Линклар

Анқара Ереван билан шартнома имзолайди


Туркия ва Арманистон бугун ўзаро дипломатик алоқаларни қайта тиклашга оид шартнома имзолайди.

Ҳар иккала давлат ташқи ишлар вазирлари мазкур шартномани Туркия-Арманистон сўзлашувларига олти ҳафта давомида мезбонлик қилган Швейцариянинг Цюрих шаҳрида имзолайдилар.

Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг йўққа чиқишига Биринчи жаҳон уруши пайтида Усмонли турклар томонидан арманларнинг оммавий қирғин қилиниши сабаб бўлгани айтилади. Арманистон бу воқеларни геноцид деб баҳоласа, Туркия бу иддаоларни инкор қилмоқда.

Бугун имзоланадиган келишувга мувофиқ Биринчи жаҳон уруши пайтида рўй берган воқеаларни ўрганувчи махсус қўмита тузилади.
Бундан ташқари имзоланаётган келишувда ўзаро дипломатик алоқаларни қайта тиклаш ва давлат чегараларини очиш ҳам назарда тутилган.

1990 йиллар бошида Тоғли Қорабоғ учун Арманистон ва Озарбайжон ўртасида бўлиб ўтган уруш оқибатида 30 мингга яқин фуқаро нобуд бўлган. Бу можарода Озарбайжонни қўллаб-қувватлаган Туркия 1993 йилда Арманистон билан чегараларини ёпиб қўйган эди.

Цюрихдаги бугунги тадбирда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Франция Ташқи ишлар вазири Бернард Кушнер иштирок этадилар.
XS
SM
MD
LG