Линклар

logo-print

Сиëсий маҳбусларга озодлик сўралди

  • Сарвар Усмон

Ëзувчи Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон қамоғида энг узоқ сақланаëтган сиëсий тутқунлардан биридир.

Ëзувчи Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон қамоғида энг узоқ сақланаëтган сиëсий тутқунлардан биридир.

"Ўз фаолияти учун жабр чекаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини озодликка чиқариш масаласи улар озод қилинмагунича Мулоқот кун тартибида сақлаб турилсин"¸ дея талаб қилди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Европа ҳукуматларидан.

Бу талаба¸ аслида "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" халқаро ассоциацияси куни кеча Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва Европа Иттифоқи эътиборига ҳавола этган қатор тавсиялардан биридир.

"Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" халқаро ассоциацияси ЕХҲТнинг шу кунларда Варшавада ўтаётган йиғилиши доирасида махсус маъруза билан чиқиш қилди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” халқаро ассоциацияси раҳбари Надежда Атаеванинг айтишича, шу кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида 10 нафар атрофида журналист ва адиб, 17 нафар ҳуқуқ ҳимоячиси сақланмоқда.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” халқаро ассоциациясининг “Ўзбекистон: холислик, адолат ва одил суд тақчиллиги шароитида ҳуқуқ ҳимоясининг ривожи тўғрисида”ги маърузаси ЕХҲТга аъзо демократик давлатлар, АҚШ Давлат департаменти вакиллари ва бошқалар ҳузурида ўқиб эшиттирилди, деб хабар қилди Надежда Атаева.

- Ўз маърузамизда биз Ўзбекистондаги вазиятга муносабатимизни, хусусан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида ижобий қадамлар ташламоқда, деган мантиққа зид хулосалар қилаётган ЕХҲТга нисбатан танқидий муносабатимизни билдирдик, деди Надежда Атаева.

Шу ўринда эслатиб ўтмоқчимизки, ЕХҲТ қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси раҳбари Янеш Ленарчич 8 сентябр куни Тошкентда бўлиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов, Олий мажлис Қонунчилик палатаси спикери Дилором Тошмуҳаммедова ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидовлар билан учрашган, Озодлик саволларига Тошкентдан туриб жавоб қайтарган жаноб Ленарчич Ўзбекистон расмийлари билан ўтказган сўзлашувларига ижобий баҳо берган эди.

Надежда Атаеванинг фикрича, ЕХҲТ Ўзбекистондаги вазиятга адекват баҳо бермаяпти.

Айниқса, Ўзбекистоннинг жазони ўташ муассасаларидаги вазиятда ўзгариш мутлақо йўқ, дейди суҳбатдошимиз.

- Мажбурий ушлаб туриш муассасаларида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши устидан жамоатчилик назорати ҳануз йўқ. Қамоқхоналар тизими ҳануз Ички ишлар вазирлиги тасарруфида қолмоқда. Илғор давлатларда эса, жазони ўташ муассасалари аллақачон адлия вазирликлари ихтиёрига ўтказиб берилган, дейди Надежда Атаева.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” халқаро ассоциацияси маърузасида ЕХҲТ олдига қўйилган талаблар, хабарларга қараганда, Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси (FIDH), Қийноқларга қарши жаҳон ташкилоти (ОМСТ) каби ташкилотлар мурожаатномаларида ҳам битилган.

Тилга олинган ташкилотлар Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган журналистлар, адиблар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини озодликка чиқариш йўлида ЕХҲТ Ўзбекистонга босим ўтказиши лозимлигини уқтирган.

Таниқли ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудов ва журналист Муҳаммад Бекжонлар халқаро ташкилотлар ташвишини уйғотаётган сиёсий маҳбуслардан баъзилари.

Мамадали Маҳмудов. 60 ёшда. 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Муҳаммад Бекжон. 53 ёшда. “Эрк” демократик партиясининг нашри “Эрк” газетаси муҳаррири. Муҳаммад Бекжон 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Диний мотивлар билан Ўзбекистон қамоқхоналарида 8,5 йил ўтириб чиқиб, шу кунда сиёсий муҳожиратда яшаётган Муҳаммадсолиҳ Обутов тилга олинган маҳбуслар билан битта қамоқхонада ўтирган.

- Навоийдаги зонада улар билан бир отрядда бўлганман. Бир йилча Навоийнинг 46- зонасида бирга бўлганмиз. Навоийда кўрганим шу иккови эди. Ëзувчи-шоирлар жумласидан демоқчиман¸ дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Суҳбатдошимиз бу икки аристонга нисбатан турма бошлиқларию назоратчиларининг муносабати тўғрисида айтиб берди. Гап Мамадали Маҳмудов тўғрисида.

- Турманинг катталаридан ëки бизларнинг устимизда туриб дўқ-пўписа қилиб ишлатадиган бригадирлар дейдими¸ активистлар дейди¸ ўшалар томонидан у кишига нисбатан хоссатан бўлган тазйиқ йўқ эди. Яъни у одамни туалетни ювишга¸ умивалник ювишга¸ эрталаб қор курашга олиб чиқишмасди. Эрталаб кўчага ҳамма диндорлар билан Муҳаммад Бекжон чиқар эди¸ аммо у чиқмас эди. Унга нисбатан эҳтиëткорона муносабат бор эди. Ҳурмат маъносида муносабат эмас. Лекин босим Муҳаммад акага нисбатан анча кучлироқ эди¸ дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Муҳаммадсолиҳ Обутов айтаётган босим қандайлигини у киши суҳбат давомида айтиб берган воқеа – қийноқлару оғир меҳнатдан касалхонада бироз жон сақлаш учун темир қошиқ ютишга мажбур бўлгани ҳақидаги ҳикоясини тинглаш кифоя қилади.

Ёзувчи Мамадали Маҳмудовни зонада журналист Муҳаммад Бекжондай қийноққа солишмас эди, деб гувоҳлик берди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Адибнинг қизи Ватаннинг сўзларига қараганда, 10 йилдан бери қамоқда сақланаётган отасининг қийноқ у ёқда турсин енгил ишга яроқли ҳам соғлиғи қолмаган.

- Ëзда борганимизда¸ юраги хуруж қилиб¸ касалхонага тушиб қолган экан. Лечение олиб чиқди озгина. Дори-дармон киргиздик. Озгина яхшиман¸ деган эдилар. Бизнинг свидание вақтимиз ҳам энди келди. Энди борсак¸ биламиз нима бўлганини. Асосан юраги¸ ошқозони¸ бурни қийнаяпти¸ дейди Ватан Маҳмудова.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” халқаро ассоциацияси ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар ЕХҲТни инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаши учун Ўзбекистонга таъсир ўтказишга чақириб, ўзларининг бир қатор тавсияларини берди.
XS
SM
MD
LG