Линклар

logo-print

Туркия ва Арманистон ўзаро адоватга чек қўймоқчи


Озарбайжон ва Арманистон президентларининг Тоғли Қорабоғ масаласида Кишинёвда ўтган сўзлашувлари муваффақиятсиз якунлангани ҳам Туркия ва Арманистон муносабатларининг самимий бўлишига шубҳа туғдиради.

Озарбайжон ва Арманистон президентларининг Тоғли Қорабоғ масаласида Кишинёвда ўтган сўзлашувлари муваффақиятсиз якунлангани ҳам Туркия ва Арманистон муносабатларининг самимий бўлишига шубҳа туғдиради.

Туркия ва Арманистон бугун икки давлат ўртасидаги бир неча йиллик адоватга чек қўйишни назарда тутган тарихий битимни имзолайдилар. Мазкур битим ҳар иккала давлат Ташқи ишлар вазирлари томонидан Цюрих шаҳрида бўлиб ўтадиган учрашув чоғида имзоланади.

Тарихий шартномани имзолаш маросими Цюрих универститетида бўлиб ўтади.

-Туркия ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари ушбу тарихий битимни универститетнинг тарих факултетида имзолайдилар. Кўпгина ахборот агентликлари, жумладан, Туркия ва бошқа агентликлар бу воқеани катта қизиқиш билан кузатмоқдалар,-деди Озодлик радиосининг арман хизмати раҳбари Храир Тамразян.

Цюрихдаги тадбирда, шунингдек, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Франция ташқи ишлар вазири Бернард Кушнер иштирок этади.

Ҳар иккила давлат Ташқи ишлар вазирлари мазкур келишувни имзолагандан сўнг, Арманистон ва Туркия парламентлари уни маъқуллаши лозим.

Бироқ Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазият туфайли Туркиянинг яқин ҳамкори Озарбайжон ва Арманистон ўртасида юзага чиққан зиддият Ереван ҳамда Анқаранинг ўзаро яқинлашиш уринишларига соя солмоқда.

1990 йиллар бошида Тоғли Қорабоғ учун Арманистон ва Озарбайжон ўртасида бўлиб ўтган уруш оқибатида 30 мингга яқин фуқаро нобуд бўлган. Бу можарода Озарбайжонни қўллаб-қувватлаган Туркия 1993 йилда Арманистон билан чегараларини ёпиб қўйган эди.

Айни пайтда Арманистон ва Озарбайжон президентларининг Тоғли Қорабоғ мавзуига бағишлаб 9 октябр куни Кишинёвда ўтказган учрашуви самарасиз якунланди.

Кузатувчиларга кўра, бугун имзоланадиган ҳужжатда Тоғли Қорабоғ можароси борасида аниқ позициялар белгиланмаган.

Туркиянинг мухолифатдаги Республика халқ партияси раҳбари ўринбосари Онур Оймен гапиради:

-Женевада имзоланаётган ҳужжатларда Тоғли Қорабоғ масаласининг тилга олинмагани ва Арманистон қўшинларини босиб олинган ҳудуддан чиқарилиши инобатга олинмагани бизни ҳайратга солди. Туркия ўз чегараларини очиб, бу давлат билан алоқаларини яхшиласа, Арманистоннинг ўз қўшинларини олиб чиқишига ким кафолат бера олади,- деди Онур Оймен.

Туркия ва Арманистон ўртасидаги муносабатларнинг йўққа чиқишига, шунингдек, Биринчи жаҳон уруши пайтида Усмонли турклар томонидан арманларнинг оммавий қирғин қилиниши сабаб бўлгани ҳам айтилади. Арманистон бу воқеларни геноцид деб баҳоласа, Туркия бу иддаоларни инкор қилмоқда.

Жума куни Арманистон пойтахти Ереванда эса мингдан зиёд фуқаро икки давлат ўртасида имзоланаётган ҳужжатга қарши норозилик намойиши ўтказди.

Бугун имзоланадиган келишувга мувофиқ Биринчи жаҳон уруши пайтида рўй берган воқеаларни ўрганувчи махсус қўмита тузилади.

Айни пайтда кўпгина кузатувчилар "Туркия ва Арманистон ўртасида алоқаларнинг қайта тикланиши Кавказ минтақасидаги кескинликни юмшатишга салмоқли ҳисса кўшади", деган фикрда.
XS
SM
MD
LG