Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:21

Шоу-бизнес ҳам Гулноранинг мулкими?


Президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова Гугуша тахаллуси билан ўзи ҳам қўшиқ айтиб туради.
Президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова Гугуша тахаллуси билан ўзи ҳам қўшиқ айтиб туради.

"Ўзбекистон: Расмийлар хонандаларни ҳокимиятга ҳамду сано айтишга мажбур қилмоқда. Акс ҳолда..." Бу - Euroasianet сайти 6 октябр куни эълон қилган мақола сарлавҳаси. Хўш¸ акс ҳолда нима бўлади?

Лайлим, садо бергин, изларинг қайда?
Оромим беркинган кўзларинг қайда?
Юрагим оловда, қўлларим майда,
Соғиндим, сенчи ёд этасанми ҳеч?

Кўзимдан ёш бўлиб оқмоқда соғинч,
Бағримга тош бўлиб ботмоқда соғинч,
Ўтдан олиб, сувга отмоқда соғинч,
Соғиндим, сенчи ёд этасанми ҳеч?

Бир қарашда жуда жўн, лекин айни пайтда ўша жўнлиги билан фавқулодда соҳир, қуйма сатрлар муаллифи, шоира Рислиғой Ҳотамова - биринчи суҳбатдошимиз.

Рислиғой Ўзбекистонда ижрочилик санъатининг, умуман шоу-бизнеснинг бугунги аҳволига юқори баҳо берди.

- Шоу-бизнесимизнинг ҳозирги аҳволи яхши, деб жавоб берган бўлардим. Нима дейди¸ Ўзбекистонда Ўрта Осиëдаги энг кучли санъат, деб биламан¸ дейди Рислиғой Ҳотамова.

Шоиранинг гапларига ўхшаш фикрни Euroasianetдаги мақолада ҳам ўқидик.

Айни пайтда сайт исми ошкор этилмаган бир қўшиқчининг айтганларига таяниб, расмийлар ўзбек қўшиқчиларидан репертуарининг камида 30 фоизи ватанпарварлик руҳида бўлиши кераклигини талаб қилади, деган маълумотни берган.

Шундан келиб чиқиб, Рислиғойдан сўрадик.

Озодлик: Ватанпарварлик руҳидаги матнларни сизлар қўшиқчи-шоирлар ўзларингизлар ëзасизларми¸ қўшиқчилар заказ қиладими ëки бадиий кенгашлар заказ қиладими?

Рислиғой Ҳотамова: Йўқ¸ йўқ. мен фақат ўзимга жавоб бераман. Мен ватан ҳақида бирорта шеърни ҳали заказга ëзмаганман. Ҳеч ким менга “Ватан ҳақида шеър ëзиб беринг заказга илтимос. Мана бунақа бўлсин” демаган. Қачонки¸ ўзимдан қуюлиб келган бўлса¸ ëзганман. Чунки заказга ватан ҳақида шеър ëзиб бўлмайди. Мен ҳеч қачон заказга ота-она¸ ватан ҳақида шеър ëзган эмасман¸ ëзмоқчи ҳам эмасман.

Озодлик: Баъзилар “У ëки бу қўшиқчининг телевидение ëки радиога чиқишига репертуарида ана шунақа ватанпарварлик қўшиқлари бўлиши шарт. Кимлардир талаб қилади” дейишади. Билмайман¸ бу бадиий кенгашми ëки бошқами¸ шундай бўлиши керак¸ дейди. Шундай талаб борми ëки йўқми?

- Йўқ унақа талаб. Мен эшитмаганман. Бунақа талаб қўйилиши ғалати. Бунақа талаб йўқ. Биласизми¸ санъаткорлар ватан ҳақидаги тема жиддийлигини ҳисобга олиб¸ мен ақлли¸ ҳақиқий санъаткорлар ҳақида гапираяпман¸ муҳаббатдан куйлашади¸ бошқа нарсадан куйлашади. Охир-оқибат улар пишиб етилгандан кейин¸ кўнглида¸ жисмида¸ онгида ватан ҳақида куйлашга лойиқман деган тушунча бўлгандан кейингина ватан ҳақидаги қўшиқларни ижро этишади¸ дейди Рислиғой Ҳотамова.

Халқ севиб тинглаётган кўплаб қўшиқлар матни муаллифи, шоира Рислиғой Ҳотамованинг бу фикрлари зиддини водийлик бир хонандадан эшитдик.

Исми сир тутилишини сўраган хонандадан сўрадик.

Озодлик: Демак¸ “ватанпарварлик ҳақида қўшиқ айт”, деб ҳеч ким ҳеч кимдан талаб қилмайди.

- Йўқ¸ талаб қилинади. Қачонки¸ ҳалиги одам кўзга кўриниб қолгандан кейинда. Ўша популярний бўлиб қолган бола чақирилади. Кейин “сен мана бунақа қиласан” деб ўзларининг требованиеларини қўйишади. Қилмаса¸ сразу телевизордан ўчирилади¸ радиолардан тўхтатилади. Секин-секин шунақа қилиб имижи тушириб юборилади. Ҳозирчи ҳофизлар қўрқиб ҳам қолган. Сразу кўнади. Кўниши аниқ¸ дейди исми сир тутилишини истаган хонанда.

Аслида, ватанпарварлик руҳидаги қўшиқ, агар у чиндан ҳам санъат даражасига кўтарилган бўлса, қандайдир бир амалдор талаб қиладими-йўқми оммалашиб кетаверади.

Бу фикрга Юлдуз Усмонованинг қатор қўшиқлари ёрқин далил бўла олади.

Аслида одам Марсга чиқиб кетса ҳам уни Ватан билан боғлаб турадиган энг асосий унсурлардан бири қўшиқ эмасми?

Агар у ватан ҳақида эмас, ёрнинг холи ҳақида бўлса ҳам?!

Бас, шундай экан, амалдор нима учун аралашади, аралашаверади санъаткорнинг ишига?

Бу саволнинг билвосита жавоби водийлик хонанда билан суҳбат чоғида бехосдан, ўз-ўзидан чиқиб қолди.

- Ҳозир Ўзбекистонда шоу-бизнесни, асосан, Гулнора Каримова управлят қилаяпти.

Озодлик: Бу нима дегани? Қандай тушуниш керак? Қандай қилиб у управлят қилади?

- Овоз ëзиш студиялари ҳаттоки. Ҳозир водийда¸ Ўзбекистонда¸ умуман Ўрта Осиëда энг зўр студия Тошкентдаги Пантерра деган студия бўлиб қолди. Ўша студияни ҳам Гулнора Каримова ўзига ўтказиб олган. Бундан ташқари¸ Бешëғоч деган студия бор эди. Овоз ëзадиган кўп студиялар бор эди. Гулнора Каримовага бўйсунмаймиз деганларининг кўп ëпилиб кетди. Ўша мен билган Бешëғоч студияси Қозоғистонга кўчиб кетди. Телевидение Гулнора Каримовага бўйсунган ҳофизларни чиқараяпти, холосда. Қисқаси ўша қизга ишлайдиган ҳофизларни¸ дейди водийлик хонанда.

Президентнинг қизи тўғрисидаги бундай гаплар биринчи марта ва Озодлик орқалигина айтилаётгани йўқ.

Бундай гаплар биринчи марта пайдо бўлганига бир неча йил бўлди. Лекин расмий Тошкент бу гаплар юзасидан бирон марта изоҳ берган эмас.
XS
SM
MD
LG