Линклар

logo-print

Эркин микрофон - Каримовнинг хабари йўқ!

  • Ҳурмат Бобожон

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

"Озодликда чиқиб олиб¸ нолийвермасинда ким бўлса ҳам. Сабр қилганнинг таги олтин дейди. Шунча халқнинг қорнини тўйдириш президентимизга ҳам осон эмас. У топганини бериб турибди бизларга"¸ дейди Россиядан сим қоққан мардикорлардан бири.

Бухорода яна портлаш

Бухоронинг Вобкент туманидаги хонадонларнинг бирида рўй берган портлаш бир йил аввалги Когондаги ҳарбий омбордаги портлашларни эслатди, деб хабар қилди шу туманда яшовчи фуқаролардан бири.

- Мен Бухоро вилояти¸ Вобкент туманиданман. Вобкент туманининг бир қишлоғида бир уй портлаб кетди. Билмайман қандай портлаганини. Беш-олтита газ балони портлаб кетибди¸ деб эшитдим.

Озодлик: Қачон бўлди бу?

- 6 октябрда. Ўзим бориб кўрдим. Ичида одам ўлди¸ деб эшитдим. Бори шу¸ дейди бухоролик кўнгилли хабарчимиз.


Емаган сомсага пул тўлаш

Андижондан сим қоққан тингловчимиз газ тўловлари билан боғлиқ қийинчиликлар ҳақида гапиради.

- Мен Андижон вилояти¸ Олтинкўл тумани¸ Сувюлдуз қишлоғиданман. Мен газ муаммоси ҳақида маълумот бермоқчи эдим. Шу бизни қийнаяпти ҳозир. Ўзи бизда бир йил газ бўлгани йўқ. Газ ëнганига икки ҳафта бўлди. Ҳамма хурсанд бўлиб газ ҳисоблагичларни ўрнатаяпти. Кечадан бошлаб Олтинкўл тумангаздан келиб¸ ҳаммага 500 минг¸ бир миллиондан қарз чиқариб юборди. Ўрмонга ўт кетса¸ ҳўлу қуруқ баробар ëнади дегандай¸ қарзи борлариям¸ қарзи йўқлариям кетаяпти. Бу қарз қаердан келди биз ҳайронмиз. Уч-тўртта одам тўпланиб¸ “Шу қарзингни берасан. Бермасанг¸ узиб кетамиз” деб маҳаллада газни узиб кетаяпти.

Озодлик: Газ ҳисоблагичлари борми?

- Янги ўрнатаяпмиз. Газ йўқ пайтида ҳисоблагичларни газ йўқ деб чиқариб олган эдик. Шунга газ назоратчилари рухсат беришган. Ҳамма ҳозир маҳаллада “Меникини узиб кетармикан? Неча пул қарзим бор экан” деб қалтираб турибди. Мисол учун¸ мен газ келгандан бери пулни ҳар ойда тўлайман. Кунлик тўлов деса¸ кунлик тўлов. Менга 400 минг қарз келибди. Мен буни ҳисобласам¸ бир йилу бир ой газ ëқишим керак экан. Бу менинг ҳеч ақлимга сиғмаяпти. Ҳар ой тўлаган бўлсам¸ бу қарз қаердан келаяпти.

Биров бир жойда ишламаса. Уч-тўрт сўтик еримиз бор. Бодринг¸ помидор экамиз. Ëзи билан газ бўлгани йўқ. помидорнинг поясини ëқиб овқат пиширдик. Газ ҳисоблагични қўйгандан кейин давлат қўйган нархда олишаверсин пулни. Лекин булар қаторасига 300-400 минг¸ бир миллион қилиб илиб ташлаяпти. Худди райгазнинг раҳбарининг уйидан газ чиққану¸ уни хусусийлаштириб олган. “Бу Ўзбекистоннияг газими ëки райгаз бошлиғининг хонадонидан чиққан газми?” деб ҳамма ҳайрон бўлиб турибди¸ дейди Андижондан сим қоққан суҳбатдошимиз.

Пошшо яхши¸ вазирлари ëмон....

Россияда меҳнат қилаётган хоразмлик муҳожирни Ўзбекистон президентини ҳимоялаш истаги қўнғироқ қилишга ундабди.

- Мана сизлар “Ўзбекистон ундай¸ Ўзбекистон бундай” деб айтаяпсизлар. Кимлардир фикрларингизга қўшилиб¸ ғийбат қилаяпти¸ кимлардир қўшилмаяпти. Мен ҳам бир фикримни билдириб қўймоқчи эдим. Энди бизларга ҳам осон эмас. Ҳавас қиламиз Россияга¸ бошқа ерга. Россия СССР пайтида Қозоғистон¸ Туркманистонни бизларнинг орқамиздан тиклади. Бизлар ҳали ëшмиз. Одам уйланганидан кейин бўлак чиққанида бошида осон бўлмайди. Уйида у-бу нарса етишмайди. Ўзбекистон ҳам ëш. Ҳозир аввалгиларга қараганда аҳволимизни аста-секин тиклаяпмиз. Кейинроқ яхши бўлиб кетади. Нолийвермасинларда ким бўлса ҳам. Сабр қилганнинг таги олтин дейди. Бизларга ҳам ëқиб тургани йўқ Россияда етим ўжакдай ишлаб юрганимиз. Ҳозир пул жўнатаяпмиз. Қўшниларимиз мол боқиб¸ бошқа қилиб кун кўраяпти. Ҳозир Россиядан пул келди деганини эшитса¸ светчи югуриб келади. Ҳозир мен пул юборишга ҳам қўрқиб қолаяпман.

Озодлик: Нимага?

- Мен пул юборсам¸ уйдагилар банкка пулни олишга борганда¸ “Свет билан газнинг дафтарчасини олиб кел. Кейин оласан пулни” дейишаяпти. Бу қанақаси? Ҳозир телефон дўконлари бор. Ўша ердан жўнатишади. Олди¸ деб телефонимизга СМС келади. Шунча халқнинг қорнини тўйдириш бизнинг президентга ҳам осон эмас. У топганини бериб турибди бизларга. Нонми¸ чойми бериб турибди. Бу ерда ўтирган катта ўғрилар бор. Прокурорми¸ начальникми¸ пожарнийми. Одамларнинг кўзига кўринмас сетка тортиб қўйибдида. Ўшанга урилиб тушиб қолаяпти. Тешигидан ўтгани бизларга етиб келиб турибди. Менинг МХХ да ëки бошқа жойларда танишим бўлса¸ уйда хоҳлаганимни қила оламан. Бензин ҳам¸ спирт ҳам¸ ëғ ҳам сота оламан.

Озодлик: Президентнинг хабари йўқ¸ демоқчисиз.

- Хабари йўқ. Унга ҳам осон эмас. Бизлар ҳам ҳозир юртимизга ëрдам бераяпмиз. Ишлаяпмиз¸ онгланамиз¸ оқ-қорани кўрамиз. Кейинчалик яхши бўлиб кетади¸ дейди хоразмлик тингловчимиз.

Демак¸ хоразмлик меҳнат муҳожирининг айтишича, юртда кечаётган воқеалардан Каримовнинг хабари йўқ. Хоразмлик бу мардикорнинг фикрлари қамоқдаги исёнкор шоир Юсуф Жума шеърини ёдга солди.

Қора халқнинг йўқдир нони¸
Боласининг шакари йўқ.
Афсус бундан юрт султони¸
Каримовнинг хабари йўқ.

Тўралари нафсга навкар¸
Ҳақ деган бир навкари йўқ.
Шоҳга қийин шоҳ бехабар¸
Каримовнинг хабари йўқ.

Бу тупроқнинг ўт олмаган¸
Бир қишлоқ бир шаҳари йўқ.
Бир курси йўқ ит олмаган¸
Каримовнинг хабари йўқ.

Наҳот тутмас улус тузи¸
Наҳот кўкнинг сарвари йўқ.
Шоҳ шоҳликка сайлар ўзин¸
Каримовнинг хабари йўқ.

Эртакларни ўқинг такрор¸
Мустабиддай аждари йўқ.
Андижонни ëқди тождор¸
Каримовнинг хабари йўқ.

Зулм комрон ҳурлик нотом¸
Кўкда юртдек саҳари йўқ.
Элга қирғин солди Ислом¸
Каримовнинг хабари йўқ.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

**********************************************

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG