Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:48

Кобулда сайлов эҳтирослари сўнмаяпти


БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Кай Эйде Карзайнинг қайта сайланишига йўл очиб бериш мақсадида сайловдаги қонунбузарликларни яширганлик бўйича айбловларни кескин рад қилмоқда.
БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Кай Эйде Карзайнинг қайта сайланишига йўл очиб бериш мақсадида сайловдаги қонунбузарликларни яширганлик бўйича айбловларни кескин рад қилмоқда.

Кобул сиёсатчилари орасида БМТнинг Афғонистондаги президентлик сайловида тутган ўрнига нисбатан норозилик кучаяётган бир пайтда Афғонистондаги БМТ миссияси юқори лавозимли дипломатлари ўртасидаги жанжал ҳам авж олиб бормоқда.

7 октябр куни Кобулдаги БМТ идораси олдида бир гуруҳ фаоллар халқаро ташкилотнинг мунозарали президентлик сайловида ўйнаган ролига норозилик билдириб, намойиш ўтказди.

20 августда ўтказилган президент сайловининг якуний натижалари яқин кунларда БМТ ҳомийлигидаги Сайловларга оид шикоятлар бўйича комиссиясининг текшируви якунланганидан сўнг эълон қилинади.

Лекин сайловларнинг дастлабки натижаларига кўра, оммавий қонунбузарликлар рўй берганига оид иддаоларга қарамасдан, иқтидордаги президент Ҳамид Карзай сайлов ғолиби, деб эълон қилиб бўлинган.

Афғонистон пойтахтида ўтказилган намойиш иштирокчилари орасида Карзайнинг асосий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг тарафдорлари бор эди. Уларнинг баъзилари БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Кай Эйдени кескин танқид қилиб, уни Карзайни қўллаб-қувватлаганлик ва “Афғонистон ички ишларига аралашганлик”да айблади.

Эйде бошчилигидаги БМТнинг Афғонистон бўйича миссияси ичида юқори даражали дипломатлар орасида чиққан жанжал жамоатчиликка ошкор бўлгани идоранинг обрўси учун яхши бўлмади.

Ўтган ҳафта, Эйденинг маслаҳатига кўра, БМТ Бош котиби Бан Ки Мун миссия етакчиси ўринбосари, америкалик юқори даражали дипломат Питер Гэлбрайтни ўз лавозимидан четлаштирди.

Гэлбрайт ўз бошлиғини Карзайнинг қайта сайланишига йўл очиб бериш мақсадида сайловдаги қонунбузарликларни яширганликда айблади. Эйде бу айбловларни кескин рад қилди.

Чоршанба куни “Washington Post” газетаси Афғонистоннинг баъзи вилоятларида берилган овозлар сони овоз беришга сайловчилар сонидан юз мингга ёки ундан кўпроққа ортиқ бўлганига оид хабарларни тарқатиб, жанжал оловига мой қуйди.

Бундай номутаносибликлар, айниқса, Карзай учун овоз берган вилоятларда кузатилгани хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Масалан, Ҳилманд вилоятида 135 мингга яқин сайлов бюллетенлари саналган. Лекин БМТ ҳисоб китобларига кўра, у ерда 38 мингга яқин сайловчи овоз беришда қатнашган.

“Washington Post” газетаси қўлга киритган БМТ ҳисоботларига кўра эса Ҳилмандда овоз берганлар сони беш мингга ҳам етмаган.

Кобулдаги БМТ миссияси матбуот вакили Дан МакНортон чоршанба куни қилган чиқишида “Washington Post” ихтиёридаги маълумотлар аҳамиятсиз эканини ишонтиришга уринди.

- “Washington Post” газетаси қўлга киритган маълумотлар асоссиз таҳлил қилинмаган маълумотлардир ва уларнинг аҳамиятини оширмаган бўлардим”, дер экан МакНортон сайлов билан боғлиқ бўҳронга иложи борича тезроқ ечим топиш уринишлари амалга оширлаётганини таъкидлади.

У, шунингдек, Эйденинг Карзайни қўллаб-қувватлаганига оид айбловларни “бемаъни” деб атади.

- Бу гапларга чалғимаслик жуда муҳимдир ва биз бор диққатимизни БМТнинг Афғонистон сайлов комиссияси расмийлари ҳозирда амалга ошираётган жараёнда кўмак бера олишини таъминлаш ишларига қаратмоқдамиз. Бу жараён 20 август куни берилган овозлар қонуний эканини текшириш ва таъминлашдан иборатдир. Бу жараён келаси бир неча кун ичида якунланади, деди БМТ расмийси.

Бироқ ҳозир овозларни текшириш жараёни ҳамманинг диққатини тортмоқда. Хабарларга кўра, Сайловларга оид шикоятлар бўйича комиссия овозларни санашга оид қоидаларга ўзгартиш киритган. Айтилишича, чоршанба куни комиссия президент Карзай фойдасига ишлагани учун танқид қилинган режадан воз кечишга мажбур бўлган.

Янги қоидаларни “аниқлик киритиш” дея атаётган комиссия расмийлари бирор номзоднинг қалбакилаштирувлардан мисли кўрилмаган даражада фойда кўргани эҳтимоллари ҳам синчковлик билан ўрганилишини айтмоқда.

Кузатувчиларга кўра, агар бу каби қонунбузарликлар аниқланса, Карзай сайловнинг иккинчи босқичини ўтказишга рози бўлишга мажбур бўлади.

Шикоятлар комиссияси шубҳали сайлов қутиларидаги овозларни қайтадан санашни буюрди. “Қалбакилаштирувлар рўй берганини аниқ кўрсатувчи” бундай овозлар ҳозирча жаъми 12 фоизни ташкил қилади.

Бироқ жараённи тезлаштириш мақсадида, расмийлар қайта санаш учун дастлаб танлаб олинган сайлов қутиларининг 10 фоизини текширувдан ўтказиш ниятида эканини айтмоқда.

Овозларнинг тўла ҳисоб-китобига асосланган дастлабки натижаларга кўра, Карзай 54,6 фоиз овоз тўплаган.

Агар ўтказилган текширув натижасида унинг 50 фоиздан озроқ овоз олгани аниқланадиган бўлса, Афғонистон президент сайловининг иккинчи босқичи ўтказилади ва унда Карзай билан Абдуллоҳ беллашади.
XS
SM
MD
LG