Линклар

Бўлмаган воқеанинг 10 йиллиги ёки...

  • Сарвар Усмон

Чех полициясининг беҳудага одамларни тўхтатиб¸ безовта қиладиган одати йўқ.

Чех полициясининг беҳудага одамларни тўхтатиб¸ безовта қиладиган одати йўқ.

Ҳа, шунақасиям – бўлмаган воқеанинг ҳам юбилейи бўларакан, ўйлаб қарасам. Роппа-роса 10 йил муқаддам, 1999нинг октябрида биринчи марта Прагага келгандим.

Мендан бир ҳафта олдин Носир Зокир етиб келган, уч ҳафта у билан бирга битта квартирада яшагандик.

Кейинроқ, 2000нинг ёзида уч ойга келдим.

2001нинг декабридан бери шу ердаман – Прагада.

10 йил бўпти "прагалик" бўлганимга. Лекин юбилей бу эмас.

Қайтиб кетишлар, отпуска-мотпускаларни чиқариб ташлаб, "хоккей вақти"ни ҳисобласам, камида 8 йил муттасил Прагада яшабман.

8 йил ичида Прагада бошяланг ҳам, телпак кийиб ҳам юрдим.

8 йил ичида Прагада кўчага шиппакдаям, этикдаям чиқдим.

8 йил ичида Прагада соқолли ҳам, соқолсиз ҳам юрдим.

8 йил ичида Прагада пивохонагаям, масжидгаям бордим.

8 йил ичида Прагада светофорни ҳурмат қилдим, лекин шошилганда қизил ёнсаям ўтиб кетавердим.

8 йил ичида кўчага бирон марта паспортли чиқмадим.

Паспорт – "мўътабар"матаҳ, айниқса чет элда.

Шунинг учун уни ҳар сафар шу қадар қаттиқ яшираманки, бир йилда бир керак бўлиб қолганда икки-уч кунлаб излайман: уйдагиларнинг дили хуфтон, емоқда маза йўқ, ичмоқда маза йўқ.

Чунки паспорт йўқ!

Охири топиладиям менинг менлигимни тасдиқловчи ҳужжат.

Ана кўринг байрамни, мана кўринг байрамни!

8 йил ичида Праганинг кўчасида мени биров тўхтатмади. Кимсан, нимасан, демади. Қаердан келдинг, демади.

8 йил ичида чех полицияси ходими мени тўхтатмади.

8 йил ичида чех полицияси мени тўхтатиб ҲУЖЖАТЛАРИНГИЗНИ КЎРИБ ҚЎЯЙЛИК, ДЕМАДИ.

Демадию...

10 йил олдин, Носир Зокир билан Праганинг қоқ марказидаги домларнинг биридаги квартирада яшаётганимизда бир куни кечқурун эшик тақиллаб қолди.

Ҳеч кимни кутмаётгандик.

Негадир Носир акани қаттиқ ваҳима босди.

- Ким бўлдийкин, Сарвар?

Носир аканинг саволи охирига етиб-етмаёқ эшикни очдим.

Худо мениям бўйдан қисмагану лекин эшик ортида турган икки полициячининг ҳайбатидан бир мен эмас, от ҳам ҳурккан бўларди.

Носир акадаги ваҳима бир зумда менгаям кўчди.

Формали икки чехнинг бостириб киришини кутдим.

Бостириб киришмади. Лекин бир нарсалар деяверишди, деяверишди, деяверишди.

Охири "чулчит"лигимни тушунди шекилли, имо-ишорага ўтди: юр дегандай қилди. Пастга юр.

Носир акага қарасам рангги оппоқ. Қорамалдоғимни тегизсам гурс этиб қулагудай.

-Юринг-чи, Носир ака, дедим. (Носир ака ўшанда юришга қандай куч топа олганига ҳануз ҳайронман)

Лифтда "ғувв" этиб пастга тушдик. Кўчага чиқдик.

Қамоғига машинада опкетармикан ё пиёда кетамизмикан, деб ўйлаб атрофга секин разм солдим.

Машина йўқ. Демак, пиёда кетамиз.

Туёқлари боғланиб, типирчилай-типирчилай пичоққа тайёр бўлиб индамай қолган қўйдай тақдирга тан бериб турганимда кўнгилда бирдан пайдо бўлган фавқулодда хотиржамликни яна ўша барзанги полициячилар бузди.

Қарасам ўз тилида яна бир нарсалар деяпти, эшикни – домнинг дарвозасини очиб-ёпаяпти, қулфлаяпти, кейин яна очаяпти. Терлаб-пишиб кетишди.

Охири "тушундингми", дегандай бўлганини тушундим.

"Андестанд" деган сўзни кавлаб топиб чиқдим миямнинг қайсидир пучмоғидан.

Полициячилар енгил торди.

"Ҳайрияте", дейишдиёв.

"Бай" дейишди кетаётиб. "Гудбай"ни қисқа айтдиёв деган фикр йилт этди мияда. "Бай" деб қўйдим мен ҳам қўрқа-писа.

Полициячилар кулди. Йўқ, мана бундай: ПОЛИЦИЯЧИЛАР КУЛДИ.

Одамга ўхшаб кулди.

Формалилар кетганидан кейин биттадан чекдик: нафасни ростладик.

Кейин дарвозанинг у ёғига қарадик, бу ёғига қарадик. Қулфлаб кўрдик. Очиб кўрдик.

Ва тушундик.

Формалиларнинг тушунарсиз тилда айтганларини ўзбекча шаклга солдик: "Ҳар сафар уйга кирар экансиз, дарвозани мана бундай қулфлаб юринг".

- Бор-йўғи шуми, Сарвар?!

- Бор-йўғи шуми, Носир ака?!

Квартирага қайтиб киргач, бир пиёла чой устида Носир акадан сўрадим:

- Нега бу қадар даҳшатга тушдингиз, Носир ака?

- Э, сўраманг, Сарвар...

Носир ака оғир тин олди.

- Тўғриси, Прагага ортимдан қандайдир бир хуфя эргашиб келгандай. Сиз келгунингизча кўчадаям аланглаб юрдим. Худди бир муюлишдан чиқадию пақ этиб пешонамдан отиб юборадигандай. Кечқурунлари квартирага бостириб кирсая, деб қўрқиб юрдим. Эшик тақиллашидан олдин ҳам ана ўша, сиз келиб йўқолиб қолган ваҳима, яна қаёқдандир пайдо бўлиб турганди.

- Э-э, восвос бўпқопсизу Носир ака, Наманганга қайтганингиздан кейин ўқитворинг ўзингизни бирон бир азайимхонга, дедим ярим ҳазил, ярим чин қилиб.

Шундан сўнг Носир ака 90-йиллар бошида қамоқда ўтирганини айтиб берди.

Ўшандан бери мелисадангина эмас, матросдан ҳам қўрқишини айтиб берди.

Чунки матроснинг ҳам фуражкаси бор. Айвонсиз бўлсаям фуражка фуражкада...

Ўша воқеагаям мана 10 йил бўпти.

Лекин сарлавҳа бу воқеаники эмас.

Қайси воқеаники эканлиги ёддан чиққан бўлса, яна бошидан ўқинг.

Хўш, нега ёздим ўқиганларингизни?

Гап шундаки, каминаям зада бўлган мелисанинг текшир-текширидан. Ўзбекистон мелисасининг текшир-текширидан.

Сиз ҳозир ўзингизга ўзингиз "Шу Сарвар Усмоннинг блогини доим ўқиб турай", деб қўйинг.

Дедингизми?

Э раҳмааат!

Кейинги, ундан кейинги, ундан кейингининг кейингисигаям етадиган саргузаштларим бор Ўзбекистон мелисаси билан боғлиқ.

Блоглашгунча!

2009нинг 5 октябри

Блогер справкаси:

Ёши 55га чиққан Носир Зокир Озодлик радиосининг Намангандаги собиқ мухбири.

1988 йил декабрида Бирлик халқ ҳаракатига қўшилган. Кейинчалик Ҳаракатнинг кўзга кўринган фаолларидан бирига айланган.

1996 йили, Озодлик билан ҳамкорлик қила бошлагач, Ҳаракатдаги фаолиятини расман тўхтатган.

1993 йилнинг 27 ноябрида гиёҳванд ва портловчи моддалар сақлаганликда гумон қилиниб қўлга олинган ва кейинроқ суд уни озодликдан маҳрум қилган.

Ўзбекистон президентининг 1994 йил, 1 ноябр кунги махсус фармони билан бир неча сиёсий маҳбус қатори авф этилган ва 4 ноябрь куни озодликка чиққан.

2005 йилнинг 26 августида Носир Зокир иккинчи марта қамалди. Бу сафар уни мансабдор шахсни (МХХ ходимини) иш жойида ҳақорат қилганликда айбладилар.

Жазони ўтаб, 2006 йил, 26 февралда озодликка чиқди.

Оилали, 5 ўғли, 4 келини, 5 набираси бор.

Шу кунда ишсиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG