Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:01

Гўрковлар иш ташламоқчи


Сўғд вилоятида бир майитни дафн этиш маросими 400 доллар маблағ талаб қилмоқда.
Сўғд вилоятида бир майитни дафн этиш маросими 400 доллар маблағ талаб қилмоқда.

Сўғд вилоятидаги гўрковлар ойли иш ҳақлари кўпайтирилишини, акс ҳолда ишдан кетишларини билдирмоқдалар. Сўғдликлар эса гўрковлар қабр қазиш учун 100 доллар ҳақ сўраётганликларини иддао қилишмоқда. Ҳукумат амалдорлари аҳоли ва гўрковларни муросага келтириш, сихни ҳам каббобни ҳам куйдирмаслик йўлини изламоқдалар.

Гўрковлар давлат томонидан берилаётган ойлик маош тирикчиликка етмаслигини айтадилар:

- Ойлигимиз 30 сомон ( 7 АҚШ доллари)ни ташкил этади.Тирикчилик ўтказиш қийинлашиб боряпти. Лекин шунга ҳам тоқат қилиб келдик.

Аммо одамларнинг қандай тили борди, бизга нисбатан тухмат қилишга?..

Ахир биз жазирама иссиқда ҳам, қор ёки ёмғир ёғиб турганда ҳам қабр қазиймиз. Айрим қабристонлар тошлоқ жойда.У ерда экскаватор ишлаши керак. Бунинг ўрнига биз белимизни букиб, экскаватор ишини бажараяпмиз. Бу ҳақда нимагадир ҳеч ким гапирмайди, - дейди Хўжанд шаҳридаги “Мозори Озах” қабристонининг гўркови Абдуали Дадабоев.

Вилоятда бир қабр қазиш учун 25 сомон, яъни 5 АҚШ доллари миқдорида ҳақ берилиши белгиланган. Бироқ сўғдликларнинг айтишларича, гўрковлар қабр учун 100 доллар талаб қилишмоқда. Сўғдликлар бу ҳақда Хўжанд шаҳар ҳукумати раҳбарлари билан учрашувда ҳам айтишди:

- Гўрковларда инсоф қолмаган. Гўрковлар хизмат ҳақини жуда ошириб юборишди. Илгари 50 - 60 сомонга рози бўлиб гўр ковлашарди. Энди бу пул билан уларга яқинлаша кўрманг. Бева - бечоралар нима қилсин, додини кимга айтсин, - дейди хўжандлик Хамроқул.

Хўжанд шаҳар ҳокими Содиқ Мирхолиқов ҳозирги иқтисодий қийинчилик шароитида бу муаммоларни атрофлича чуқур ўрганиб, икки томон ҳам рози бўладиган ечимга келиш зарур.

- Бугунги кунда гўрковлик ноёб касб бўлиб қолди. Ҳамма ҳам бу ишга кўнавермайди. Бугун гўрковликка рози бўладиган одамлар бармоқ билан санарли.

Тўғри, 30 сомон ойлик жуда кам. Бу масалани обдон ўйлаб, муаммони ҳал этишга ҳаракат қиламиз, - деди шаҳар ҳокими.

Исмини ошкор этмаслик ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан гапирган яна бир сўғдликнинг айтишича, гўрков майит чиққан уйга махсус таклиф қилиниб, унга пул, кийимлик каби нарсалар берилиб розилиги олинади.

Гўрковга берилган 300 - 400 сомондан ташқари жанозада имомликка ўтган муллага, ғассолга ҳам пул берилади. Бир сўз билан бир мурдани дафн этиш маросимига сарфланган маблағ 400 доллардан ошиб кетади.

Жамиятшунос Махфират Ҳожибоеванинг фикрича, айни замонда жиддий муаммога айланиб қолган масалалардан яна бири - қабристонларда янги қабрлар учун ернинг камайиб бораётганидир.

- Айтайлик, Хўжанд каби шаҳарда қабристон учун жой қолмаяпти. Аҳолиси 40-60 мингга етган катта қишлоқларда бу муаммо тобора ўткирлашиб бормоқда.

Бугун олдиндан қабр қаздириб қўйиш одат тусига кириб қолди. Қабристонларда ҳали инсон тириклигида кўтариб қўйилган кўплаб сағаналарни учратиш мумкин, - дейди Махфират Ҳожибоева.

Бугун биргина Хўжанд шаҳрида 15 та қабристон мавжуд. Айрим қабристонларга бир асрдан кўп вақт бўлган. Шаҳарликлар оламдан кўз юмган ўз яқинларини бошқа жойда кўмишга рози бўлишмайди. Майитни ота - онаси кўмилган қабристонга жойлашга ҳаракат қилишмоқда. Ер қолмаганлиги сабабли кўп ҳолларда янги майитни яқинлари кўмилган қабрга дафн қилишмоқда.
XS
SM
MD
LG