Линклар

Касьянов Путин сирини очди

  • Ҳасанжон

Касьянов фикрича, Путин президентлиги даврида Россияда фуқаролар эркинлиги секин-аста йўқ бўла бошлаган ва “путинизм” тушунчаси шаклланган.

Касьянов фикрича, Путин президентлиги даврида Россияда фуқаролар эркинлиги секин-аста йўқ бўла бошлаган ва “путинизм” тушунчаси шаклланган.

Россия собиқ президенти Борис Ельцин яқинларидан бўлган Михаил Касьянов “Путинсиз” деб номланган китобини оммага тақдим қилди. Китобда муаллиф ўзининг қандай қилиб собиқ Бош вазирдан мухолифат лидерига айланганиниҳикоя қилган.

Россия собиқ Бош вазири Михаил Касьянов 6 октябр куни Москвада “Путинсиз” ('Без Путина) деб номланган янги китобини тақдим қилди.

Касьянов ўз китобида Россиянинг ҳозирги Бош вазири Владимир Путин 1999 йил декабрида президент бўлганидан кейин ўзини ҳокимият тепасига олиб келган Борис Ельцинга қарши бўлиб қолгани ва уни “олтин қафасда” сақлаганини иддао қилган.

Касьяновга кўра, Ельцин 2006 йилда 75 йиллик юбилейини яқинлари билан ўз уйида нишонлашни режалаган. Бироқ Ельцин тадбирни Кремлда ўтказишга мажбур қилинган. Кечага эса фақат Кремл танлаган одамларгина таклиф қилинган. Улар орасида собиқ Бош вазир Михаил Касьянов бўлмаган.

Россиядаги сиёсий ўтиш даврида Бош вазир бўлиб ишлаган Касьянов фикрича, Путин президентлиги даврида Россияда фуқаролар эркинлиги секин-аста йўқ бўла бошлаган ва “путинизм” тушунчаси шаклланган.

- Мамлакат ўз тарихидаги жуда оғир даврни бошдан кечирмоқда. Ҳозирги раҳбарлардан қандайдир ижобий ўзгаришни кутиш ўринсиз. Афсуски, хоҳлаймизми ёки йўқ, бизни олдинда янада оғир кунлар кутмоқда. Кимдир буни турғунлик демоқда. Мен ҳам буни турғунлик даври деяпман. Аммо бу Брежнев давридагидек турғунлик эмас. Тарихдан, фильм ва китоблардан Брежнев ёвуз одам бўлмаганини биламиз. Бу ерда биз одамлар тақдирига нисбатан шафқатсиз қарорлар қабул қилинаётганини кўряпмиз, деди Россия собиқ Бош вазири.

“Путинсиз” деб номланган китоб Михаил Касьяновнинг журналист Евгений Киселёв билан ўтказган суҳбатлари туркуми сифатида ёзилган бўлиб¸ китоб муқаддимасида Касьянов Бош вазирдан қандай қилиб мухолифат лидерига айлангани ҳақида сўз боради.

Тақдимот маросимида қатнашган “Эхо Москвы” радиоси раҳбари Алексей Венедиктов Касьяновнинг янги китобидан Ельцин ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлганини айтади.

- Китобнинг пенсионер Борис Ельцин ҳақидаги қисми мен учун янгилик бўлди. Борис Николаевич президент лавозимидан истеъфога чиққанидан кейин мен у билан деярли мулоқотда бўлмадим. Шу боис Михаил Касьяновнинг ҳиссиётга тўла гаплари мен учун янгилик бўлди. Ҳолбуки¸ мен Ельциннинг оила аъзоларидан бу ҳақда сигналлар олган эдим, дейди “Эхо Москвы” радиоси раҳбари.

Касьяновнинг Ельцинга нисбатан ачиниш ҳиссига ҳамма қўшилаётгани йўқ. Улардан бири Россияда фаолияти таъқиқланган Миллатчи-большевиклар партияси собиқ раҳбари¸ ҳозирда “Другая Россия” партияси аъзоси Эдуард Лимоновдир.

- У Совет иттифоқининг парчаланишида айбдор шахс. Ва мен у ҳақда илиқ гап айта олмайман. Уни нафақат “олтин қафас”¸ балки темир панжара ортида сақлаш керак эди, дейди Эдуард Лимонов.

Касьянов ўз китобида Владимир Путинни кескин танқид қилган. Собиқ Бош вазир фикрича, Путин президентлик даврининг дастлабки йилларида қўпол хатоларга йўл қўйган.

Беслан шаҳрида мактаб ўқувчиларининг гаровга олингани, Путин ҳокимиятни марказлаштириб салоҳиятни ўз қўлига олганини ўз китобида мисол тариқасида ёзган Касьянов бу ва бошқа воқеалар унинг мухолифат сафига ўтишига туртки бўлгани айтган.

Касьянов Путиннинг қаҳрига учраган Россиядаги олигархлардан бири Михаил Ходорковскийнинг қўлга олиниб¸ озодликдан маҳрум қилинишига ҳам қарши чиққан.

Касьяновнинг янги китобида Ходорковский ва Россиядаги бошқа олигархлар Путин ва Россия ҳукумати билан келишувга эришишга урингани ҳақида сўз борган.

Касьяновга кўра, Ходорковский Россия ҳукумати Совет иттифоқи парчаланганидан кейин амалга оширилган хусусийлаштириш ҳақидаги қонунларнинг қайта кўриб чиқилишининг олдини олишга қаратилган қонун қабул қилишини хоҳлаган. Эвазига олигархлар Совет иттифоқи парчаланганидан кейин давлатга тўланмаган солиқларни Россия ҳукуматига тўлашга рози бўлган. Ходорковскийга кўра, бу маблағ ўнлаб миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.

Собиқ Бош вазирнинг иқтидордаги Бош вазир ҳақда ëзилган “Путинсиз” номли китоб тақдимоти ўтказилишидан олдин айрим нашрларда китобдан парчалар чоп этилди.

Ходорковский адвокати Вадим Клюгвант Михаил Ходорковский ҳам бу китобни ўқишни жуда хоҳлаётганлардан бири эканини айтади.

- Гап шундаки, Россияда чиқадиган ҳафталиклардан бири бу китобдан парчалар чоп қилди. Уни Ходорковский ўқиб чиқди. Ўша вақтдаги воқеалардан яхши хабардор бўлган кишилардан бири бўлишига қарамай, хатто у ҳам ўзи учун муҳим ва қизиқарли бўлган тафсилотлардан хабардор бўлди, деди Михаил Ходорковскийнинг адвокати Вадим Клюгвант.

Кремл элитасига асосланиб “Эхо Москвы” радиоси раҳбари Алексей Венедиктовнинг айтишича, мамлакатнинг иккинчи ва учинчи раҳбарлари ҳам Михаил Касяновнинг янги китобини ўқиб чиққан.
XS
SM
MD
LG