Линклар

Ўлим жазоси баҳси давом этмоқда

  • Гулнора Равшан

Қонга қон¸ жонга жон принципига ишонувчи кўплаб тожикистонликлар қотиллик қилганлар қатл этилиши тарафдоридир.

Қонга қон¸ жонга жон принципига ишонувчи кўплаб тожикистонликлар қотиллик қилганлар қатл этилиши тарафдоридир.

Тожикистонда ўлим жазосига мораторий эълон қилинган бўлса-да, олий жазо бутунлай бекор қилинган эмас. Мамлакатда мазкур жазони батамом бекор қилиш тарафдорлари ҳам, бу фикрга қарши бўлганлар ҳам талайгина.

Тожикистон Олий суди 8 яшар болани зўрлаган ва ўлдирган Раҳматшоҳ Шоҳмаликовни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. 2004 йили Тожикистонда ўлим жазосига мораторий эълон қилганидан сўнг умрбод қамоқ жазоси бу мамлакат суд тизимларида олий жазо ҳукми ўлароқ тайинланган.

Европа Иттифоқи “Ўлим жазосига қарши кураш” куни арафасида минтақа ва дунё давлатларини ўлим жазосини бутунлай бекор қилишга даъват этди. Аммо тожикистонликларнинг ҳаммаси ҳам мамлакатда ўлим жазоси бекор қилинишини истайди, деб бўлмайди. Душанбелик Маҳмадсаид ана шундайлардан бири.

- Мамлакатимиздаги ички низолар чоғида менинг икки укам шахсий адоват ортидан ўлдирилган эди. Ўтган шу давр ичида уларнинг қотиллари топилмади ва тегишли жазо олмадилар. Мен бугун ҳам қотилларнинг топилиб жазоланиши кеч бўлмаган, деб биламан. Ва қотиллар топилиб, уларга ўлим жазоси берилса¸ кўнглим таскин топади, дейди Маҳмадсаид.

Адвокат Файзи Олий ўзининг кўп йиллик иш тажрибасида фарзанди ёки яқинларидан бирини ўлдирган жиноятчига ҳам айни жазо берилишини талаб қилган кишиларни кўп учратганини айтади.

- Жабрланувчиларнинг аксарияти қотилга 15 йиллик ёки умрбод қамоқ жазоси берилишига рози эмаслар. Улар судлардан қотил ҳам қатл этилишини талаб қилишади, чунки жабрланувчилар табиатан ўз яқинларига нисбатан содир этилган бу оғир жиноятни кечира олмайдилар, дейди Файзи Олий.

Тожикистонда 2004 йил 17 апрелида мамлакат Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, ўлим жазосига икки йиллик мораторий эълон қилинган эди. 2006 йилдан буён ҳар йили мораторий муҳлати узайтирилиб келинмоқда.

Аснода айрим тожикистонликлар миллий зеҳниятдан келиб чиққан ҳолда қотил қатл қилиниши тарафдори эканларини даъво қилсалар-да, мамлакат Олий суди раиси Нусратулло Абдуллоев бугун журналистлар учун берган матбуот анжуманида Тожикистон бундан буён ҳеч қачон ўлим жазосини жорий қилмаслигини таъкидлади.

- Тожикистон ўлим жазосига қатъий тарзда вето қўйди. Ва на бугун, на эртага Тожикистон бу йўлидан қайтмайди. Бу борада президентимиз ҳам бир неча бор таъкидлаган. Инсоннинг жонини уни Яратгангина олишга ҳақли. Биз инсонпарварлик тарафдоримиз. Биз жазони кучайтириш йўли билан жамиятни яхши томонга ўзгартириш тарафдори эмасмиз, деди Тожикистон Олий суди раиси Нусратулло Абдуллоев.

Аммо расмий Тожикистонда қачон ўлим жазоси бутунлай бекор қилиниши борасида аниқ гап айтмади.

Нусратулло Абдуллоев ҳар қандай жамиятда - у қандай шаклда бўлмасин - жиноят мавжудлигини ва ўлим жазоси жиноят миқдорини камайтиришга ҳечам таъсир ўтказа олмаслигини таъкидлади.

Расмийнинг билдиришича, жорий йил 9 ойи давомида мамлакатнинг 9 фуқароси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлиб, бу ўтган йил шу даврига нисбатан икки баравар кўпдир.

Тожикистонлик ҳуқуқшунос Ойниҳол Бобоназарова ҳам Тожикистонда ўлим жазоси батамом бекор қилиниши тарафдори эканини айтади.

- Менимча, Тожикистонда бугунги кунда ўлим жазосини бутунлай бекор қилиш вақти етган. Мана, Туркманистон бундан бир неча йил аввал шундай қарорга келган эди. Нега биз қўшниларимиз Ўзбекистон, Қирғизистондан ортда қолишимиз ва ўлим жазосини улар сингари бекор қилмаслигимиз керак. Тожикистонда мораторий эълон қилинганидан сўнг кўпчилик жиноят камаяди, деб ишонган эди. Аммо бир неча йиллик таҳлиллар натижаси аксинча жиноят кўпаяётганини кўрсатмоқда. Кимга керак шу мораторий, у нима берди жамиятимизга? Менимча, ўлим жазоси батамом бекор қилиниши зарур, дейди ҳуқуқшунос.

Бобоназаровага кўра, жиноятчи қотилликка қўл ураётиб, ўлим жазоси борасидаги ҳукм бор ё йўқлигини ўйламайди. У ўз психологияси, тарбиясидан келиб чиққан ҳолда ёки жамиятдаги ижтимоий, иқтисодий ёки сиёсий вазият босимида шундай жиноятга қўл уради.

Европа Иттифоқи маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёнинг 94 давлати ўлим жазосини бекор қилган.

Тожикистонлик ҳуқуқшунос Бобоназарованинг айтишича, Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Тожикистонда ўлим жазоси сақланиб қолган. Расмий статистик маълумотларга кўра, биргина 2003 йилда, яъни мамлакатда ўлим жазосига мораторий эълон қилингунига қадар тожикистонлик 25 фуқарога ўлим жазоси тайинланган ва ҳукм ижро этилган.
XS
SM
MD
LG