Линклар

logo-print

Қайроққум таъмирга зор


Қайроққум сув омбори ялпи таъмирдан ўтмаса¸ мутахасссисларга кўра¸ йирик фожеа рўй бериши мумкин.

Қайроққум сув омбори ялпи таъмирдан ўтмаса¸ мутахасссисларга кўра¸ йирик фожеа рўй бериши мумкин.

Душанбе ўз энергетик муаммоларини ҳал қилиш учун янги гидроиншоотлар қуришга чоғланаëтган айни маҳалда¸ мутахассислар мавжуд сум омборларини таъмирлаш лозимлигидан бонг урмоқда.

Cўнгги пайтларда Марказий Осиё янгиликларини ёритувчи қатор интернет нашрларида “Тожикистон ва Қирғизистонда жойлашган гидроиншоотлар ¸ қолаверса қурилиши режаланаëтган янги сунъий сув ҳавзалари қўшни давлатларга катта хавф туғдиради” қабилидаги мақолалар чоп қилинмоқда.

Агар илгари бу ҳақда асосан раҳбар ва мутахассислар гапирган бўлса, эндиликда Ўзбекистон ва Туркманистон давлатларининг оддий одамлари номидан ҳам мақолалар берилаяпти.

Хўш, қўшни давлатларнинг бу иддаолари асослими? Вазиятни минтақадаги йирик Қайроққум сув омбори мисолида ўрганишга уриндик ва қўйилган бу савол билан дастлаб Қайроққум шаҳар ҳукумати раиси Ражаббой Каримовга мурожаат қилдик.

- Республика Энергетика вазирлиги ва “Барқи тожик” давлат корхонаси томонидан кўп бўлмаса-да, маблағ ажратилди. Бу маблағга қисман таъмирлаш ишлари ўтказилди. Шу боис қўшниларимиз ҳеч ҳам хавотир бўлишмасин. Зеро, гидроиншоот ҳолати яхши ва бирор-бир ҳодиса рўй бериш эҳтимоли йўқ, деди ҳукумат раиси.

Қайроққум ГЭСи бош директори Файзулло Авазов сўзларига кўра, гидроиншоотда қатор таъмирлаш ишлари ўтказилди. Айни замонда таъмирлаш ва қайта жизоҳлаш учун янги лойиҳалар ҳам тайёрланган.

- Нафсиламбирини айтганда, ГЭС гидроагрегатларини алмаштириш ва бошқа янги ускуналарни ўрнатиш ишлари ўтган асрнинг 80-йилларида амалга оширилиши лозим эди. Бироқ бу ишлар қилинмади. Ҳозирча керакли жойларини кавшарлаяпмиз, ямаяпмиз, бир сўз билан айтганда, ўз кучимиз билан таъмирлаш ишларини амалга ошириб турибмиз, деди ГЭС раҳбари.

Бироқ таҳлилчи ва мутахассислар ўтган қиш мавсумида Қайроққум ГЭСида рўй берган авария яна такрор бўлиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқдалар.

Жорий йил январ ойида Қайроққум ГЭСининг пастки қисми - турбиналар машина залини сув босган ва оқибатда генераторлар ишдан чиқиб, вилоят аҳолиси бир ҳафта давомида бутунлай чироқсиз қолган эди.

- Қайроққум ГЭСи 50 йилдан ортиқ вақт давомида бирор марта капитал таъмир қилинмаган. Биринчи навбатда, барча турбиналарини алмаштириш керак. Гидроиншоотнинг усти ва ён атрофида жиддий таъмирлаш ишларини амалга ошириш вақти аллақачон етган. Сув омбори қирғоқларига ўрнатилган тўсиқлар аллақачонлар таъмирталаб бўлиб қолган. Авваллари қўшни республикалар тўғон ва қирғоқларни таъмирлаш ишларига кўмаклашарди. Бунинг эвазига Тожикистон сув омборидаги заҳираларни тўплар эди. Бироқ сўнгги йилларда Ўзбекистон томони бу ишларда умуман қатнашмай қўйди, дейди гидротехник Ҳалим Ҳожиев.

Унинг айтишича, сув омбори қирғоқлари ва тўғон ён атрофи йилдан-йилга нураб бормоқда. Бу эса ҳозирча сув омборидаги сувнинг қирғоқдан чиқиб кетишига сабаб бўлаяпти, холос. Оқибатда сув омбори яқинида жойлашган қишлоқларни сув босмоқда.

"Агар таъмирлаш ишлари амалга оширилмаса, катта минтақавий ҳалокат рўй бериши мумкин. Шунинг учун қўшни давлатлар қурғоқчилик ҳақида ўйламай, илгаригидек тўғон ва қирғоқларни таъмирлаш ишларига кўмаклашишлари лозим" дейди мутахассис Ҳожиев.

Аммо ҳолва деган билан оғиз чучимас - ҳисоб-китобларга кўра¸ мутахассислар зудлик билан қилиниши лозимлигини таъкидлаëтган ялпи таъмирлашнинг ўзига 150 миллион доллар маблағ керак бўлади.
XS
SM
MD
LG