Линклар

logo-print

Ирландияликларнинг Лиссабон шартномасини ёқлаб овоз бергани 2004-2007 йилларда иттифоққа янги аъзолар қўшилганидан кейин блок ичида кўпдан бери кутилаётган ислоҳотларнинг татбиқ этилиши учун етарли бўлмаслиги мумкин.

Ирландияликлар Лиссабон шартномасини қабул қилгани аниқ бўлганидан кейин Европа Иттифоқи битта бўҳрондан қутулди-ю, янгиларига юз тутди.

Ирландия референдумидан кейинги эҳтирослар бироз совигач, Европа матбуоти “Ирландия ёқлаб овоз берган Лиссабон шартномаси таҳдид остида қолмоқда” қабилидаги мақолаларни эълон қила бошлади.

27 давлатдан иборат блок ичидаги жараёнларни тартибга солувчи ислоҳотларга йўл очиб берадиган шартномани Полша билан Чехия ҳали ратификация қилгани йўқ.

Полша президенти Лех Качинскийнинг бунга оид қарори яқин кунлар ичида қабул қилиниши кутилмоқда.

Лекин Чехия республикаси президенти Вацлав Клауснинг ҳужжатни қабул қилиши осон кечмаслиги айтилмоқда.

5 октябр куни Германияда чиқадиган “Die Welt” газетаси “Европага қарши бўлган бир кишилик қўрғон” деб атаган Клаус иттифоқ ичида “евроскептик” сиёсатчи ва Лиссабон шартномасининг ашаддий душмани сифатида танилган.

3 октябр куни Ирландия референдуми натижалари эълон қилингач, Клаус ўз мағлубиятини тан олгандай бўлди.

- Агар Ирландия референдумининг натижалари ўзгача бўлганида, учинчи, тўртинчи, бешинчи, 59-марта - ҳаммага керак бўлган ягона натижага эришилмагунча референдум ўтказишарди ва буни ҳаммамиз биламиз. Ўйлайманки, сиз ҳам мен каби бунинг нотўғри эканини сезиб турибсиз. Дунё ва Европада муаммолар бундай ҳал этилмаслиги лозим, деди Клаус.

Лиссабон шартномасига қарши кураш якун топаётганига ишора ўлароқ Чехия раҳбари ҳужжат остига ўз имзосини қўйишни пайсалга солмаслигини ваъда қилди.

Айни пайтда жаноб Клаус ўтган ойда 17 нафар сенатор келишувга қарши Чехия конституциявий судига топширган ариза бўйича ҳукм чиқарилмагунча ҳужжатни имзоламаслигини ҳам қўшимча қилди.

Европа Иттифоқининг жорий раиси Швеция бош вазири Фредерик Райнфелдт 3 октябр куни қилган чиқишида Лиссабон шартномаси жорий йил охиригача кучга кириши учун қўлидан келганча ҳаракат қилишини баён қилди.

- Биз бу жараённинг иложи борича тезроқ амалга ошиши учун фаол ҳаракат қиламиз. Европа Кенгаши саммитларида бу янги конституция, бу шартнома Швеция президентлиги даврида, яъни жорий йил охиргача кучга киришига умид қилаётганимизни айтганмиз. Бу биз эришмоқчи бўлган мақсаддир, деди Швеция ҳукумати раҳбари.

Райнфелдт ва Европа Комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозо чоршанба куни Брюсселда Чехия бош вазири Ян Фишер билан учрашади.

Айни пайтда “Лиссабон шартномаси туфайли очиладиган янги лавозимлар октябр ойида бўлиб ўтадиган саммитда ўз эгаларини топадими ё бу масала декабрдаги йиғингача қоладими?” деган масала долзарб бўлиб турибди.

Лиссабон шартномаси Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан иккита икки ярим йиллик муддатга сайланадиган президент лавозимини кўзда тутади.

Бу лавозимга ҳозирча Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэйр очиқ қизиқиш кўрсатган. Айтилишича, унинг номзодини Лондон ва Париж қўллаб-қувватламоқда. Берлиннинг ҳам унга мойил экани айтилмоқда.

Блэйрнинг Ироқдаги урушни қўллаб-қувватлагани унга қарши ўйнаётган омиллардан биридир. Лекин Баррозо ҳам 2003 йилда Ироқ истилосини қўллаб-қувватлаганди.

Бундан ташқари, Британиянинг евро пул бирлиги ва визасиз Шенген зоналаридан ташқарида қолаётгани Блэйр номзодига путур етказиши мумкин бўлган омиллардан бири, деб кўрилмоқда.

Тахминларга кўра, Блэйрга рақобат яратиши мумкин бўлган сиёсатчилар орасида Люксембург бош вазири Жан-Клод Жункер, Австриянинг собиқ канцлери Волфганг Шуссел ва Ҳолландия бош вазири Ян Питер Белкененделар ҳам бор.

Иттифоқ ичида “Янги президент Европа Иттифоқи мажлисларига раислик қилувчи номинал ваколатга эга шахс бўлиши лозимми ё унинг ваколатлари кенгроқ бўлиб, масалан, ташқи сиёсат масалаларини ҳал этиш ваколатига эга бўлиши керакми?” деган баҳслар ҳам бор.

Европанинг ёзилмаган қоидалари бўйича президент ҳам инглиз, ҳам француз тилларида бемалол сўзлаша олиши лозим.

Лиссабон шартномаси Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича комиссари ваколатларини ҳам сезиларли даражада оширади. Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт бу лавозимга даъвогарлик қилаётгани, лекин Франция ва Германия унинг номзодига қарши экани айтилади.

Нима бўлганда ҳам, янги лавозимларга лойиқ сиёсатчиларни танлаш жараёни ўта қийин кечиши аниқ. Чунки бунга оид қарорларни қабул қилишда иттифоқ аъзоларининг хусусиятлари, сиёсий мафкуралари ҳамда катта ва кичик аъзо давлатлар ўртасидаги мувозанатни топиш лозим бўлади.

Лиссабон шартномаси иттифоқнинг энергия, ижтмоий таъминот хизматлари, атроф-муҳит, космос ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги муштарак ваколатларини кенгайтиради.
Шунга қарамай, унинг сиёсий кучи чекланган бўлади, чунки иттифоқнинг 27 аъзосидан ҳар бири ташқи ва мудофаа сиёсати, бюджет масалалари ва тўғридан-тўғри солиқ солиш соҳаларини ўзи ҳал қилишда давом этади.

“Шартноманинг қабул қилиниши иттифоқ аъзолигига умидвор давлатлар учун хушхабар бўлиши мумкин”, демоқда кузатувчилар. Хусусан, Брюсселдаги Европа сиёсати бўйича тадқиқот маркази таҳлилчиси Мацей Качинскийга кўра, ҳужжат Болқон давлатларининг иттифоққа қўшилиш жараёнини тезлаштириши мумкин.

- Ирландия референдуми натижалари ва Лиссабон шартномасининг кучга кириши Ғарбий Болқон давлатларининг иттифоққа қабул қилиниши жараёнини тезлаштиришга туртки бўлади. Хусусан, 2011 йилда Исландия ва Хорватия блокка қўшилиши мумкин Болқон давлатларииннг қолганлари эса бир неча йил ичида иттифоққа қўшилади, дейди таҳлилчи Качинский.

Бироқ Туркиянинг аъзолиги масаласи муаммолигича қолиши айтилмоқда, чунки Франция ва Германия унинг тўлақонли аъзо бўлишига қаршилик қилишда давом этаяпти.
XS
SM
MD
LG