўлди.

5 октябр куни БМТ қошидаги Жаҳон озиқ-овқат дастури биноси олдида худкуш кимса ўзини портлатиб юборди. Покистон расмийлари портлаш оқибатида жароҳатланганларга ëрдам кўрсатаëтган айни маҳалда воқеага оид янги тафсилотлар очиқланмоқда.

Полиция хабарига кўра¸ душанба тонгда 20 ëшлар чамасидаги йигит ўзини хавфсизлик офицери деб таништирган ва идоранинг қаттиқ қўриқланадиган фойесига киришга муваффақ бўлган.

Бу воқеа дарҳол¸ БМТ идораларидаги хавфсизлик вазиятига доир кўплаб саволларга сабаб бўлди. Айтилишича¸ Исломободдаги БМТ биносига киришдан аввал ҳар бир шахс махсус хавфсизлик будкаларида қурол-яроғ ва портловчи моддалар бор-йўқлигини аниқловчи текширувдан ўтказилади ва шундан сўнггина БМТ идораси киришига ўтказилади.

БМТ идорасида рўй берган мазкур ҳужум очлик таҳдиди остида қолган юз минглаб покистонликларга егулик етказиш билан шуғулланиб келган Жаҳон озиқ-овқат дастури фаолияти тўхтатилишига сабаб бўлди. Сват водийсида жанггарилар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида юзага чиққан кескин тўқнашувлар муносабати билан бошпанасиз қолган покистонликларга гуманитар ëрдам кўрсатиш билан айнан мазкур дастурнинг 70 дан ошиқ хизматчиси шуғулланаëтган эди.

Айтилишича¸ портлаш чоғида Британия Мудофаа ва Ички ишлар вазирлари Исломободда бўлган аммо бу ҳужумдан уларга талофат етмагани айтилмоқда.

Покистондаги Тиббиëт фанлари институти матбуот котиби Васим Хўжанинг айтишича¸ портлаш оқибатида ўлганларнинг бири ироқлик ходим¸ иккитаси эса¸ покистонлик аëл хизматчилардир.

- Оғир яраланган тўрт одам институтимизга олиб келинди. Келтирилган ичида иккита ўлик ҳам бор¸ деди Восим Хўжа.

Ҳозирча БМТ идорасига қилинган бу ҳужум учун бирор гуруҳ маъсулиятни зиммасига олмади. Аммо яқинда Сват водийсидан макон топган Покистон толибларининг янги етакчиси Ҳикматуллоҳ Маъсуд Покистон ҳукумати ва АҚШга қарши янги ҳужумлар тўлқинидан огоҳлантиргани боис¸ аксарият ҳужум ортида айнан толиблар турганини тахмин қилмоқда.

Якшанба куни қабилалар назоратидаги ҳудудларда мухбирлар билан учрашган Маъсуд¸ толиблар Покистондаги ўз аввалги етакчилари Байтуллоҳ Маъсуднинг АҚШ ракета ҳужумлари чоғида ўлдирилгани учун қасос олажакларидан писанда қилди.

Покистондаги “Dawn“ газетаси¸ Байтуллоҳ Маъсуд учун қасос жараëнида жанггариларнинг кенг кўламли худкушлик ҳужумлари режалаëтганини хабар қилди.

Покистон толибларининг аввалги етакчиси Байтуллоҳ Маъсуд мамлакатдаги энг йирик террорчи ҳисобланиб¸ унинг боши учун 5 миллион доллар мукофот пули ваъда қилинган эди. Покистондаги йирик террор ҳужумлари¸ хусусан собиқ Бош вазир Беназир Бҳуттонинг ўлдирилиши ортида айнан Маъсуд тургани айтилади.

БМТ идораси олдида мухбирлар учун брифинг ўтказган Покистон Ички ишлар вазири Раҳмон Малик¸ душанба кунги ҳужумни ҳукумат қўшинларининг давомли ҳужумларидан силласи қуриган толибларнинг сўнгги талвасаси дея таърифлади.

- Биз Сват водийси¸ шимолий ва жанубий Вазиристонда толибларга қарши ўтказган амалиëтлар уларнинг белини чиқарди. Ҳозир улар ярадор илонга ўхшайди. Бундан беш кун аввал улар йиғин ўтказишди ва Покистон ҳукумати ва халқига босим ўтказиш мақсадида махсус одамларни нишонга олишга қарор қилишди¸ деди Покистон вазири.

- Мен террорчиларга бутун миллат бирдам экани ва бутун миллат бирликда: “Йўқолсин толибон¸ йўқолсин зулмкорлар¸ йўқолсин террорчилар¸ йўқолсин экстремистлар!“деяëтганини очиқ айтиб қўймоқчиман¸ дея қўшиб ўтди Раҳмон Малик.
XS
SM
MD
LG