Линклар

logo-print

Жорий ҳафтада АҚШ Эрондаги таниқли инсон ҳуқуқлари ташкилотини молиялаштиришни тўхтатгани маълум бўлди. Бу қарор Вашингтон билан Теҳрон биринчи марта юзма-юз Эрон ядровий дастури борасида музокара ўтказаётган пайтга тўғри келди.

Эронда Инсон ҳуқуқлари вазиятини ҳужжатлаштириш маркази мамлакатда инсон ҳуқуқларининг бузилиши, хусусан, ноқонуний ҳибсга олишлардан тортиб қийноқлар қўлланилишигача бўлган маълумотларни тўплаш билан шуғулланади.

Кейинги беш йил ичида мазкур ташкилот АҚШ Давлат Департаменти қошидаги халқаро ривожлантириш агентлигидан 3 миллион АҚШ долларига яқин маблағ олган.

Ташкилотнинг ижрочи директори Рене Редман Эрон президентлик сайловидан кейинги норозиликлар пайтида намойишчиларга нисбатан куч қўлланганига оид воқеаларни текшириш мақсадларига келаси икки йил учун яна икки миллион доллар сўраш ниятида бўлгани айтилмоқда.

Бироқ жорий ҳафтада ташкилот яқин келажакда АҚШдан ҳеч вақо ололмаслиги маълум бўлди.

Молиявий ёрдамнинг тўхтатилгани Қўшма Штатлар биринчи марта Эрон билан унинг ядровий дастурига оид юзма-юз музокараларни олиб бораётган пайтга тўғри келди. Бу музокаралар икки давлат ўртасида кейинги ўттиз йилдан бери бу даражадаги биринчи контакт бўлди.

Эронда Инсон ҳуқуқлари вазиятини ҳужжатлаштириш марказига ёрдамнинг тўхтатилгани Қўшма Штатларнинг Эронга нисбатан холис ниятини кўрсатиш учун лозим бўлган қадамми?

Ҳюман Райтс Вотч ташкилотининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дастурлари тадқиқотчиси Умид Мемариан бу саволга “мутлақо йўқ”, деб жавоб беради.

Унинг айтишича, айнан Эрондаги вазият билан шуғулланувчи инсон ҳуқуқлари ташкилотига ҳомийликнинг тўхтатилгани АҚШ президенти Барак Обама маъмуриятининг ўз позицияларидан чекинаётганини намойиш қилади.

- Менимча, Қўшма Штатлар учун ядровий дастур масаласи энг устивор масаладир, инсон ҳуқуқлари эса Эроннинг ички иши ҳисобланади. Лекин биз ҳозир глобаллашув шароитида яшамоқдамиз ва Дарфур ёки Босниядаги халқаро вазият ҳақида қанчалик қайғурсак, Эрондаги инсонлар ҳақида ва уларга нисбатан ҳукумат томонидан қандай муносабат бўлаётгани ҳақида ҳам шунчалик қайғурмоғимиз лозим, дейди Ҳюман Райтс Вотч вакили.

Мемариан ядровий дастурга оид музокаралар ва Америка Эроннинг бу музокараларга жиддий ёндашишига эришиши муҳим эканини эътироф этади. Лекин, унинг фикрича, Вашингтон Эронга оид яна бир муҳим масалани ҳам беписанд қолдирмаслиги лозим.

- Менимча, Обама маъмурияти ҳозир нозик бир вазиятда қолди. Бир томондан Эрон ядровий дастури халқаро хавфсизлик учун аҳамиятли ва кўп давлатларни ташвишга солаётган масаладир. Бошқа томондан Эрон ҳукуматининг сайловдан кейинги шафқатсиз ҳаракатлари ҳам унутилмаслиги лозим. Ва ўйлашимча, улар, яъни Эрон ва Америка иккала масалани ҳам бир пайтнинг ўзида муҳокама қилишилари мумкин. Аввал ядровий дастур масаласи ҳақида гаплашиб, инсон ҳуқуқлари мавзусини кейинга қолдириш шарт эмас”, дейди Умид Мемариан.

Вашингтондагги мудофаа ва ташқи сиёсат бўйича Като Институти вице президенти Тэд Гален Карпентер бу фиркларга қўшилмайди.

Унинг фикрича, Эронда Инсон ҳуқуқлари вазиятини ҳужжатлаштириш маркази учун грантларнинг тўхтатилгани музокараларда муросага эриша олиш учун Вашингтоннинг холис нияти рамзидир.

- Бу нисбатан кичик чекиниш, ҳеч бир масала назардан қочирилгани йўқ. Бу каби дастурлар улардан кўзланган мақсадларга эришишдан кўра, америкаликларнинг олижаноблигини намойиш қилиш учун мўлжалланган. Обама маъмуриятининг қарори эса, менимча, АҚШ ташқи сиёсатини изга солиш уринишдир. Бу ташқи сиёсатнинг асосий диққати хавфли режимларнинг ички ишларига эмас, халқаро майдондаги ҳатти ҳаракатларга қаратилган, дейди Като Институти вакили.

Карпентернинг таъкидлашича, АҚШ ҳукумати инсон ҳуқуқлари масаласига бефарқ қолмаслик билан биргаликда Америка хавфсизлиги учун муҳим бўлган долзарб муаммоларни ечимсиз қолдиришни ўзиша эп кўрмаслиги лозим. Эроннинг ядровий дастурини ҳар қандай усул билан тўхтатиш эса, таҳлилчига кўра, АҚШ манфаатларига мос келиши шубҳасиз.

- Ташкилотга молиявий ёрдамни тўхтатиш Қўшма Штатлар манфаатлари учун ўта муҳим бўлган масалаларда ижобий силжишларга эришиш учун бажарилиши лозим бўлган асосий шартлардан биридир. Бошқа сўз билан айтганда, Америка хавфсизлиги учун биз учун Эроннинг ядровий масалага оид ҳатти ҳаракатлари ва Теҳроннинг Ироққа ёки ундан ҳам муҳимроқ бўлган Афғонистонга нисбатан сиёсати муҳимроқдир, дейди Тэд Гален Карпентер.

Албатта, муроса қилиш учун қабул қилинган бу каби қарорлар, Карпентер фикрича, Эроннинг ҳам холис ниятли бўлишини кафолатламайди, лекин Америка муроса қилишга тайёрлигини намойиш қилмаса, икки томонлама музокараларнинг ҳеч бир натижасиз якунланиши муқаррардир.
XS
SM
MD
LG