Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:40

Рақамсиз бюджет


Рақамсиз тақдим этилган янги бюджет лойиҳасининг ҳеч бир эътирозсиз¸ Ўзбекистон парламенти тасдиғини олиши кутилмоқда.
Рақамсиз тақдим этилган янги бюджет лойиҳасининг ҳеч бир эътирозсиз¸ Ўзбекистон парламенти тасдиғини олиши кутилмоқда.

Ўзбекистонлик ҳам юридик¸ ҳам жисмоний шахслар 2010 йилда бироз енгил нафас олиши мумкин. ЎзА ахборот агентлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2 октбяр кунги мажлиси тўғрисида берган хабар мазмунидан ана шундай ишонч пайдо бўлади.

Хўш, ўзбекистонлик юридик ва жисмоний шахсларнинг нафаси 2010 йили нима учун енгиллашади?

ЎзАнинг тилини одми тилга ўгирсак, боиси будир:

а) фойда солиғи ставкаси пасайтирилади;
б) микрофирмалар учун ягона солиқ тўлови ставкалари бирхиллаштирилади ва пасайтирилади;
в) жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ставкаси пасайтирилади.

Бирхиллаштириш ва пасайтириш бошқа параметрларга ҳам тегишли.

Бирхиллаштириш ва пасайтириш - умумий тенденция.

Ўзбекистоннинг 2010 йилги солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси муаллифи – ҳукумат айтадиганини ЎзА орқали айтиб бўлди.

Фақат энди айтилганларни тушуниш қолди.

Тушунтириб беришини иқтисодиёт бўйича 20 дан зиёд илмий асар таржимаси муаллифи, ўрта-махсус ўқув юртларида иқтисодиёт ва бошқарув фанидан узоқ йиллар дарс берган ўқитувчи Маъруфжон Абдураҳмонов ва иқтисодиёт фанлари номзоди Расулжон Абдумажидовлардан сўрадик.

Озодлик: Хўжалик юритувчи субъектларга солиқ юкини янада камайтириш мақсадида фойда солиғининг асосий ставкасини пасайтириш назарда тутилаяпти экан. Буни қандай тушуниш керак?

Маъруфжон Абдураҳмонов: Мисол учун¸ айтайлик иш бажаради-а? 100 миллион сўмлик иш бажарди. 100 миллион сўмлик иш бажаргани учун олдин 13 процент олинарди. Энди 100 миллионлик иш бажардию¸ олган даромадини ҳисоблаганда қарз бўлиб чиқди ташкилот ëки корхона-ташкилот. Ундан фойда солиғи ундирилмайди. Ëки бўлмаса бухгалтер ҳар қанақа йўллар билан айланиб-ўргилиб¸ фойдани кўрсатмайди. Унга сарфладик¸ бунга сарфладик¸ зарар чиқаришга ҳаракат қилади. Нима учун? Чунки фойда кўрсатилса¸ бизнинг ҳисобимизда фойда олганлиги учун катта солиқ тўлайди.

Озодлик: Демак¸ асосий ставкани пасайтирар экан фойдасини кўрсатсин¸ солиқдан узоқлашмасин..

- Ҳа¸ ҳа. Фойдасини кўрсатсин¸ яъни фойдасидан ундириб қолмасин деб. Бир вақтлар менинг ҳам хусусий фирмам бўлганда¸ бир фойда олдик, деб кўрсатган эканмизда. Бу фойдадан неча жойга тўлашга тўғри келдию¸ дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Демак, фойда солиғи ставкаси пасайтирилиши фойдани яширмаслик учун имкон яратиши мумкин.

Бироқ иқтисодиёт фанлари номзоди Расулжон Абдумажидов масалани кўндаланг қўйди.

- Фойда ололмаса¸ нимани солиқ тўлайди у? Хўжалик субъектлари жуда фойда олаëтгани йўқ. Масалан¸ фермерлар¸ кичик тадбиркорлар¸ бошқалар. Нимани тўлайди улар? Йўқ нарсанинг ставкасини тушириш билан унинг бир нима жойи йўқ. Бир нарса ўзгариб ҳам қолмайди. Фойданинг ўзи бўлмаса¸ уни пасайтирадими¸ йўқ қиладими барибир эмасми? Йўқ нарсада¸ дейди Расулжон Абдумажидов.

Ўзбекистоннинг 2010 йилги солиқ ва бюджет сиёсати концепциясида назарда тутилаётган яна бир чора микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкалари бирхиллаштирилиши ва пасайтирилиши режалаштирилаётганидир.

Бу хусусда Маъруфжон Абдураҳмонов мана бундай деди.

- Микрофирмалар энди бир-икки-уч кишилик микрофирмалар борда. 10 кишигача ишлайди. Уларнинг ҳаммасининг кўрсаткичларини бирлаштириб қўядиган бўлса¸ бу ҳам ташланган яхши қадам бўлибди. Биридан ундай¸ биридан бундай қилиб ундириб олиш яхши эмас эди¸ дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Мана бу эса, иқтисодиёт фанлари номзоди Расулжон Абдумажидовнинг фикри.

- Ҳар йили гапириладиган гап бу. Кичик тадбиркорлик билан ўрта тадбиркорликни ривожлантираман¸ дейди. Бошланиши учун¸ албатта¸ солиқ ставкаларини камайтириш керак. Ўзбекистон жуда камайтириб юбора олмайди. Сабаби борда. Штатлар ниҳоятда кўпайиб кетган. Боқиманда кўп. Шунинг учун ҳам қийналиб қолади бюджетлар¸ дейди Расулжон Абдумажидов.

Мўъжазгина бир лавҳада келаси йил учун солиқ ва бюджет сиёсати концепциясини Сизга “чайнаб” бермоқчи эмасмиз.

Боз устига концепция тўғрисидаги ЎзА хабари асосида бу ишни уддалаш иложсиздир. Чунки унда биронта ҳам рақам йўқ.

Айтганча, солиқларни бирхиллаштириш ва пасайтириш ҳақида, бюджет ҳақида сўз борадию нима учун биронта рақам йўқ?

- Рақамларнинг берилмаслигининг сабаби борда. Статистик маълумотлар ҳаммаси мужмал. Масалан¸ бирор нарса бажарилмай 90 бўлган бўлса¸ район уни 101 қилиб вилоятга беради. Шунинг учун оммавий ахборот воситалари рақамларни кўрсатмасликка ҳаракат қилади. Чунки бу ишкалда. Област унга беш процент қўшади ва 106 бўлди деб у ëққа бериб юборади¸ дейди Расулжон Абдумажидов.

Маъруфжон Абдураҳмоновнинг эса, бу хусусдаги фикри бошқача. Унинг айтишича, Вазирлар Маҳкамаси конкрет рақамларни атайлаб эълон қилмайди.

Бюджет лойиҳаси эртага Олий Мажлис муҳокамасига қўйилганда депутатлар талашиб-тортишсин, деган мақсадда эълон қилмаяпти, депутатларга баҳс-мунозара учун Вазирлар Маҳкамаси имкон яратиб бераяпти, деди.

Шунинг учун сўрадик.

Озодлик: Олий Мажлисда шунақа баҳс бўлади деб ўйлайсизми?

Маъруфжон Абдураҳмонов: (кулиб) Йўқ¸ қизиқмисиз. Ўзбекистонда бунақани мен умримда кўрмаганман.

Озодлик: Нимага бўлмаса имкон яратиб берди деяпсиз?

- Имконият яратиб бергани билан депутатлар¸ Олий Мажлис шуни қилса бўладими. Иккита латифа эсимга тушиб кетдию¸ ўтлаб кетмай деб қўрқаяпман¸ дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Маъруфжон ака ўша латифаларниям айтиб берди. Лекин биз уларни Сизга айтиб бермоқчи эмасмиз – депутатларга тегиб кетмасин.

Ҳа. айтганча, 2010 йили Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ставкаси ҳам пасайтирилади. Фақат қанчага?

Буни Вазирлар Маҳкамасининг "битта ўзи билади".
XS
SM
MD
LG