Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:48

Муҳожир - тараққиëт ғилдираги


Меҳнат муҳожирлиги инсоний тараққиётнинг муҳим омили ва буни муҳожирларни қабул қилувчи давлатлар ҳам¸ юборувчи давлатлар ҳам идрок этишлари керак, дейилади БМТ ҳисоботида.
Меҳнат муҳожирлиги инсоний тараққиётнинг муҳим омили ва буни муҳожирларни қабул қилувчи давлатлар ҳам¸ юборувчи давлатлар ҳам идрок этишлари керак, дейилади БМТ ҳисоботида.

Жаҳон бўйлаб меҳнат муҳожирларининг ҳаракатланиш траекториясини махсус тадқиқ қилган БМТ Тараққиëт дастури¸ ана шундай хулосага келди.

БМТ Тараққиёт дастури ўз ҳисоботида муҳожирликка кенгроқ йўл очилиши кераклигини таъкидлади. “Тўсиқларни енгиб: инсонлар ҳаракатланиши ривожланиш омили” деб сарлавҳаланган ҳисоботда ташкилот меҳнат муҳожирлигига тараққиётнинг муҳим ўлчами сифатида қараш лозимлигини урғулаган.

Йилига миллионлаб одам мўмай пул топиш ва яхши ҳаёт илинжида чегаралар оша хорижга йўл олади. Борган давлатларда улар турли хил тўсиқ, турли кўринишдаги камситишларга юз тутишади.

БМТ Тараққиёт дастури куни кеча эълон этган ҳисоботида бу ҳолатларга танқидий кўз билан қараб, меҳнат муҳожирлигига қўйилган тўсиқлар олиб ташланиши керак¸ деган чақириқ билан чиқди.

- Меҳнат муҳожирлиги инсоний тараққиётнинг муҳим омили ва буни муҳожирларни қабул қилувчи давлатлар ҳам¸ юборувчи давлатлар ҳам идрок этишлари керак. Меҳнат муҳожирлари маҳаллий аҳоли бажаришни хоҳламаган, маоши кам ишларга рози бўлиб, уйларига пул жўнатади. Бу билан улар нафақат ўзи ёки оиласи равнақи учун хизмат қиляпти, балки ўзлари келган мамлакат ва қабул қилиб олувчи давлат иқтисодиётини ҳам қўллаб-қувватлаяптилар, дейди БМТнинг муҳожирлар ҳаракатланиши ва муаммолари билан шуғулланувчи мутахассиси Тим Скотт.

БМТ ҳисоботига кўра, бугунги кунда ер юзида қирийб бир миллиард муҳожир қайд этилган ва бу ҳар етти одамнинг бири муҳожир эканини англатади. Тим Скоттнинг айтишича, бу қатламнинг анча қисмини ички муҳожирлар, яъни ўз давлати ичида бир жойдан иккинчисига кўчиб ишлайдиган муҳожирлар ташкил этади.

- Ер юзида 740 миллион муҳожир ишчи ўз давлати ичкарисида ҳаракатланса, яна 200 миллион одам ўз ватанидан олисда ишлайди. Ҳаммасини қўшиб ҳисобласак¸ муҳожирлар сони бир миллиардга яқинлашиб қолади, дейди Тим Скотт.

Кўпгина давлатларда муҳожирларга иш ўринларини ўғирловчилар сифатида қаралади. Одамларнинг тажрибаси ёки малакасига қараб эмас, балки уларнинг маҳаллий аҳоли вакилими ёки меҳнат муҳожири эканлигига қараб, ишга олиш ҳоллари, айниқса иқтисодий бўҳрон даврида кўпроқ кузатилмоқда.

БМТ мутахассиси Тим Скоттнинг айтишича, аслида муҳожирларга ишчи кучлари ўртасидаги бўшлиқни тўлдирувчилар сифатида қараш керак.

- Бу кўпроқ Россияга тааллуқли. Демографик вазият ўта ёмонлашиб, ишчи кучи тақчиллиги йилдан йилга тобора сезилиб қолаётган Россия келаси 20 йил ичида ишчи кучи етишмовчилиги билан боғлиқ жиддий муаммога юз тутмоқда. Юзага келиши мумкин бўшлиқни эса айнан муҳожирлар тўлдириши мумкин, дейди Тим Скотт.

Кўпгина давлатларда муҳожирларга уюшган жиноятчилик, одам савдоси, ноқонуний муҳожирлик каби жиноятларни келтириб чиқарувчилари сифатида ҳам қаралади. БМТ Тараққиёт дастури мутахассиси Паоло Паглианининг Озодлик радиосига айтишича, бу жиноятларнинг олди олиниши учун муҳожирларнинг мамлакатда легал ишлашлари учун тегишли ҳужжат олишлари анча соддалаштирилиши лозим.

- Миграция учун тўсиқ қанча кўп бўлса, уларнинг ноқонуний йўллар билан, жиноий каналлар орқали бошқа давлатларга ўтишлари ҳам шунча кўп бўлади. Шуни айтиш лозимки, кўпгина муҳожирлар у ёки бу давлатга муддати чегараланган виза билан келишади. Виза муддати тугаган пайт уни узайтириш билан боғлиқ мураккабликлар қаршисида қолган муҳожир ноқонуний равишда мамлакатда қолиб, ишини давом эттиришдан бошқа чораси қолмайди, дейди Паоло Паглиани.

Бир йил аввал Европа Иттифоқи меҳнат муҳожирлари оқимини тартибга солиш ва малакали мутахассисларнинг ҳам Иттифоқ мамлакатларига жалб этиш мақсадида Американинг “Яшил карта” тизимига ўхшаш “Мовий карта” режасини эълон қилган эди. Европа Комиссияси бундан мақсад яқин 20 йил мобайнида Европага 20 миллион юксак малакали кадрларни жалб этиш эканини билдирган.

Иттифоққа аъзо айрим давлатларда бу режа шубҳаланиш ва ккиланишларга ҳам сабаб бўлди. Европанинг қатор давлатларида қонуний ва ноқонуний муҳожирлар кўпайиб кетгани ҳақда норозиликлар ҳам бор. Бундан ташқари¸ Европа қашшоқ мамлакатлардан яхши мутахассисларнинг сизиб чиқиб кетишига сабабчи бўлаяпти дегувчилар ҳам бор.

БМТ мутахассиси Паола Паглиани “Мовий карта”ни қўлга киритиш мураккаб бўлмаса¸ у муҳожирликни рағбатлантириш борасида яхши ўрнак бўлиши мумкинлигини айтади.

- Бу албатта яхши ўрнак бўлади қачонки уни олиш осон бўлса. Шунингдек, давлатлар ўртасида ҳам муҳожирликка оид шартномалар бор. Бу ҳам яхши ўрнак, дейди Паола Паглиани.

Бугунги кунда Россиядаги меҳнат муҳожирларининг энг катта қисмини ўзбекистонликлар ташкил этади. Ўз навбатида аксар муҳожирлар, Россияда амалда иш рухсатини олиш анча қийинлашганини айтишади. Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида меҳнат қилаётган ўзбек муҳожири гапиради.

- Разрешение на работу дейдида. Масалан¸ у ҳам 10 минг рубл. Унда ҳам алданмасангиз. Ҳар ким ҳам қилиб бераман¸ деяверадию¸ алдайди. Пулингизни олгандан кейин документ ҳам йўқ¸ пулингизга ҳам куйиб қолаверасиз. Регистрация дейди¸ регистрация бўлган тақдирда ҳам разрешение на работу дейди.

Озодлик: Қийинми у нарсаларни олиш?

- Энди сзи уйдан келганингиздан кейин Росияда кутиб олган одам қўлингизга “Ма¸ сен буни олгинда¸ ўзингга документ қилиб ол” деб 10 минг рубл бермайди. Унинг учун у ëқ¸ бу ëқда ишлаш керак. Уч-тўрт ой ишлаб 10 мингни топиб¸ доктордан ўтиб¸ разрешение на работу оласиз. Разрешение на работу олганингиз билан иш тайëр тургани йўқ. Бир йил¸ олти ой индамасдан ўтиб кетади¸ дейди Санкт Петербургда ишлаëтган ўзбек муҳожири.

Муҳожирларнинг айтишларича, иш рухсатини олиш ягона тўсиқ эмас. Калуга шаҳрида ишлаëтган ўзбек муҳожири гапиради.

- Ўзбекистондан Россияга келиб ишлаганингиздан кейин ҳар ким ўз ҳуқуқини билмаса¸ ҳар қандай тўсиқларга учраши мумкин. Қанақа тўсиқлар бўлади бу ерда? Биринчи навбатда¸ одамни ишлатиб-ишлатиб¸ пулини бермаслик. Уч-тўртта йигит паспортини олдириб қўйган¸ қаерга боришини билмайди. Ўзингиз биласиз¸ бизнинг одамларимиз меҳнаткаш одам. Қаерда юрса ҳам тирикчилигим деб юраверади. Қанақа қилиб бўлса ҳам рўзғоримга озроқ пул топай деб юради. Ўзбекистонда нима бор ҳозир? Нима бор? Ҳеч нарса йўқ¸ дейди Калуга шаҳрида ишлаëтган ўзбек муҳожири.

Москвада ишлаётган андижонлик муҳожирнинг айтишича, дам олиш нималигини билмай, ҳафтада етти кун ишлаган ўзбек мардикори авваллари Ўзбекистонга ойида 300-400 доллар юбориб турган. Ҳозир эса пул топиш пасайган¸ дейди андижонлик муҳожир.

- Ўтган йил ҳар хилда. Биринчи ойга 20 минг ваъда бериб¸ берди. Ўтган йил 30 минггача олдимда. Ҳозир ойлик умуман паст. 10 минг рубл. Бу дегани 300 доллар. 1000-2000 рубл қолади. У қорингада. Янги йилдан кейин 200 долларда ойига тамом. Олдин ками 400 доллар жўнатардим. Иш йўқ¸ кўпчилик бекор юрибди. У ëқда ишлайди¸ бу ëқда ишлайди¸ пулини бермайди. Кўпчилик уже уйига кетаяпти. Қозон вокзалига бир чиқсам одам кўпда¸ дейди андижонлик меҳнат муҳожири.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра¸ миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожирлари томонидан жўнатилаётган бу пуллар Ўзбекистон иқтисодиётининг 20 фоизигачасини ташкил этиши мумкин. Таҳлилчиларга кўра, сўнгги йилларда айнан меҳнат муҳожирлари юборган миллиардлаб долларлар ўзбек сўмини дефолтдан асраб қолган.
XS
SM
MD
LG