Линклар

ГЭС сотиб олмоқчимисиз? Қирғизистонга келинг..


Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши манзараси.

Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши манзараси.

Қирғизистон парламенти ушбу ҳафта якунида мамлакатда қурилаётган Қамбарота -1 ва Қамбарота -2 ГЭСларини сотишга ҳамда гаровга қўйишга рухсат берувчи қонунни шошилинч равишда қабул қилди. Қонуннинг шошилинч қабул қилинишига нима сабаб бўлди?

Бу билан Россия ёрдамида қурилиши мўлжалланган Қамбарота ГЭСларини сотиш, хусусийлаштириш ва гаровга қўйилишини таъқиқловчи қонун ўз кучини йўқотди.

9 октябр кунги парламент мажлисини очар экан, спикер Айтибай Тоғаев депутатларни Қамбарота ГЭСларини сотиш ва гаровга қўйишга рухсат берувчи қонунни ҳеч қандай муҳокамасиз қабул қилишга чақирди.

- Ҳурматли депутатлар, бу масала кеча фракцияларда қизғин муҳокама қилинган. Шунинг учун бу қонунни ортиқча муҳокама қилиб ўтирмай, тўғридан-тўғри овоз беришга қўймоқчимиз,- деди Айтибай Тоғаев.

Бироқ спикернинг қаршилигига қарамай, айрим депутатлар мазкур қонуннинг қабул қилиниши хато бўлиши тўғрисида мунозаралар ўтказдилар.

- Бугун жуда муҳим қонунни қабул қилмоқчимиз. Бу қонун Қамбарота ГЭСлари қурилишини тартибга солади. Бу қонунда миллий манфаатлардан чекинилгани мени ҳайратга солмоқда. Шунинг учун шошмасдан, қонунни экспертлар ва мутахассилар фикрини ўрганган ҳолда қабул қилишимиз керак, - деди ҳукуматпараст депутат Алишер Мамасолиев.

Парламентдаги коммунистлар ҳамда социал-демократлар фракциялари эса қонунни кескин танқид қилдилар. Коммунистлар фракцияси аъзолари Қамбарота ГЭСларини сотиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги қонунни ҳукумат амалдорларининг навбатдаги товламачилиги сифатида баҳоладилар.

Социал демократлар фракцияси аъзоси, депутат Роза Ўтунбоева эса ГЭСлар қурилишига ҳукумат маблағи ўртамчи ширкатлар орқали берилаётгани, ГЭСлар қурилишини назорат қилаётган Тараққиёт жамғармаси эса мазкур қурилишларни сотиш ва хусусийлаштириш йўналишида фаолият кўрсатаётганини айтди:

- Тараққиёт жамғармаси Қамбарота-1 ва Қамбарота-2 ГЭСларини манфаатли кучларга хусусийлаштириб бериш мақсадида ташкил этилган,-деди депутат Роза Ўтунбоева.

Лекин парламентдаги кўпчилик депутатлар ўз ҳамкасбларининг эътирозларини ҳисобга олмадилар ҳамда Қамбарота ГЭСларини сотиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги қонунни қабул қилдилар.

Бишкеклик сиёсатшунослар мазкур қонуннинг Россия президенти маъмурияти раҳбари Сергей Наришкин Бишкекка эълон қилинмаган сафар билан келиб, президент Бакиев билан ёпиқ эшиклар ортида яширин музокаралар ўтказганидан сўнг шошилинч тарзда қабул қилинганига эътибор қаратмоқдалар.

Гап шундаки, Қамбарота ГЭСини қуриш учун эса Россия томони 1 миллиард 700 миллон долларлик кредит ваъда қилган.

- Масала пулга бориб тақалмоқда. Қамбарота ГЭСини қуриш учун 1 миллард 700 миллион долларлик маблағнинг бир қисми берилди, қолган қисмини бериш эса ҳозирча тўхтатиб қўйилди. Россия президенти маъмурияти раҳбари Сергей Наришкин Бишкекка эълон қилинмаган сафар билан келиб, қирғиз расмийлари билан мана шу масалани муҳокама қилган бўлиши мумкин,-дейди сиёсатшунос Ўрўзбек Мўлдалиев.

Бишкеклик яна бир сиёсатшунос Марс Сариев эса “Қамбарота ГЭСларини сотиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги қонун Россия ҳукумати ишораси билан қабул қилинган”, деган фикрда.

-Россия Қирғизистонни қўлга олмоқчи. Бунинг учун руслар сув назоратини қўлга киритмоқчи бўлаяпти. Сув назорати қўлга ўтса Россия Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг Ғарбга бўлган интилишларини сусайтириш учун босим кўрсатиш воситасига эга бўлади,-дейди Марс Сариев.
XS
SM
MD
LG