Линклар

Эркин микрофон - Америкадаги ўзбек ҳикояси

  • Барно Анвар

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Бугунги қаҳрамонимиз Озодликка Америкадан сим қоққан 33 ёшли Абдуқаҳҳордир. 10 йилдан бери океан ортида яшаëтган бу йигит АҚШ да ўқиган, илм қилган; кун кечириш учун идиш ювиш, пол артиш каби қора ишларни ҳам бажарган.

Абдуқаҳҳор ҳозирги кунда ўзининг АҚШ Мудофаа вазирлигига хизмат кўрсатувчи хусусий ширкатлардан бирида жиддийгина ишда ишлаётганини айтади.

Озодликни мунтазам тинглаб борар экан. Ўз ҳаётий тажрибасидан чиқарган Ўзбекистон ва дунё давлатлари борасидаги хулосаларини ўртоқлашиш билан бирга у дастурларимизда кўтарилган баъзи мавзуларга муносабат билдиришни ҳам истади.


Бу пахтадан тикилган кўйлакни киймаган афзал

У “Ўзбек болаларининг пахта даласидаги азияти вақтинча, сабр қилсак, бу оғир кунлардан ўтамиз”, деган ўзбекистонликлардан бирига жавобан шундай деди.

- Мактаб болаларининг пахтада ишлаши ҳақида “Ҳозирча ишлатиб турибмиз. Балки яна уч йилдан¸ беш йилдан кейин ишлатмасмиз” деган нарса қулдорлик давлатларида бўлган бўлса бордир. Африка давлатларида бўлса бордир¸ яна билмадим. Лекин бошқа қайси давлат ўз фуқароларини мажбуран¸ фарқи йўқ у ëш болами¸ қариями¸ ўрта яшарми¸ хоҳлаган ишларига олиб чиқади?

Мен Шимолий Корея ҳақида ҳужжатли фильм кўрдим. Ана ўша ерда шу нарсаларни кўрсатган. Ҳалиги одамга айтмоқчи бўлганим¸ давлатнинг болаларни¸ қарияларни¸ умуман одамларни мажбуран олиб чиқишга ҳаққи йўқ. Унақа пахтанинг кўйлагини кийиб юргандан кўра¸ киймаганимиз яхши¸ дейди Абдуқаҳҳор.


Қуллик ҳар қандай инсон ғурурини синдиради

Ҳозир Америкада истиқомат қилаётган Абдуқаҳҳор, шунингдек, Остона шаҳрида қулликка тушиб қолган 43 ўзбек тақдирига қизиқар экан, уларнинг оғир аҳволини ўзи бошдан кечирган оғир кунларга қиёслади.

- Ўзини ҳурмат қилган одам бунақа нарсаларга чидамайдику. Наҳотки 43 нафар одам уч-тўрт одамга бас кела олмаса деган гаплар айтилипти. Буларни ҳам тушунаман. Тегиб кетади. Менинг ўзимга ҳам ўзбек сифатида тегиб кетди шу гап. Бизлар билан ишлайдиган психологлар бор. Ўшалар билан гаплашган эдим. Қулчиликда ўтирган одам умуман одамийликдан чиқиб кетар экан. Одамнинг ҳеч қанақа кучи қолмас экан. Минг кучли одам бўлса ҳам уни олиб келиб¸ қул қилиб қўйсангиз¸ у сизни ҳеч нарса қила олмайди.

Ўзим ҳам Америкада юрганимда¸ қулчиликнинг бир учига учраб қолганман. Бизларга ўхшаган келгинди одамнинг қўлида ишлаб қолдим. Пулимни бермади. “Агар яна мендан пул сўрайдиган бўлсанг¸ иммиграцияга бериб юбораман” деди. Алам қилди. Лекин нима ҳам қила олардим? Иммиграцияга бериб юбораман¸ деган куни қочиб кетишга мажбур бўлдим. Бу Америкада. Қозоғистонни қўяверинг. Буни айтса бўладими ëки йўқми¸ лекин вақти келганда мозорда бир ҳафтами¸ икки ҳафтами яшаган пайтимиз ҳам бўлди. Қўлимда билетим бор эди. Қайтиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Лекин ўйладим. Агарда қайтиб кетадиган бўлсам¸ ҳаëтга ютқазиб қўйган бўлардимда. Вақти келганида¸ ўзим танлаб бораман. Ҳаëт мажбурлагани учун эмас¸ дейди Абдуқаҳҳор.

“Қулликка тушиб қолган киши ўта заифдир, қуллик ҳар қандай кишининг ғурурини синдиради”, дейди ўзидан ўтган ва шу кунларда минглаб ўзбекистонликлар бошидан ўтаётган қисматдан хулоса қилаётган ўзбекистонлик Абдуқаҳҳор.

Ироқ ва Ўзбекистон чегарачилари ўхшаш экан

Абдуқаҳҳор, аввал айтганимиздек, ҳозир АҚШ Мудофаа вазирлигига хизмат кўрсатувчи ширкатлардан бирида ишламоқда.

Абдуқаҳҳор ҳар куни, ҳар қадамда учратган янгилик, воқеа-ҳодисани беихтиёр ўзи соғиниб яшайдиган Ўзбекистонга қиёслар экан. У яқиндагина хизмат вазифаси боис ўзи дуч келган ана шундай воқеалардан бирини сўзлаб берди.

- Яқинда мен Ироққа бориб келдим. Ўша ерда бир нарсага ҳайрон қолдим. Американинг¸ Европа давлатларининг ривожланганлигига¸ Ўрта Осиë ва Араб давлатларининг бир бирига ўхшашлигига қойил қолдим. Яхши маънода эмас. Базада ишлаб юрганимизда бир базасини ироқликларга бўлиб берадиган бўлди. Америка томонда нима қонун бўлса¸ худди шу қонунлари бор. Машинада юрадиган бўлсангиз ҳам берилган тезлигидан ўтиб кета олмайсиз. Тезлигидан ўтиб кетсангиз¸ бир ойнинг ичида бориб пулини тўлаб қўй¸ деб қўлингизга қоғоз беради. Энди базанинг Ироқ томонига ўтдик. Илк кўзим тушган нарсани Ўзбекистонникига ўхшатдим. Қонун постда турган бошлиққа қараб ўзгаради. Хўп¸ деса¸ хўп¸ йўқ¸ деса¸ йўқ. Бир жойдан ўтадиган бўлдик. КПП дейдими нима дейди. Ўша ерда турган майорми кимдир ўшани топиша олмаяпти. Мени чақирди. Борсам¸ худди ўзимизникига ўхшаган танча¸ бемалол ухлаб ëтишибди. Уларни уйғотишга ҳаракат қилишди. Улар шундоқ қаради-да¸ бўлди ўтавер¸ деди. Кўрдингизми¸ қонун бор¸ лекин уни ушлаб қолиш йўлга қўйилмаган¸ дейди Абдуқаҳҳор.

Хориждаги ёшларга тош отманг!

Ҳозир Америкада истиқомат қилаётган Абдуқаҳҳор ўзга юртга 10 йиллик меҳнатини сарфлаган. Бу давр мобайнида текинга ишлаб қуллик азобини, қабристонларда яшаб, хўрлик азобини тортган. Бунинг орасида эса илм қилган. Бугун яхшигина хусусий ширкатда ишламоқда.

“Ана шундай қийинчиликларни бошдан кечирган ва бугун қайсидир даражаларга эришган ўзбек ёшлари Америкада сероб, аммо, уларнинг ҳаммасини қалбида бир оғриқли нуқта бор”, дея ҳикоясини давом эттиради Абдуқаҳҳор.

Унга кўра, хориждаги аксарият иқтидорли ўзбек ёшларини “сизни улғайтирган юртдаги қийинчиликлардан қочиб кетдингиз”, дея тез-тез отиладиган таъна тошлари қийнайди.

- Яхши жойларда ишлаëтган¸ армияларда хизмат қилаëтган ўзбекларни биламан. Америкада Ph. D.(докторлик диссертацияси) ҳимоя қилаëтган ўзбекларни биламан. Одамни сиқадиган нарса шуки¸ шунча нарса қўлидан келадиган ëшларнинг чет элма чет эл юриши. Менга ҳам қўйиб берса¸ эртага Ўзбекистонга кетаман. Шу ерда қилаëтган ишларингни ўша ерда қиласан¸ деса¸ кетамиз. Ҳар биттаси Ўзбекистонни соғинади¸ ўша ерда ишлагиси келади. Докторантурани битирган одам Ўзбекистонга бориб¸ ҳар хил ишлар қилмайдику. Америкада ўқиганимга яраша пул олай дейди. Ўзбекистонда иқтисодий масалаларда қийналганлар келади бу ëққа. Қийинчилик яратган одамнинг сен менинг қийинчилигимдан қочиб кетдинг¸ дейишининг ўзи одамгарчиликка тўғри келадиган нарса эмас. Сизни қамаб қўйсамда¸ овқатингизни бермасдан урсам¸ сўксам. Сиз қочиб кетсангизда¸ мен сиздан хафа бўлсам. Бу энди кулгили нарса¸ дейди Абдуқаҳҳор.

Ҳозир АҚШ да яшаётган ўзбек ёшларидан бири — Абдуқаҳҳорнинг ҳикояларини эшитдингиз.

У “Эркин микрофон”нинг бугунги қаҳрамони эди.

***************************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

**********************************************

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG