Линклар

logo-print

Ўзбек фоҳишалари Малайзияни "гуллатмоқда"

  • Ҳурмат Бобожон

Икки давлат ўртасидаги виза режимининг қулайлиги¸ кузатувчилар фикрича¸ Малайзия пойтахтини ўзбек фоҳишалари йўл олаëтган манзилга айлантирмоқда.

Икки давлат ўртасидаги виза режимининг қулайлиги¸ кузатувчилар фикрича¸ Малайзия пойтахтини ўзбек фоҳишалари йўл олаëтган манзилга айлантирмоқда.

Малайзия полициясига кўра¸ сўнгги тўрт йил ичида 267 нафар ўзбекистонлик фоҳиша ва қўшмачи қўлга олинган. Бу билан ўзбек фоҳишалари йўл олаëтган Ҳиндистон¸Таиланд¸ БАА ва Туркия каби давлатлат рўйхатига энди Малайзиянинг ҳам қўшилгани аëн бўлди.

Малайзияда фоҳишалик билан мўмай пул ишлаётган аёллар орасида ўзбекистонликлар ҳам анчагина. Малайзия полициясининг Жиноий-тергов бошқармаси раҳбари Муҳаммад Бакри Озодлик билан суҳбатда 2005 йилдан бери Малайзияда қўлга олинган фоҳишалардан 267 нафари мамлакатга сайёҳлик визаси билан кирган Ўзбекистон фуқаролари бўлиб чиққанини айтди.

- Мана шу ўтган тўрт йил давомида биз Малайзияда фоҳишалик билан шуғулланган 267 нафар ўзбекистонлик аёлни қўлга олишга муваффақ бўлдик. Айримлари катта миқдорда жаримага тортилди, бошқалари келган мамлакатига депортация қилинди, деди Муҳаммад Бакри.

Малайзияда чиқадиган “Utusan Malaysia” газетасининг 5 октябр кунги сонида эълон этилган мақолада ўзбек аёллари бир марталик хизмат учун 300-450 доллар олаётганлари ва улар бир ойда 30 минг долларгача пул ишлашлари мумкинлиги ёзилган. Шунингдек, газетада мамлакатга студент визаси билан ёки сайёҳ ниқоби остида келаётган ўзбек аёллари уч ойлик мавсумда 100 минг долларгача даромад қилаётгани ҳам билдирилган.

Малайзия полициясининг Жиноий-тергов бошқармаси раҳбари Муҳаммад Бакри мамлакатда фоҳишалик билан шуғулланувчи аёллар мўмай пул ишлашларини инкор этмайди, аммо бу борада полиция аниқ маълумотга эга эмаслигини айтади.

- Малайзияда фоҳишалик билан 100 минггача даромад қилиш мумкинлиги ҳақдаги маълумотлар биздан чиқмаган, деди Муҳаммад Бакри.

Малайзияда ўзбекистонлик аёллар танасини сотиб, фоҳишалик билан шуғулланаётгани ҳақдаги хабарлар юзасидан Ўзбекистоннинг Куала Лумпурдаги элчихонасига сим қоқдик. Элчихона расмийларидан бири, бу ҳолатлар ўрганиб чиқилаётгани ва Малайзияда қўлга олинган фоҳиша аёллар Ўзбекистондан бўлмаслиги ҳам мумкинлигини айтди.

- Ҳали ноаниқ. Биласизми¸ нимага бунақа бўлаяпти? Бу ердан МДҲ бўйича фақат Ўзбекистон ҳаво йўллари учади. Яъни битта МДҲ бўйича битта авиакомпания. Аэрофлот ҳам йўқ бу ерда. Нафақат Ўзбекистон фуқаролари¸ бошқалар бўлиши ҳам мумкин. Ўша авиакомпаниянинг иккита рейси борда. Балки улар адашган бўлса керак. Бўлиши мумкин эмас. Бугун-эрта улар билан учрашиб¸ аниқроқ сўраб оламиз. Паспорт копиялари¸ маълум бир фамилиялар ҳам йўқ. Бизларга ҳали ҳеч қанақа маълумот келмаган¸ дейди Ўзбекистоннинг Куала Лумпурдаги элчихонасидаги ходимларидан бири.

Аммо Малайзия полициясининг Жиноий-тергов бошқармаси раҳбари Муҳаммад Бакрининг айтишича, қўлга олинган аёллар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон фуқароларидир ва улар қўлларида паспортлари ҳам бўлган.

- Ҳақиқатан ҳам бу аёллар қонуний йўллар билан сайёҳ ниқоби остида Малайзияга оқиб келмоқда. Қўлларида паспортлари ҳам бор ва шу паспортга уч ойлик виза муҳри ҳам босилган, дейди Муҳаммад Бакри.

Жаноб Бакрига кўра, сўнгги тўрт йил давомида фоҳишаликка қарши олиб борилган кураш доирасида Малайзияда 456 нафар қўшмачи ҳам ҳибсга олинган, улардан 191 нафари озодликдан маҳрум этилган, қолганининг иши терговда.

Кузатувчилар Малайзияда ўзбекистонлик фоҳишалар кўпаяётганини ушбу давлат визаси олиш Ўзбекистон фуқароларига осонлиги билан боғлашади. Малайзиянинг Тошкентдаги элчихонаси ходимининг айтишича, бир ойгача бўлган муддатга борувчилар учун эса умуман виза керак эмас.

- Ўзбек бўлсангиз¸ бир ой мобайнида визасиз келсангиз бўлади.

Озодлик: Малайзияда бир ой визасиз юрса бўладими?

- Ҳа. Билет олсангиз бўлди. Туркияга ўхшаганда. Бир ойдан ортиқ бўлса¸ виза олишингиз керак¸ дейди Малайзиянинг Тошкентдаги элчихонаси ходими.

Малайзия полицияси эса Муҳожирлик бўлими билан мунтазам учрашувлар ўтказиб, мутасаддиларни мамлакатга келаётган чет эллик аёлларга жиддийроқ муносабатда бўлишга чақириб келмоқда.

Фоҳишалик билан шуғулланган ўзбекистонлик аёлларнинг қўлга олиниши билан боғлиқ бу каби ҳолатлар Ҳиндистон, Таиланд, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия каби давлатларда ҳам қайд этилган. Озодлик мухбири журналистик суриштирув ўтказиб, Туркия меҳмонхоналарида ўзбекистонлик аёллар танфурушлик билан шуғулланишларини аниқлаган эди.

Ўзбекистондаги “Ҳозиржавоб гуруҳ” ҳам ўзбекистонлик аёлларнинг чет давлатларда фоҳишалик билан шуғулланишлари ҳолатларини ўрганиб чиққан. Гуруҳ раҳбари Суҳроб Исмоилов, Ўзбекистондаги қийин иқтисодий вазият, ишсизлик бунинг асосий сабабчиси эканини айтади.

- Ишсизлик¸ иқтисодий-ижтимоий аҳволнинг янада танглашуви мана шу сабабнинг аҳамиятини ҳеч қачон камайтирмайди. Ҳукумат мана шунақа салбий ҳолатларнинг олдини олмоқчи бўлса¸ мамлакат ичида иқтисодий реформаларни ўтказиши керак. Янги иш ўринлари яратилиши керак¸ эркинлик берилиши керак. Шундагина бу муаммонинг анча жиддий ечимига келинган бўларди.

Озодлик: Аммо, уруш давридаги очарчилик йилларида ҳам ўзбекистонлик аёллар бу даражага тушмаган эдику.

- Ҳозирги пайтда аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий танглиги кучайган сайин биз инсонларда ахлоқий нормаларнинг пасайишини ҳам кузатаяпмиз. Кўпинча қайси оила ниманинг орқасидан пул топаяти¸ қайси бир оила бошлиғи хоҳ аëл бўлсин¸ хоҳ эркак бўлсин у ниманинг орқасидан кун кўраяпти¸ мана шу масалалар ҳозирчалик инсонларнинг эътиборидан четда қолмоқда. Кўп ҳолатларда бу очиқ-ойдин айб саналмай қўйди. Мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий аҳволнинг танглиги¸ ҳатто маънавиятимизнинг ҳам танглашувига олиб келаëтганлигинигн сабабидир¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG