Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:58

Бузуқ трактор


МДҲ саммитига келаëтганлар сонининг сийраклашиб бораëтгани¸ ўсал ëтгани айтилаëтган бу гуруҳнинг ўлим томон ҳаракати тезлашганидан дарак¸ дейишмоқда айрим таҳлилчилар.
МДҲ саммитига келаëтганлар сонининг сийраклашиб бораëтгани¸ ўсал ëтгани айтилаëтган бу гуруҳнинг ўлим томон ҳаракати тезлашганидан дарак¸ дейишмоқда айрим таҳлилчилар.

Битта нарса бир вақтнинг ўзида ҳам чамадонга, ҳам тракторга, ҳам кемага, ҳам қумга ўхшаши мумкинми? Бугун ўтказганимиз кичик бир тадқиқот натижаларига қараганда, мумкин экан.Фақат бунинг учун чамадонга ҳам, қумга ҳам ўхшаган нарса – ташкилот бўлиши керак.

Топишмоқни чўзиб, жавоби учун Сиздан шаҳар талаб қилиб ўтирмай: гап МДҲ устида бораяпти.

9 октябр куни Молдова пойтахтида ташкилот саммити, аниқроғи, чаласаммити бошланди.

Чунки Кишиневга Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон президентлари бормади.

Сиёсатшунослар саммитга:

Каримовнинг бормаганини ГЭСингни қуриб ол, деб Қирғизистонга ёрдам бераётгани учун Москвага иддаою фироқ қилаяпти, деб;

Назарбоевнинг бормаганини “просто” боргиси келмади, чиройли ташаббусларини ЕХҲТга раис бўлганда айтиш учун сақлаяпти, деб;

Раҳмоннинг бормаганини ҳарбий база учун ҳақ бермади, деб Москвага аччиқ-тирсиқ қилаяпти, деб изоҳламоқдалар.

Бердимуҳаммедовни айтмасаям бўлаверади. Туркманистон раҳбари аввалги саммитларгаям борса борарди, бормаса – йўқ.

Қисқаси, Кишинёв саммити тўғрисида жиддий гапиришга ўрин қолмади.

Қолаверса, мазкур учрашувда Ҳамдўстлик ўзининг бир мучаси – Грузия билан расман хайрлашади.

Натижада бугунги газеталарда характерли сарлавҳалар пайдо бўлди. Мана биттаси: “МДҲнинг деградацияси давом этмоқда”. ("Республика. KZ")

Бошқа бир сарлавҳа янада шафқатсизроқ: “Кишинёв саммити Ҳамдўстликнинг ўсал ётганини кўрсатмоқда” ("Свободная пресса")

Россиялик яна бир журналист саммитни “Хитойча май базми”, деб атабди. ("Слон.РУ")

Матбуотда бошланиб кетган бу “Ўхшатдим-ўхшатдим” пайровига қўшилишни тингловчиларимизга таклиф қилдик.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов кимдир МДҲни бузуқ тракторга ўхшатганини эшитган экан. Бу ўхшатиш нотўғри, дейди у.

- Чунки бузуқ тракторни тузатиш мумкин¸ у ëқ¸ бу ëғини алмаштириб фаолиятга солиб юбориш мумкин. МДҲ ни металлаломга топширилган тракторга ўхшатиш мумкин холос¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Ўзи оддий ҳайдовчи, лекин сиёсий жараёнларни синчковлик билан кузатадиган андижонлик Орифжоннинг фикрича, МДҲ трактор эмас, машина, лекин юрмайдиган машина.

- Шофëр ҳисобида МДҲ нинг ҳозирги ҳолатини ўйлайдиган бўлсам¸ сборка қилиниб¸ охирига етмай қолиб кетган машинага ўхшайди. Машина бору¸ лекин юрмайди¸ дейди Орифжон.

Тарих ўқитувчиси Бурҳон аканинг фикрича, МДҲ трактор ҳам, машина ҳам эмас, у кемадир. Фақат сузмайдиган кема.

- Бу ташкилот денгизнинг ўртасида бузилиб қолган кемада. Кемалиги рост¸ ҳақиқий кема¸ лекин юрмайди. Бир жойда тураверади¸ дейди тарих ўқитувчиси Бурҳон ака.

Фарғоналик иқтисодиёт ўқитувчиси Маъруфжон аканинг фикрича, МДҲ трактор ҳам, машина ҳам, кема ҳам эмас. МДҲ жонли организм. Лекин ғўр организм.

- Ўйлаган ўйи бир бўлиб туриб¸ кўзлаган мақсади бошқа бўлиб турган бир йигитга ëки қизга ўхшатгим келади. Энди менинг жуда ҳам ўхшатгим келардики¸ масалан¸ айтайлик¸ Европа мамлакатларига ўхшаб ўрталарда чегаралар олиб ташланса¸ бир мамлакат иккинчи мамлакат билан ҳаттоки пул бирлигини жорий қилишса¸ интеграциялаши¸ бир бирига киришиб кетган мамалакатлар бўлишини истар эдим¸ дейди Маъруфжон ака.

Геолог Мўътабар Аҳмедова узоқ йиллар қаттиқ жисмлар билан ишлагани учунми, қаттиққўллик тарафдори. Унинг фикрича, МДҲ тош бўлиши керак, ҳозир эса қумдир.

- Собиқ совет иттифоқи тарқаб кетгандан кейин тузилган бу ташкилот¸ ҳаддан ташқари бўш. Муқим жойда турмайдиган нарса бу қум. Мана шу ташкилот худди қумга ўхшаб қолди. Чунки унинг асоси йўқда. Уни ушлаб турадиган қонуният ҳам йўқ. Диктатор Сталинга ўхшаган¸ мен Сталиннинг диктаторлигини доим қўштирноқ ичига оламан¸ қаттиққўл¸ адолатли раҳбарнинг ўзи йўқ¸ дейди Мўътабар Аҳмедова.

Мўътабар опа билан белоруссиялик таҳлилчи Вадим Гигин ("Belta.BY) ғойибона баҳсга киришади:

“Россия раҳбарларининг МДҲ мамлакатларидаги ҳамкорлари билан муомаласи феодаллар ҳукм сурган даврларни эслатади. Афтидан Москвада кимдир 21 асрда сюзерен ва вассаллар йўқлигини, иттифоқдош республикалар аллақачон мустақил давлатларга айланганини эсдан чиқарганга ўхшайди”.

Бундай гапни сиёсатшунос Камолиддин Раббимовдан ҳам эшитдик.

- Совет иттифоқи тарқалганидан кейин Москвага нисбатан бўлган хавотирлар МДҲ да тўлалигича сақланиб қолди. Россия янги мустақил давлатлардаги стереотипларни¸ улардаги хавотирларни ювишнинг ўрнига имкон қадар¸ мана айниқса Путин келгандан кейин¸ янгилашга ҳаракат қилди. Бир томондан Москванинг мустақил давлатларга босим ўтказиш ҳақ-ҳуқуқи ҳам мавжуд эмас¸ унга етарли ресурслар ҳам мавжуд эмас эди. Лекин мана шундай амбиция МДҲ нинг умрини бир неча карра қисқартирди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Бугунги лавҳамизни яна бир ўхшатиш билан якунламоқчиман.

Москвалик сиёсатшунос Олег Шатуновский МДҲнинг таназзулга юз тутиб бораётгани тўғрисида фикр юритар экан, бундан 5 йил муқаддам мана бу фикрни билдирган эди:

“МДҲга аъзо мамлакатларнинг мутлақ кўпчилигида демократия Лох-Несс кўлидаги маҳлуқни эслатади. У ҳақда ҳамма эшитган, лекин ҳеч ким кўрмаган”.
XS
SM
MD
LG