Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:15

Тожиклар қўшнилардан ўзмоқчи


Тожик мусулмонлари фикрича¸ мамлакатда мавжуд масжидларда намозхонларга жой етишмас эмиш.
Тожик мусулмонлари фикрича¸ мамлакатда мавжуд масжидларда намозхонларга жой етишмас эмиш.

Тожикистон пойтахтида Марказий Осиёдаги энг йирик масжид қурилади. Келгуси беш йил ичида Қатар ҳомийлигида қуриб битказилиши айтилаётган масжидда бир вақтнинг ўзида 150 минг киши намоз ўқиши мумкин.

Минтақада мисли бўлмаган масжиднинг Душанбе шаҳри марказида - Лучоб дарёси бўйида қурилиши мўлжалланмоқда.

Шу йилнинг 5 октябрида Имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Содиқ туғилган кунининг 1310 йиллигига бағишланган тадбир арафасида янги масжид пойдеворининг биринчи ғишти қўйилди.

Ушбу тадбирда сўзлаган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон: “Оллоҳга ҳамду сано айтиш жойи бўлган масжидлар жамиятда беқарорликлар келтириб чиқарадиган радикал ғояларни тарғиб этиш макони эмас, балки одамларни тарбия қиладиган ва бутун дунё мусулмонларини бирлаштирадиган муқаддас жой бўлиши зарур”, дея таъкидлади.

Тожикистон президенти матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, Марказий Осиёда ягоналиги айтилаётган масжид Қатар сармоясига қурилади. Аммо мазкур масжид қурилиши учун қанча маблағ сарфланажаги хусусида аниқ гап айтилгани йўқ.

Айни пайтда тожикистонлик мусулмонларнинг кўпчилиги пойтахтда замонавий кўринишдаги йирик масжид қурилиши бошланганини олқишламоқдалар.

- Мен кўп йиллардан буён Сари-Осиёб масжидида намоз ўқийман. Масжид тахминан 500 кишига мўлжаллаб қурилган. Ҳамма ҳам бу масжидга сиғмайди. Куз ва қишда қору ёмғир остида туриб намоз ўқиймиз. Энди шундай бир катта масжид қурилса яхши-да, дейди Табарали деб ўзини таништирган отахон.

Рудакий туманида яшовчи Нўъмонжон аканинг айтишича, янги масжид Душанбе шаҳрида фаолият кўрсатаётган ҳозирги масжидлардан катта фарқ қилади.

- Бу ерда мусулмонлар фақат намоз ўқибгина қолмай, у бир катта диний марказ бўлади. У ерда катта диний кутубхона бўлади, қўлёзмалар қўйилади. Иккинчидан, Тожикистон Ислом университети ўша ёққа кўчади. У ерга кўчгандан кейин университет ҳам кенгаяди, бу олийгоҳда ўқийдиганлар кўпаяди, дейди Нўъмонжон ака.

Аммо шаҳардаги бозор расталарнинг асосий қисмини эгаллаган тожикистонлик аёллар “миллионлаб долларни масжид қурилишига сарфлагандан кўра республикадаги ишсизларни иш билан таъминлаш учун янги корхона ёки фабрика қуриш керак эди”, дея мулоҳаза билдирмоқдалар.

Cуҳбатдошимиз Дилоромнинг турмуш ўртоғи кўп қатори Россияга иш ахтариб кетганига бу йил олти йил тўлади. Беш нафар балоғатга етмаган фарзандини бозордан топган даромад эвазига боқаётган бу аёлнинг айтишича, турмуш ўртоғи кризис баҳона сўнгги вақтларда умуман пул юбормай қўйган.

- Мамлакатимизда менга ўхшаган аёллар жуда кўп. Аҳолининг ярмидан кўпи ишсиз. Бир хил оилалар зўрға нон топиб, кун кечираяпти. Шундай катта масжид қуриш ўрнига фабриками, заводми қуриб берсайди - ишлаб ойлик олардик. Рўзғоримиз ҳам тинч, обод бўларди. Эрим Россия деб чиқиб кетгандан бери “яшик, қоп кўтараман” деб, саломатлигим ёмонлашган, дея зорланади Дилором.

Суҳбатдошимиз масжидлар қурилишига қарши эмаслигини, айни замонда халқ турмушининг ўнгланиши ҳамма нарсадан зарур деб билишини айтади.

Юқоридаги суҳбатдошимиз Нўъмонжон ака эса масжид Тожикистон ҳукумати маблағига эмас, балки хорижий сармоя эвазига қурилаётгани ва хорижликлар ўзлари истаган ишга сармоя ётқизишларини айтаркан, айни масжид қурилишида тожикистонликлар учун иш ўринлари яратилишини қистириб ўтади. Бундан ташқари...

- Масжид бўлгандан кейин у ерда 200, 300 киши иш жойи билан таъминланади. Қоровуллар бўлади, мана, ёш болалар диний таълим олишади. Қироатхонлик қилинади. Бу масжид Тожикистон учун ортиқча нарса дейиш нотўғри бўлса керак, дейди Нўмонжон ака.

Аснода Душанбеда энг йирик масжид қурилиши тожик расмийларининг радикал деб қаралган диний оқимлару мазҳабларга қарши курашаётган ва унинг ортида республикадаги ўнлаб масжидлар эшигига қулф урилган бир пайтга тўғри келди.

Ўтган бир йил ичида республикада 300 дан ортиқ масжидлар фаолияти тўхтатилди. Душанбе шаҳрида эса ўтган шу давр мобайнида бир неча масжид устидан булдозерлар юргизилди.

Маҳаллий ҳукумат расмийлари ибодатхоналарни йиқиш бўйича ўз ҳаракатларини масжидларнинг ноқонуний ўзлаштирилган ерларга қурилгани билан изоҳлашсалар-да, мустақил кузатувчилар бунинг мазкур масжидларда айрим диний оқимлар, хусусан, Салафия оқимига эргашувчилар йиғилишига тўсқинлик чораси бўлганини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG