Линклар

logo-print

Яна бир Ўзбекистон "жосус"и ушланди


Ҳозирча “Востокредмет” расмийлари устидан бораëтган жараëн махфий тутилмоқда.

Ҳозирча “Востокредмет” расмийлари устидан бораëтган жараëн махфий тутилмоқда.

Cўғд вилоят прокурори Хайрулло Саидов Чкалов шаҳридаги "Востокредмет" корхонаси юқори лавозимли шахслари билан бирга Ўзбекистон фуқароси ҳам ҳибсга олинганини маълум қилди.

Корейс миллатига мансуб бу шахсга ҳам Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилганлик айби қўйилмоқда.

- Ўзбекистон фуқароси Тенга нисбатан Тожикистон процессуал Кодексининг 308-моддаси - жосуслик айби қўйилган. Тен сўнгги икки йил давомида “Востокредмет” корхонаси раҳбарлари билан яқин алоқада бўлган ва корхонага тегишли ҳарбий-иқтисодий сир ҳисобланмиш маълумотларни Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимларига етказиб турган. Ҳозирча бундан ортиқ маълумот беролмаймиз, деди Хайрулло Саидов.

“Востокредмет” давлат корхона собиқ бош директори Шавкат Бобожоновнинг адвокати Наил Киреев ҳам ўтаётган маҳкама хусусида журналистларга бирор-бир маълумот беролмаслигини айтди.

- Биз адвокатлар суд жараёни хақида маълумотларни ошкор этмаслик ҳақида тилхатнома берганмиз. Шунинг учун маҳкамада кўтарилаётган масалалар ҳақида бирор нарса айтишга ҳаққим йўқ. Лекин гувоҳлардан бири маҳкамага келмаганлиги сабабли ҳозирча судда танаффус эълон қилинди. Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари ва суд раисининг илтимосига биноан оммавий ахборот воситаларида мазкур шахсларга нисбатан “жосуслик айби қўйилган” қабилида чоп қилинаётган хабарларда асос йўқлигини етказмоқчиман, деди адвокат Киреев.

“Хўп, маҳкамага тортилганлар жосус эмас экан, нега унда суд ёпиқ эшиклар ортида ўтаяпти?” деб сўраймиз Наил Киреевдан.

- Бунисини билмадим, айтаяпман-ку, бу ҳақда ҳеч нарса айтишга ҳаққим йўқ, деди Наил Киреев.

“Востокредмет” бирлашмаси хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Матин Зиёев, бирлашманинг собиқ бош инженери Александр Ботов ва капитал қурилиш бўлими бошлиғи Александр Бабошинлар шу йил май ойида, корхона бош директори Шавкат Бобожонов эса август ойида Тожикистон хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Уларга асосан хорижий ўлкалардан бирининг фойдасига жосуслик қилиш, ватанга хиёнат қилиш ва ўз хизмат ваколатларини суиистеъмол этганлик айблари қўйилмоқда.

Аммо, маҳаллий таҳлилчи Қобил Вализоданинг сўзларига кўра, судланаётганларни жосус дея эълон қилишга ҳали шошмаслик керак.

- Назаримда, корхона раҳбарларини жосусликда айблаш ўринсиз, бу Тожикистон расмийларининг навбатдаги сиёсий ўйини, деб ҳисоблайман. Чунки сўнгги пайтларда икки мамлакат муносабатлари борган сари совуқлашиб, таранглашиб бормоқда. Бундай вазиятда Тожикистон томони шу “жосуслар” масаласини қўзғаш орқали гўё қўшниларга босим ўтказмоқчи бўлаяпти, деди Қобил Вализода.

Чкаловск шаҳридаги “Востокредмет”га қарашли корхоналарда собиқ иттифоқ замонида уран қайта ишланар эди. Бироқ СССР тарқаганидан кейин корхона фаолиятида қатор ўзгаришлар содир бўлди.

Бугунги кунда “Востокредмет”да асосан заргарлик буюмлари, бирлашмага тегишли корхоналардан бирида эса автобус ишлаб чиқарилади, холос. Таҳлилчиларга кўра, мазкур корхонада давлат сири даражасида кўрилиши мумкин бўлган бирор маълумот қолмаган.
XS
SM
MD
LG