Линклар

Ўзбек боласини америкаликлар ҳимоя қилмоқчи


Икки миллиондан ошиқ мактаб боласи пахтазорга ҳайдалган айни кунларда ҳам Ўзбекистон ҳукумати ойни этак билан ëпишга уринмоқда.

Икки миллиондан ошиқ мактаб боласи пахтазорга ҳайдалган айни кунларда ҳам Ўзбекистон ҳукумати ойни этак билан ëпишга уринмоқда.

Ўзбекистонда ота-оналар¸ "боламни ўз ихтиëрим билан пахтага чиқараман"¸ деган тилхат ëзиб¸ зурëдини оғир меҳнат жабҳасига йўллаëтган бир пайтда¸ АҚШдаги ота-оналар¸ ўзбек болалари ҳимояси учун тадбир уюштирмоқчи.

14 октябр куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси олдида Ўзбекистон пахта далаларидаги болалар меҳнатига қарши норозилик пикети ўтказилади.

Мазкур тадбирни америкалик Ўқитувчилар федерацияси, “Болалар меҳнатига қарши коалиция”, Ишчилар бирлашмаси”, “Меҳнаткашлар ҳуқуқини муҳофаза қилиш халқаро форуми”, шунингдек, бир нечта нодавлат ташкилотлари уюштирмоқдалар.

- Америкалик болалар мактабда билим олаётган бир пайтда, ўзбекистонлик болалар билим ўрганиш ўрнига пахта далаларида меҳнат қилмоқда. Эски анъанага мувофиқ Ўзбекистон ҳукумати миллиондан ортиқ ёш бола ва ўқитувчиларни хавфли шароитда пахта теришга мажбур қилмоқда. Ўзбек болалари қўллари билан терилган пахта АҚШда кийиб юрган кийимларимизни тайёрлашда ишлатилади, дейилади пикет ташкилотчилари очиқлаган пресс-релизда.

Тадбир ташкилотчилари жамоатчиликни Ўзбекистон ҳукумати сиёсатига қарши ўтказилаётган норозилик пикетида иштирок этишга чақирмоқда.

Сентябр ойи бошида АҚШ Меҳнат вазирлигининг мажбурий ёки болалар меҳнати эвазига тайёрланган маҳсулотлар рўйхатига Ўзбекистон пахтасини ҳам қўшди ва мазкур пикет ташкилотчилари¸ хусусан Америка ўқитувчилар федерацияси, Калвет Инвестмент ва Халқаро Меҳнат ҳуқуқлари форуми ташкилотлари бу қарорни қўллаб-қувватлади.

- Ўзбекистон пахта далаларида болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилаëтгани дунёдаги иттифоқлар ва ўқитувчиларнинг жиддий хавотирига сабаб бўлмоқда. Ўқувчи ва ўқитувчилар меҳнат қилиши учун энг яхши жой мактаблардир. АҚШ Меҳнат вазирлигининг ўз рўйхатига Ўзбекистон пахтасини ҳам киритгани болалар ҳуқуқлари бузилишини тўхтатиш масаласига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратишда ёрдам беради¸ деб ўйлаймиз, деган эди Озодлик билан суҳбатда Америка ўқитувчилар федерациясининг Халқаро алоқалар департаменти вакили Патриция Кийфер.

Айни кунларда халқаро майдонда болалар мажбурий меҳнати эвазига етиштирилаëтган ўзбек пахтасини бойкот қилиш кампанияси янги куч йиғиб бормоқда.

2007 йили бошланган бу кампанияга ҳозирга қадар Wal-Mart, H&M, Marks & Spencer, TESCO¸Nike, Nordstrom, Timberland, TJX Cos. Inc., Phillips-Van Heusen Corp., Target, the Walt Disney Co.каби Европа ва АҚШ нинг йирик улгуржи савдо тармоқлари қўшилган.

Айни пайтда¸ АҚШ Сенати қошидаги Соғлиқни сақлаш¸ Маориф¸ Меҳнат ва Пенсиялар қўмитаси раиси Том Ҳаркин¸ Америка Конгрессига Ўзбекистондаги болалар меҳнатини тўхтатишни талаб қилувчи махсус резолюция тақдим этган ва яқин келажакда бу резолюциянинг Сенатда овозга қўйилиши кутилмоқда.

Келаси ҳафта Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасини пикет қиладиган Америка гуруҳлари¸ биринчи навбатда АҚШ жамоатчилигини Ўзбекистон болаларининг аянчли қисматидан огоҳ қилиш орқали¸ ана шу резолюция учун таянч йиғишга ҳам ҳаракат қиладилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG