Линклар

АҚШ Ал-Қоидани таъқиб қилишда давом этади


6 октябр куни Вашингтондаги Террорчиликка қарши кураш миллий марказида чиқиш қилган президент Обамага кўра, Қўшма Штатлар ўз иттифоқчилари билан “разведка маълумотларини алмашиш, террорчи гуруҳлар таъминот манбаларини йўқ қилиш” орқали Ал-Қоидага зарба бе

6 октябр куни Вашингтондаги Террорчиликка қарши кураш миллий марказида чиқиш қилган президент Обамага кўра, Қўшма Штатлар ўз иттифоқчилари билан “разведка маълумотларини алмашиш, террорчи гуруҳлар таъминот манбаларини йўқ қилиш” орқали Ал-Қоидага зарба бе

АҚШ нинг террорчилик бўйича етакчи мутахассислари билан учрашувда президент Барак Обама шундай баëнот берди.

АҚШ президенти Барак Обама 6 октябр куни Террорчиликка қарши кураш миллий марказига ташриф буюриб, у ерда ишлаётган таҳлилчиларнинг Америка ва унинг иттифоқчиларини террорчилардан ҳимоя қилишдаги ҳаракатларга қўшаётган ҳиссаларини юқори баҳолади.

Обама Ал-Қоидага қарши курашда эришилган ютуқларни қайд этиб, дунёнинг ҳар жойида экстремистларга нисбатан “нишонли ва тинимсиз босим” ўтказишда давом этиш муҳимлиги ҳақида гапирди.

Президент Барак Обама кейинги йилларда Ал-Қоиданинг салоҳиятига жиддий путур етказилгани, лекин улар Америка ва унинг иттифоқчиларига қарши “фитналар уюштириш”да давом этаётганини таъкидлади.

Сешанба куни Вашингтондаги Террорчиликка қарши кураш миллий марказига қилган ташрифи чоғида Обама бу идоранинг дунёдаги экстремист гуруҳларни йўқ қилиш уринишларига катта ҳисса қўшаётганини айтди.

- Сиз ва сизга алоқадор ташкилотлар туфайли биз ўзимизнинг асосий миссиямиз - Ал-Қоида ва дунё бўйлаб бошқа экстремист тармоқларни йўқ қилиш ҳамда тор-мор этиш ишларида жиддий ютуқларга эришмоқдамиз. Бу мақсаддан ҳеч чалғимаслигимиз лозим, деди Обама.

Оқ уй маъмуриятига кўра, 2008 йилнинг июлидан бери Ал-Қоида ва унга алоқадор ташкилотларнинг 20 нафар энг қидирилаётган етакчиларидан 11 нафари ё йўқ қилинган, ё қўлга олинган.

- Яқинда террорчиликка қарши кураш бўйича мутахассислардан бири айтгандек, бизнинг уринишларимиз туфайли Ал-Қоида нафақат ҳаракат қилиш салоҳиятини йўқотган, уларга нисбатан ишончга ҳам путур етган. Албатта Ал-Қоидага ишончнинг йўқолишида биринчи навбатда кўплаб мамлакатларда эркагу аёллар ва болаларни ўлдираётган ҳамда дунё халқларига ҳеч қандай келажак таклиф қила олмайдиган Ал-Қоиданинг ўзи ҳаракат қилаётгани маълум, деди президент.

Обама ташриф буюрган марказ 11 сентябр воқеаларидан кейин тузилган бўлиб, ҳам разведка маълумотлари таҳлили, ҳам аскилтеррор амалиётларини режалаштириш билан шуғулланади.

У ерда ишлайдиган турли идораларга алоқадор мутахассислар Қўшма Штатлар ва хорижда террорчиликка қарши курашга оид маълумотларни тўплаб, таҳлил қилади.

Марказ фаолияти ўта махфий тарзда олиб борилиши боис унинг натижалари унча кўринмайди, лекин Обаманинг айтишича, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларига нисбатан режаланган ҳужумларнинг олди олингани бу натижалар далилидир.

- Сизнинг хизматларингиз сиз бартараф қилган ва амалга ошмай қолган ҳужумларда кўринади. Сиз туфайли ҳисобсиз америкаликларнинг ҳаётлари сақланиб қолган. Бунинг учун Америка сизнинг олдингизда қарздордир, деди Обама.

Лекин, президентнинг қайд этишича, Қўшма Штатларнинг ғанимлари унга қарши “фитна қилишда” тинимсиз давом этаётир.

Шу сабабдан, Обамага кўра, Қўшма Штатлар ўз иттифоқчилари билан “разведка маълумотларини алмашиш, террорчи гуруҳлар таъминот манбаларини йўқ қилиш” орқали Ал-Қоидага зарба беришда давом этади.

- Бир нарсани аниқ айтишимиз керак, Қўшма Штатлар ва шерикларимиз “Биз Ал-Қоида қаерда илдиз отмасин, уларни нишонга оламиз, уларни таъқиб қилишдан тўхтамаймиз” деган аниқ муждани юборди. Америка ва унинг иттифоқчиларига таҳдид қиладиган ҳар қандай кимсаларнинг дуёнинг ҳеч бир жойидан паноҳ топа олмаслигини таъминлайдиган имконият ва ҳамкорликни ҳам оширмоқдамиз, деди Обама.

Оқ уй расмийлари президентнинг марказга қилган ташрифи АҚШнинг Афғонистондаги стратегиясини қайта кўриб чиқиш масаласига боғлиқ эмаслигини айтмоқда.

Обама ва унинг миллий хавфсизлик бўйича масалаҳатчилари шу кунларда муҳокама қилаётган масалалар орасида Афғонистондаги НАТО ва АҚШ кучлари қўмондони Стэнли МакКристаллнинг қўшимча 40 минг қўшинга оид сўровини қондириш, Покистон билан чегарадош минтақаларда ҳарбий амалиётлар кўламини ошириш ва террорчилар истеҳкомларига учувчисиз учқичлардан зарба бериш амалиётини кенг қўллаш каби масалалар борлиги айтилмоқда.

Обама сешанба куни 20 га яқин Конгресс етакчилари билан учрашиб, қайта кўриб чиқилаётган стратегия тафсилотлари билан ўртоқлашди.

Президент мазкур масала юзасидан чоршанба ва жума кунлари юқори даражадаги маслаҳатчилари билан ҳам учрашади.
XS
SM
MD
LG