Линклар

logo-print

Ботир Зокировнинг "Раъно"си

  • Абдулла Искандар

Кўп қиррали истеъдод соҳиби бўлган Ботир Зокиров¸ айни пайтда ўзбек зиëлиларининг ëрқин вакилларидан ҳам эди.

Кўп қиррали истеъдод соҳиби бўлган Ботир Зокиров¸ айни пайтда ўзбек зиëлиларининг ëрқин вакилларидан ҳам эди.

"Таниш қўшиқлар" саҳифасига Ботир Зокиров ижросидаги "Раъно" қўшиғини мавзу қилдик. Бу қўшиқ 1964 йилда суратга олинган "Қўшиқ суратини чиз" деган мусиқавий фильмда ижро қилинди.

Қўшиқ ижрочиси Ботир Зокиров бу қўшиқни ижро этар экан¸ расм чизади. Шаҳло кўз гўзаллар расмини кўмир билан оқ қоғозга эпчиллик билан чизган Ботир Зокиров ғамгин оҳангда гул ва чечаклар ҳақида қўшиқ куйлар эди. Ҳам расм чизиб¸ ҳам қўшиқ куйлаëтган рассом 60-йиллар томошабинини мутлақ мафтун қилган эди.

Бу мафтунлик баробарида одамлар орасида "Ботир Зокировнинг ўпкаси олиб ташланибди¸ қўшиқни ярим ўпка билан айтаëтганмиш" деган хавотирли гаплар ҳам юрар эди.

Ботир Зокиров 1936 йил 26 апрелда туғилган. Консерватория¸ сўнгра эса Театр ва рассомлик институтининг режиссёрлик факультетида ўқиган. 1985 йил 23 январда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров 50 ëшга ҳам кирмасдан оғир хасталикдан вафот этди.

Парижнинг энг ҳашаматли Олимпия залида айтилган "Раъно" қўшиғи айтилганидан 45 йил ўтиб ҳам, қалбимизга ором ва фараҳ туйғуларини солади.

Ботир Зокиров 60-70-йилларда ўзбек ëшлари учун тақлид объекти эди.
Бу қўшиқ тарихи ҳақида¸ умуман Ботир Зокиров ҳақида унинг укаси, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров билан суҳбатлашдик.

Фаррух Зокиров: Деталлари¸ энди Икром ака Акбаров билан¸ Туроб Тўла шеъри билан айтилган қўшиқ. Мен қўшимча бир нарса дейишга эсимда йўқ. Фақат айтишим мумкин¸ ўзбек лирик эстрадасининг ажойиб намуналаридан бири.

Озодлик: 1964 йили мусиқавий фильм бўлиб чиққан экан бу. Клипларнинг отаси десак ҳам бўлади.

Фаррух Зокиров: Янглишмасам¸ “Нарисуй мня песню” деган фильм бўлса керак. Ўша фильмми?

Озодлик: Оқ-қора ишланган¸ Ботир ака расм чизиб ўтирибдилар.

Фаррух Зокиров: Бу энди мусиқавий фильм. Ҳозирги клипларнинг нима дейди...

Озодлик: Ота-бобоси десак бўлади.

Фаррух Зокиров: Ҳа¸ тўғри. Чунки раҳматли Ботир акам расм ҳам чизардиларку.

Озодлик: Мен Рўзи Чориев билан гаплашганман. У киши Ботир ака ҳақида жуда кўп хотираларини гапириб берган.

Фаррух Зокиров: Ботир акам умрларининг охиригача “мен қўшиқчиманми ëки рассомманми” деган дилемма билан яшаганлар. Жуда яхши рассом бўлишлари мумкин эди. Барибир тақдирида қўшиқчилик бор экан. Ўша мусиқавий фильмга “Нарисуй мне песню” деб ном берилиши бежиз эмасда.

Озодлик: Бу “Раъно” деган қўшиқнинг мусиқаси ҳам чиройли¸ матни ҳам чиройли.

Фаррух Зокиров: Ҳақиқатан жуда чиройли. Айтаяпманку¸ ўзбек замонавий эстрада қўшиғининг шоҳи десам бўлади.

Озодлик: Фаррух ака¸ сизнинг репертуарингизда ҳам бу қўшиқ борми?

Фаррух Зокиров: Мен энди Ботир акамнинг қўшиқларини айтишга унчалик журъат эта олмайман. Мен учун жуда бадиий масъулият бу. Кўплар “Нима учун Ботир аканинг қўшиқларини айтмайсиз?” деб сўрашади. Бу мен учун жуда катта масъулият. Масалан¸ Ботир акамнинг “Қайдасан” деган қўшиғини Насиба Абдуллаева билан бирга дуэт қилиб айтдик. Ташаббус Насибахондан чиққани учун бирга айтдик. Ëмон чиқмади. Кейин мустақиллик байрамини тайëрлашда раҳбариятдан “Эски устозларга хотира билдириш учун уларнинг қўшиқларидан ëшлар айтса. Масалан¸ бир куплети записда кетади¸ кейин давомини бизлар айтамиз” деган маънода таклиф бўлди. Ўшанда мен шу қўшиқни айтган эдим.

Озодлик: "Раъно" қўшиғиними?

Фаррух Зокиров: Айнан шу қўшиқни. Бу ерда мен катта акамнинг қўшиғини давом эттираëтгандай¸ қўшиғини эмас ижодини давом эттираëтгандай айтдим. Яхши таклиф бўлди. Ўшандагина журъат этдим мен.

Озодлик: Фаррух ака¸ бизнинг бу саҳифамизда қўшиқ эгалари ўз қўшиқларидан бир парча куйлаб беришадида. Афсуски¸ Ботир ака бизнинг орамизда йўқ. шунинг ўрнига сиз шу қўшиқдан бир парча куйлаб берасизми? Ҳар ҳолда¸ сиз укасисиз.

Фаррух Зокиров: Бир-икки қатор бўлса ҳам бўлади-а?

Озодлик: Бўлади.

(шу ерда Фаррух Зокиров Ботир Зокиров ижро этган “Раъно” қўшиғидан бир парча ижро қилиб берди)

Барнолар ичра барно Раъно¸
Гулмисан гулëрмисан.
Ошиққа дилдормисан¸
Ҳамма гуллардан аъло Раъно.

Озодлик: Раҳмат Фаррух ака. Мана биз ҳар дастуримиз бошида Эркин Воҳидов шеъридан бир парча эшиттирамиз. “Инсон умри пойиндор¸ қўшиқ умри поëнсиз”. Мана Ботир аканинг умри поëнли бўлгани билан унинг қўшиқларининг умри поëнсиз. Ботир аканинг қўшиқларининг ҳаммаси айтилиши билан хит бўлган. Мана шу “Раъно” деган қўшиқ одамларнинг эсида қолиб кетган эканда. Нимага шунақа экан?

Фаррух Зокиров: Авваламбор¸ самимий бўлгани учун. Ундан кейин шеърнинг юқори савияда ëзилгани. Шу билан бирга оддий халққа тез етиб борадиган. Шеърнинг ëзилишида ҳам чуқур маъно бор. Халқнинг юрагига тез етиб борадиган шеърлар. Авваламбор шеъри¸ мусиқаси ва албатта¸ бунинг ижрочиси. Ботир акам қойилмақом қилиб¸ дилдан айтганлар. Учта компонентнинг ҳаммаси юқори савияда бўлгани учун халққа¸ тингловчиларга жуда тез сингиб кетган.

Озодлик: Совет даврида Ўзбекистонда Жўрахон Султонов¸ Таваккал Қодиров каби машҳур ашулачилар бор эди. Лекин буни совет иттифоқининг ҳамма жойида билишмас эди. Ботир Зокировнинг ижодини Магаданда ҳам¸ Узоқ Шарқда ҳам¸ Сахалинда ҳам¸ Санкт Петербургда ҳам¸ Москвада ҳам билишарди. Высоцкийдай билишарди¸ десак муболаға бўлмайди.

Фаррух Зокиров: Тўппа-тўғри. Биринчидан¸ улар жуда яқин дўст эди. Авваламбор¸ бу жанрнинг фазилатлари. Эстрада жанрининг аудиторияси жуда ҳам кенг. Қарангда¸ Ботир акамнинг ўзининг хусусияти¸ файзи¸ қаерда чиқмасин¸ Европадами¸ Шарқдами¸ миллатчилик¸ миллат деган нарса йўқоларди. Ўзбек тилида айтадими¸ рус тилида айтадими¸ араб тилида айтадими уни худди башарият фарзандидай қабул қилишган.

Озодлик: Ботир Зокиров Совет иттифоқида учинчи бўлиб мюзик ҳолл очган эканлар. Ўша пайт учун бу нимани билдирарди?

Фаррух Зокиров: Это очен смелый шаг был. Ботир акам “Мюзик ҳоллни ўзбеклардан чиққан¸ деб айтсак ҳам бўлаверади” деб айтардилар. Эстрада жанри¸ мюзик ҳолл жанри плошадное искуство. Бизларнинг майдон санъаткорлари борку¸ масхарабозлар¸ дорбозлар. Буларнинг мюзик ҳоллга бевосита тегишли жойи борда. Масалан бу қозоқларда¸ қирғизларда¸ тожикларда йўқ. Бу айнан ўзбекларга хос жанр. Мен ўзим шунда Ленинградда қатнашганман. Бир ой битта жойда концерт беришган. Лим-лим одамлар келган. Программада бизлар ҳам қатнашганмиз. Бу 1973 йилда эди. Ўшанда ҳамма қўлини кўтариб¸ “Э қойил. Мана санъат. Ҳақиқий мюзик ҳолл мана бунақа бўлади” деб тан беришган.

Озодлик: “Раъно” деган қўшиқни ҳам айтганми? Ўзбек тилида айтган менимча.

Фаррух Зокиров: Ўзбек тилида айтган. Мана Парижга борганларида ҳам “Ëр кел” деган қўшиқдан бошлаганлар. “Раъно” ҳам ўша ерда ўзбек тилида айтилган. “Ëр кел”нинг ярми француз тилида¸ ярми ўзбек тилида бўлган. “Раъно” қўшиғи¸ эски программа қиладиларми¸ янги программа қиладиларми¸ алоҳида ўрин тутар эди.

Озодлик: Тарихга қарасак¸ Ботир Зокировдан олдин Тамарахоним Петросян Париждаги халқаро санъат кўргазмасининг Совет иттифоқи павилонида “Рўмолим” деган қўшиқни айтган экан. Иккинчи қўшиқни Ботир Зокиров айтган экан. Бунга деталлар айта оласизми?

Фаррух Зокиров: У пайтда марказда¸ Москвадан группалар йиғилиб борилар эди. Париждан Кокатрикс деган импрессарио келган. У вақтда бу жуда машҳур импрессарио бўлган. Шу одам совет иттифоқига келган. Парижда "Олимпия" деган энг машҳур зал бор. Буни эстрада жанрининг Маккаси деса бўлади. Мана шу залга санъаткорларни танлаш учун мана шу одам келган. Айни ўша пайтда Ботир акам Москвада даволанаëтганларида¸ “Сизни ҳам таклиф қилишаяпти. Бир ҳаракат қилиб кўринг” деб айтишган. Оркестр йўқ¸ фақат битта фортепиано. Софи Каракас деган бўларди. У "Баҳор" ансамблида ишларди. Фортепиано¸ Қаҳрамон Дадаев доира чалиб турган. Шу ерда Ботир акам бир-икки ашула айтганлар. Балки ичида “Раъно” ҳам бўлгандир. Шунда Кокaтрикс жуда ҳайратда қолиб¸ офаринлар айтиб¸ “Программага бу одамни ҳам киритинглар” деган. Шу концертда кейин Ботир акам ҳам иштирок этган.

Газета билан боғлиқ бир нарсани ҳам айтиб берай. Газеталарда “Узбекский Шарл Азнаур” деган мақола чиққан. "Шарл Азнаур из Узбекистана. Но в отличие от Шарла Азнаура узбекский Шарл Азнаур поëт от микрофона далеко. Если бы он пел бы близко как Шарл Азнаур¸ он бы разорвал микрофон” деб¸ энди Ғарбда олди-қочди гаплар бўладию¸ шунақа қилиб ëзишган.

Озодлик: Бунинг яна битта қиррасига тўхталишимиз керак. Совет пайтида Ботир акани коммунизм куйчиси қилиб кўрсатишга ҳаракат қилинди. Аммо унинг Владимир Высоцкий билан дўстлиги бунинг аксини кўрсатгандай. Высоцкий диссидент бўлган. Унинг ëнига борган одамлар рўйхатга олинган.

Фаррух Зокиров: Высоцкий Тошкентга келганда Ботир акамнинг концертларига келган. Бу ҳам қизиқ воқеа. Высоцкий "Юбилейный" залида концерт бераяпти. Одам жуда ҳам кўп. У ëққа 6000-7000 одам сиғади. Шу билан бир вақтда Свердловск залида мюзик ҳоллнинг концерти бўлаяпти. Ҳамма томошабни Высоцкийга кетган. Бу ерда эса одам кам. Буни Высоцкий эшитиб қолиб¸ “Батыр¸ оказывается ты тоже концерт даëш” деган. Ботир акам “Келмайсанми шу концертимга? Қатнашмайсанми” десалар¸ “”Нет проблем. Я приду¸ выступлю” деган Высоцкий. Высоцкий ўзининг концертидан кейин Свердловск залига¸ мюзил ҳолл бўлаëтган концертга келган. Томошабинлар буни эшитиб¸ ҳамма шу ëққа келган. Эртасига ҳам бунақа концерт бўлган. Булар шу даража яқин дўст бўлишган.

Бугун тасаввур қилайлик¸ Высоцкийни бир ерга чақиришни. Ботир акамнинг бир оғиз илтимоси билан концертда қатнашган. Коммунизм ғоялари¸ бошқа. Ботир акам бу нарсага ҳеч қачон бўйсунмаганлар. Шунинг учун ҳам кўп муаммолар бўлган. Ботир акам хоҳлаган ашуласини айтардилар. Комсомолга¸ Ленинга бағишланган қўшиқларни зўрламоқчи бўлишган. Лекин унақа қўшиқларни ҳеч қачон айтмас эдилар. Авваламбор¸ бу уларнинг ижодий характерига тўғри келмаган. Охиригача ўзларининг ғоялари билан мустаҳкам бўлганлар.

Озодлик: Ботир Зокиров ҳам рассом¸ Шуҳрат Аббосов суратга олган “Оловли йўллар” фильмида Робинданат Тагор ролини ўйнаган.

Фаррух Зокиров: Ботир акам ҳақиқатан рассомлик қилганлар¸ қўшиқчилик қилганлар¸ драматург. Шеърлар ҳам ëзиб турардилар. Драматург десак ҳам бўлади. Икром ака Акбаров билан “Сўғдлик йўлбарс” деган опера яратишди. Шунинг либреттасини Ботир акам ëзганлар.

Озодлик: Ботир аканинг сиймосида биз зиëли одамни кўрамизда. Ашулачи фақат ашула айтмайдику¸ фақат одамларнинг кўнглини олмайдику.

Фаррух Зокиров: Албатта. Феъл-атворлари¸ одамлар билан муомала¸ юриш-туришлари¸ ëш болага ҳам сизлаб гапиришлари¸ бу энди дадам раҳматлидан ўтган. Санъаткор доимо омманинг назарида. Шунинг учун бунақа нарсаларга жуда эътибор берардилар. Ўрнак бўладиган инсон эдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG