Линклар

Бишкек даъватчиликни тартибга солмоқчи


Қирғиз расмийлари қарорига мувофиқ, эндиликда диний даъват билан шуғулланмоқчи бўлган кишилар ўз ота-онасидан, милициядан ҳамда имомлардан рухсат олишлари керак бўлади.

Қирғиз расмийлари қарорига мувофиқ, эндиликда диний даъват билан шуғулланмоқчи бўлган кишилар ўз ота-онасидан, милициядан ҳамда имомлардан рухсат олишлари керак бўлади.

Қирғизистонда “Диний даъват тартиби тўғрисида”ги қарор жорий йилнинг 10 феврал куни қабул қилинган бўлса-да, бу ҳақда 5 октябр куни расман маълум қилинди.

Бунга қирғиз матбуотида “Қирғизистон ҳукумати даъват ишларига тўсқинлик қилмоқда ва даъватчиларни босим остига олмоқда” мазмунида мақолалар чоп этилгани сабаб бўлди.

Бишкек расмийларига кўра, мазкур қарорни қабул қилиш орқали ҳукумат даъватни таъқиқлашни назарда тутмаган, аксинча даъват ишларини тартибга солмоқчи бўлган.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари агентлиги раҳбари Қанибек Ўсмоналиев қирғиз матбуотида расмийларнинг даъват ишларига тўсқинлик қилаётгани ва даъватчиларга босим кўрсатаётгани тўғрисида чоп этилган маълумотлар ҳақиқатдан йироқ эканини билдирди:

- Қирғиз ҳукумати даъват қилинишини таъқиқлашга ҳаракат қилаяпти, деган гаплар жуда кўпайиб кетди. Даъват ҳақида айтадиганим шуки, ҳукумат унга қарши эмас. Даъватчилар билан ҳукумат тузилмалари эмас, муфтият иш олиб боради.

Бироқ шу йилнинг 10 феврал куни даъват ишларини тартибга солиш мақсадида “Диний даъват тартиблари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган. Даъват ишлари мана шу қарорга зид келмаган тарзда олиб борилиши керак, деди Қанибек Ўсмоналиев.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари агентлиги раҳбари эслатиб ўтган қарорга мувофиқ, даъватчилар даъватга чиқишдан аввал милициядан турли диний оқимлар аъзоси эмасликлари тўғрисида ҳужжат олишлари шарт. Бу ҳужжатни бериш учун эса милиция даъватчилар шахсини ўрганиши лозим бўлади. Бундан ташқари, даъватчилар ўз ота-оналаридан ҳам даъватга чиқишлари учун ёзма рухсатномага эга бўлишлари зарур.

Даъватчилар 40 кунлик даъватга чиқишлари учун Қирғизистон мусулмонлари муфтиятидан рухсатнома олишлари даркор. 7 кунлик даъват учун вилоят қозисидан, 3 кунлик даъват учун шаҳар ва туман бош имомидан рухсат олиш шарт бўлади.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сейитовнинг айтишича, даъватчиларга бундай шартларнинг қўйилиши аҳолини турли диний-экстремистик деб аталувчи гуруҳлар таъсиридан сақлаш мақсадини кўзлаган.

- Даъватда юрган мусулмонлар орасида тузумга қарши тарғибот қилиш ёки турли таъқиқланган адабиётларни тарқатиш ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин. Бунинг олдини олиш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бундай ҳаракатларни амалга оширган шахслар қонун олдида жавоб беради, дейди Бақит Сейитов.

Айни пайтда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Адахан Мадумаров мамлакатдаги диний вазиятни “хавфли” деб ҳисоблайди. У Хавфсизлик кенгашининг 23 сентябр куни “Жамоати Таблиғ” оқимини таъқиқлаш тўғрисида Олий судга мурожаат қилиш масаласи кўрилган йиғилишида бу борада қаттиққўл сиёсат юритиш зарурлигини таъкидлаган эди.

- Қамчи етишмаяпти, қамчи! Яхши бир қамчи етишмаяпти! Мана шу масалани ўйлаб кўринглар. Қирғизистон мусулмонлари муфтияти бу масалада кўпроқ ўйлансин, деган эди Адахан Мадумаров.

Бироқ Қирғизистон мусулмонлари муфтиятидаги айрим уламолар ҳукумат томонидан бундай талаблар қўйилишини ноўрин, деб ҳисобламоқдалар.

- Қирғизистонда диний вазият хатарли, деган гапларга қўшилмайман. Бу ҳақда аниқ маълумот бўлмаганидан кейин, хатарли вазиятлар юзага келмаганидан кейин бу ҳақда гапириш ноўрин. Агар шундай вазият пайдо бўлганида эди, энг биринчи бўлиб биз бонг урар эдик, дейди Қирғизистон муфтийси ўринбосари Мамбетасан Ибраев.

Қирғиз расмийлари эса бошқа маълумотларни эълон қилмоқдалар. Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари эга бўлган маълумотларда айтилишича, мамлакатда биргина Ҳизбут-Таҳрирга аъзо бўлган 1500 одам рўйхатга олинган. Бу ташкилотнинг рўйхатга олинмаган аъзолари сони эса бундан-да кўпроқ.

Шунингдек, қирғиз расмийлари “Жамоати Таблиғ” оқими фаолиятидан ҳам ташвишга тушмоқдалар. Расмийларга кўра, бу ташкилот даъват қилиш баҳонасида мусулмонларни ҳақиқий исломий қадриятлардан узоқлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши бу оқимни қонундан ташқари деб эълон қилиш илтимоси билан Олий Судга мурожаат йўллаган.
XS
SM
MD
LG