Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:04

Анқара-Ереван: мулоқот муқаррар


Еревандаги Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида намойиш ўтказаётган арманлар ўз ҳукуматининг Анқара билан алоқаларни тиклаш уринишларини хоинлик ўлароқ баҳоламоқдалар.
Еревандаги Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида намойиш ўтказаётган арманлар ўз ҳукуматининг Анқара билан алоқаларни тиклаш уринишларини хоинлик ўлароқ баҳоламоқдалар.

Арманистон ва Туркия расмийлари 10 октябр куни икки давлат ўртасидаги муносабатларни қайта тиклашга қаратилган тарихий ҳужжатни имзолашга чоғланмоқда. Аммо арманлар орасида бу уринишларга қаршилик кучли.

Арманистон ҳукумати Туркия билан муносабатларни қайта тиклашга оид келишувга ўзининг кичик ва қашшоқлашган иқтисодини ўстириш ҳамда дипломатик нуфузини ошириш имкони ўлароқ қарамоқда.

Аммо 5 миллион 700 минглик арман диаспораси ҳамда мамлакат ичкарисидаги аҳолининг маълум бир қисми бу ҳаракатни “хоинлик”, деб баҳоламоқда.

Туркларга қарши тарихий урушга бағишланган ватанпарварлик қўшиқларини куйлаётган кўплаб арманлар мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида ҳукуматнинг Туркия билан келишувига қарши палатка тикиб, очлик намойишини бошлади.

Арманистон-Туркия чегарасининг очилиши, шу билан 16 йиллик ёпиқ эшиклар очилишига қаршилиги ифодаси сифатида яна юзлаб арманлар бу норозилик намойишига келиб қўшилмоқда.

50 ёшли Нашан Ажеман бундан 10 йил муқаддам АҚШдан Арманистонга қайтиб борган. Унинг фикрича, президент Серж Саркисяннинг бу дипломатик уринишлари Усмонли империяси жиноятини халқ қалбидан ўчира олмайди.

- У одамларни ҳозир ҳамма нарса изига тушганига ишонтирмоқчи бўлаяпти. Аммо биз туркларни 800 йилдан бери биламиз. Биз улар кимлигини биламиз. Тинчлик яхши нарса. Лекин биз ким билан тинчлик сулҳига эришаяпмиз? Менинг аждодларимни ўлдирган жиноятчилар биланми? дейди арманистонлик Нашан Ажеман.

Ажеман каби фикрдаги арманлар норозилик намойишини ўтказаётган паллада президент Саркисян хориждаги 6 миллионга яқин диаспора вакилларини ҳукумат қарорини қувватлашга даъват қилишга қаратилган сафарини амалга оширди.

Арман диаспорасининг асосий қисми яшайдиган Франция, АҚШ, Ливия ва Россиядаги арманлар Саркисянни скептицизм ва норозилик билан қарши олишди. Маълумки, дунё бўйлаб тарқалиб кетган арман диаспораси Ғарб давлатларида ўзининг кучли лоббичи гуруҳларига эга.

Диаспоранинг асосий қисми Туркия билан алоқаларнинг тикланувига мутлақо қарши. Уларнинг фикрича, 1915 йилда 1 ярим миллион арманнинг қатлиом қилинишига Туркия ҳануз жавобгардир.

Еревандаги Миллий ва халқаро тадқиқотлар маркази директори Ричард Жирагозиян фикрича, арман диаспораси учун бу воқеа “геноцид”дир.

- Диаспора вакиллари учун бу фақат геноциддир, бошқа ҳеч нарса эмас. Улар Туркия билан алоқаларнинг тикланишига асл ўзлигига таҳдид сифатида қарамоқда. Улар бунга Арманистон ҳукумати қараётган чегараларни очиш ва нормал алоқаларни ўрнатиш зарурати контекстида қараётгани йўқ, дейди Ричард Жирагозиян.

Бироқ кузатувчилар фикрича, Арманистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг қайта тикланиши учун фурсат аллақачон етилган ва қанчалик норози бўлишидан қатъий назар арман диаспораси бундай келишувнинг олдини ололмайди.

Гарчи Арманистонда бу борада аҳоли фикри ўрганилмаган бўлса-да, мамлакатдаги таҳлилчилар, ҳозирга келиб аҳолининг кўпчилиги Туркия билан алоқаларни тиклаш заруратини тушуниб етган, деган фикрда.

Мисол учун, Ереван шаҳрида яшайдиган 24 ёшли Ваханг Галстян мамлакатнинг оғриқли ўтмишига қарамай, Анқара билан алоқаларни тиклаш зарур, деган фикрда.

- Менимча, чегаранинг очилиши бизнинг фойдамизга хизмат қилади. Ўтмишни унутиш эмас, балки шароит билан ҳисоблашиш, яъни тинчликда яшаб, олдинга интилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди, дейди ереванлик 24 ёшли Ваханг Галстян.

Шу каби баҳслар остида Арманистоннинг Туркия билан эришган келишуви эса 10 октябр куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида имзоланади.
XS
SM
MD
LG