Линклар

logo-print

Мисрда ҳам ҳижоб жанжали

  • Садриддин Ашур

Шайх Тантовий Мисрда берган фатвоси учун Тожикистонда изоҳ берди.

Шайх Тантовий Мисрда берган фатвоси учун Тожикистонда изоҳ берди.

Мисрдаги Ал-Азҳар Ислом масжиди имом хатиби шайх Муҳаммад Саид Тантовий толиба қизларнинг университет биноси ичида ҳижоб ва ниқобсиз юриши мумкинлигини айтдию¸ балога қолди.

“Ҳижоб -- Ислом дини ва фарзларига ҳеч қандай алоқаси йўқ анъанадир”.

Мисрдаги Ал-Азҳар Ислом университети ректори ва шу номдаги машҳур масжид имом хатиби шайх Муҳаммад Саид Тантовий толиба қизларнинг университет биноси ичида ҳижоб ва ниқобсиз юриши мумкинлиги ҳақда фатво берди.

Бу фатводан сўнг, ҳижоб борасидаги зиддият янада авжига чиқди. Миср парламенти депутати Ҳамди Ҳасан Муҳаммад Саид Тантовий истеъфосини талаб қилиб чиқди:

- Тантовий аёл ўқитувчилар ва толиба қизларнинг университетга кирганидан сўнг ҳижобда юришини қайси асосда таъқиқлаб қўяди ва бу ҳақда фатво чиқаради? Агар улар ҳижобни диний муассасалар ичида ёпинишмаса¸ яна қаерда ёпинишади, деди Ҳамди Ҳасан ўз талабини асослай туриб.

Мисрда аксар аёллар ҳижобда юришади, лекин улар орасида оғиз бурунни ҳам ёпадиган “ниқоб”да юрадиганлар ҳам бор. Бу ҳолат Мисрдаги эркин фикрловчилар ва ҳукуматни ҳам жиддий ташвишга солган кўринади.

Мисрда алангаланиб бораëтган ҳижоб тортишуви ҳали бир ëқлик бўлмай туриб Муҳаммад Саид Тантовий Имоми Аъзам халқаро симпозиумида қатнашиш учун Тожикистонга сафар қилди. Озодлик мухбири Муҳаммад Саид Тантовийга мурожаат қилиб, ундан Мисрда ҳижоб ҳақида берган фатвосига аниқлик киритишни сўради:

- Биз мисрлик аёллар кўчаю хиёбонларда ҳам ҳижобсиз юрсин¸ деб фатво бермаганмиз. Бизнинг бу амримиз синфхоналар ичида таҳсил олаётган талаба қизларга тааллуқли. Чунки у ерда фақат қизлар ўқийди ва устозлари ҳам аёллар. Улар ўзлари ёлғиз бўлишгач, ҳижоб ва ниқобда ўтиришларига ҳожат йўқ, дейди Муҳаммад Саид Тантовий.

Ҳижоб масаласи нафақат Мисрда, балки бугун Марказий Осиё давлатларида ҳам зиддиятли мавзу бўлиб қолмоқда. Тожикистон Маориф вазирлиги олийгоҳ ва мактаб талабаларнинг дарсларга ҳижобда келишини таъқиқлайдиган фармон чиқарди. Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси ўринбосари Ҳикматулло Сайфуллозоданинг айтишича, мамлакатда ҳижоб масаласига сиёсий тус берилмоқда:

- Афсуски, Тожикистонда ҳижоб ёки исломий кийим кийишга, баъзи бир идоралар, алалхусус Тожикистон Маориф вазирлиги томонидан сиёсий мақом берилмоқда. Ҳижоб кийиш ҳар бир синглимиз ёки опамизнинг шахсий иши бўлмоғи керак, унинг бу ҳуқуқига ҳеч ким дахл қилиши мумкин эмас. Чунки, у ўз исломий ҳаёсини сақлаб қолиш учун шундай қилмоқда. Лекин расмийлар бу ҳижоб кийган аёллар диний партиялар ва оқимларнинг аъзолари¸ деб ўйлашади. Аксинча, бизга бу ҳуқуқ бузилишидан арз қилиб келаётган аёллар оддий намозхон муслима аёллар. Уларнинг на бизнинг партиямизга, на бирор бир диний оқимга алоқаси бор, дейди Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси ўринбосари Ҳикматулло Сайфуллозода.

Қўшни Ўзбекистонда ҳам ҳижобдаги талаба ва ўқувчилар олийгоҳ ва мактабларга қўйилмаяпти, агар улар ҳижобдан воз кечишни хоҳлашмаса¸ уларга таъсир қилиш учун бошқа синфдошларини биргаликда жазолашмоқда. Бу ҳақда тошкентлик оталардан бири шундай деди:

- Хуллас, қизларимизни бир соатлаб тик турғизиб қўйиб, ифлоссан деб, ваҳобийсан деб таҳқирлашмоқда. Уларнинг баҳоларини ҳам паст қўядиган бўлишди. Агар илгари улар ҳафтасига 20-25тадан беш олишаётган бўлса, ҳозир 4-5тадан ошмаяпти. Агар қизларимиз ҳижобларини ечишмаса, уларга қўшиб синфдошларини ҳам тик турғизиб жазолашмоқда. Яъни битта сени деб бутун синф азоб тортсин, дейишяпти. Синфдошлари эса, “битта сени деб биз нега қийналишимиз керак экан”, деб уларга қарши бўляпти. Хуллас¸ болалар орасига нифоқ солишяпти, дейди бу ота.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаровга кўра, мамлакат қонунчилигида жамоат жойларида диний либосда юриш мумкин эмас¸ деган қонун бор. Бироқ бу қонун, саллани олиб кел деса, каллани олиб келиш усулида ижро этилмоқда. Ваҳоланки, бу қонуннинг ўзи инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон имзо чеккан халқаро қонунларга тўғри келмайди.

- Умумжаҳон инсон ҳуққулари декларациясининг 18-моддасида ҳар бир инсон ўзининг диний эътиқоди учун курашиши ва ўша ҳолатда юриши аниқ равшан қилиб ëзиб қўйилган. Шунга биноан диний либосда¸ ҳижобда юрган одамнинг ҳаққи бор бунга.

Масаланинг иккинчи томонида шу борки¸ ҳеч ким ҳеч қаерда киндигини очиб юрган¸ киндигига балдоқ тақиб олган¸ кўкрагини очиб юрганга гап қилмайди. Ҳар бир инсон ўз ҳақ-ҳуқуқига эга. Бу хусусда бизнинг ҳукумат бир ўйлаб кўрса керак¸ дейди инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG