Линклар

Эркин микрофон - Соқоллиларга кун йўқ

  • Садриддин Ашур

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

...деб зорланади 7 октябр куни Озодликка сим қоққан жиззахлик Тўлқинжон. Ўзбекистонда қонунни парламент чиқарадими ëки мелисанинг гапи қонунми¸ дея хитоб ҳам қилади у...

“Соқолингни олиб ташла!”

Бу ибора, отанинг ўғлига айтган гапи эмас, балки ўзбекистонлик милиция ходимларининг оддий мусулмонларга қўйган талаби. Жиззах вилоятидан қўнғироқ қилган Тўлқинжоннинг сўзларига кўра, соқол қўйганларнинг кўчада юриши ҳам қийин бўлиб қолган.

- Жиззах вилоятининг Зафаробод туманиданман. Ëшим 40 да. Беш вақт намоз ўқиймиз¸ Худога шукур. Соқол қўйганман пайғамбаримиз (с.а.в) суннати деб. Бирорта диний ташкилотга аъзо эмасман. Ота-бобомиздан қолган шу беш вақт намозни ўқиб келаяпмиз. Лекин кўчада ҳеч ҳам юриб бўлмаяпти. Қайси милиция кўрса¸ “Тўхта. Соқол қўйиш мумкин эмас” дейди. “Қачон чиқди бу қонун-қоида” десак¸ “Мен айтаяпман” дейди.

Ўзбекистонда қонун чиқарувчи орган парламентми ëки дуч келган милиция қонун чиқариб кетаверадими? Ўзи паспорт кўтариб юрамиз юракни ҳовучлаб. Яна “соқолингни олмайсан¸ бошқа қилмайсан” деб юргани қўймайди. “Уголовный розыскданман” дейди. Рус тилида гапираяпти менга. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига неча йил бўлиб кетди. Ўзи қонунни менсимай туриб яна менга “Унақа эди¸ бунақа эди¸ қонун бор. Шунақа қонунни мен айтаяпман сенга. Соқол қўйиш мумкин эмас” дейди.

Шундай қилиб¸ дуч келган жойда асабни бузиб¸ давлениени кўтариб¸ юргани қўймаганидан телефон қилган эдим. Эътибор берганларингиз учун раҳмат сизларга. Мана шуни аниқлаштиришнинг иложи бўладими? Парламент шунақа қонун чиқардими ëки дуч келган милиция шунақа қилаяптими? Юриб бўлмай қолдику бу. Бин Ладен чиққан бўлса¸ дуч келган мусулмондан ўч олиш керакми энди милициялар? Шуни эфирга беришларингизни сўраб телефон қилган эдим¸ дейди Тўлқинжон.

“Муштумзўр ҳоким”

Ўзбекистондаги вилоят, туман ҳокимларининг муштумзўрлиги, фермерларни калтаклаётгани ҳақида илгари ҳам “Эркин микрофон” га шикоятлар келган эди. Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимизнинг айтишича, бу борадаги вазият ўша-ўшалигича қолмоқда.

- Янгиариқ туманида ўтган куни ҳоким бува фермерларни йиғиб¸ мажлис ўтказибди. Йиғим-теримда орқада қолаëтган фермерларнинг уч-тўрттасини тутиб урибди. Оғизга олиб бўлмайдиган гаплар билан ҳақоратлаб¸ дўппослаб¸ битта фермерни ëмон уриб ташлаган. Ҳокимнинг буйруғи билан 20 дан ортиқ фермерни Ички ишлар бўлимига олиб бориб қамашган. Бир оқшом ушлаб туриб¸ эртасига жавоб бериб юборибдилар¸ дейди янгиариқдан сим қоққан бу суҳбатдошимиз.

Қўшилганинг учун ташаккур, энди эса катта кўча!

Ўзбекистонда ерларни йириклаштириш ҳақидаги фармондан сўнг кичик ер эгалари катта ер эгалари бўлган фермерларга ихтиёрий равишда бирлаштирилди. Бироқ энди элакни сувдан кўтарадиган пайт келганда, биз кичик ер эгалари ҳайдалмоқда, дейди Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидан қўнғироқ қилган фермер Панжи Ҳамроев.

Панжи Ҳамроев: Еримиз қўшилди бир-бирига. Йириклаштирди короче. Биз Қўшоқов Баҳриддинга қўшилган эдик. Йил 12 ой техникам бор. Ҳамма хизматини ўзим қилганман. Шу кунларга келиб¸ энди бизни ҳайдамоқчи бу ердан. Бундай олганда¸ бизларга “кет” деяптида.

Озодлик: Нега энди? Ахир сизлар ихтиëрий қўшилгансизларку.

Панжи Ҳамроев: Ҳа¸ ихтиëрий. Бир-биримиз билан келишган ҳолда қўшилган эдик.

Озодлик: Неча гектар ерингиз бор эди?

Панжи Ҳамроев: 19 гектар ерим бор эди.

Озодлик: Нима эккансиз?

Панжи Ҳамроев: 11 гектарига ғалла экиб¸ шу фермерга топширдим. Планни бажардим. Саккиз гектари пахта. Ҳозир тераяпти.

Озодлик: Энди сизнинг ерингизни олиб қўйишмоқчими? Сизни ҳайдашмоқчими?

- Ҳа. Менга сиëсат деб прокурорни олиб келиб¸ “Пахта қолувди¸ накладной бер” десам¸ бермай “Мен ўзим топшираман” дейди. Билмайман¸ танимайман бу прокурорини. Кечаси келиб сиëсат қилди. ГАИ экан. Значогидан билдим. Бир милиция¸ прокурор. “Сен пахтани жўнатмадинг. Мирзоевгача бор” деб сиëсат қилиб¸ сўкиб¸ шунга телефон қилувдим. Бизга ëрдамингиз тегадими¸ бизлар мустақил Ўзбекистонда яшаяпмиз деб юрувдик. Бу мустақиллик эмас экан. Ўҳҳўўўў¸ империядан ҳам ўтиб кетган¸ дейди Панжи Ҳамроев.

“Ўзи мақтайдиган нимаси бор, Ўзбекистонни?”

“Эркин микрофон” рукнига қўнғироқ қилган ўзбекистонликлар ўртасида ўзаро баҳс қизиб бормоқда. Яқинда “Эркин микрофон”га сим қоққанлардан бири Озодлик радиосини Ўзбекистонни кўп танқид қилаётганликда айблаган эди. Қашқадарёлик навбатдаги суҳбатдошимизни айнан шу фикрга муносабат билдириш бизга сим қоқишга ундабди.

- Яқинда водийлик йигитнинг айтган гапларига қўшилмайман. “Сизлар фақат ëмон томонини айтасизлар. Яхши томонини айтмайсизлар” деган гапларни айтди. Ўзбекистоннинг яхши томони гапирадиган даражада эмас. Шуни айтмоқчи эдим.

Озодлик: Айтаëтган гапларингиз яхшию¸ сиз ҳам фикрингизни асослаб берингда.

- Менинг асослаб берадиган фикрим шундан иборатки¸ Ўзбекистонда ҳозир олдиндан озгина маблағи бор киши бўлса¸ бизнесменлик қилса¸ чет давлатга бориб ишлаб келадиган бўлса¸ уларга бироз яхши. Ўшаларнинг ҳам ўртамиëна яшаш имконияти бор. Оддий деҳқон ëки ишчига яшаш имкони йўқ. Улар жуда қийин аҳволда. Аëлларнинг қорни тўйиб нон емаяпти ҳатто. Бу нарсаларнинг ҳаммасини ҳамма билмаслиги мумкин.

Айниқса¸ қишлоқ жойларида аҳвол жуда оғир. Қишлоқ хўжалигида ишлайдиганлар умуман ойлик маош олмайди. Буғдой ëки бошқа нарса беради. Йиллик меҳнати шу. Тўртта айлантирадиган чорваси учун ишлаб юрибди. Тўртта моли бор. Шу молларга қарайди¸ ем-хашак қилади. Шу билан кун кечираяпти¸ холос. Кўп қишлоқларда ҳозир ишлайдиган йигитлар қолмаган. Бутун хотин-қизлар қолган. Ишлайдиган йигитларнинг ҳаммаси Россияда юрибди. Мана “Дунë бўйича иқтисодий танглик бўлаяпти. Ўзбекистонда унақа бўлаëтгани йўқ” деган гаплар бўлаяпти. Четда ишлаб келиш бўлганлиги учун ҳам Ўзбекистонга билинмаëтган бўлиши мумкин. Агар ҳамма аҳоли Ўзбекистоннинг ўзида бўлганда эди¸ ишсизлик деярли 50 фоиздан ошиб кетган бўларди¸ дейди қашқадарëлик бу суҳбатдошимиз.

***************************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

**********************************************

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.
XS
SM
MD
LG