Линклар

Эрдўғон Арманистонни ҳаракатга чақирди


"Анқара ва Ереван ўртасида имзоланган келишувни Туркия парламенти томонидан ратификация қилиниши учун Арманистон ўз қўшинларини Тоғли Қорабоғ ўлкасидан чиқариши лозим", дея баёнот берди Туркия Бош вазири Ражаб Тойииб Эрдўғон.

-Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ ва Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудлари масаласи айни шу шаклда ўз ечимини топиши керак. Агар Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги муаммолар ўз ечимини топса, бу Туркия ва Арманистон ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланишига ҳамда Туркия парламентининг имзоланган ҳужжатларни ратификация қилишига хизмат қилади,-деди Туркия Бош вазири Ражаб Тойииб Эрдўғон.

Шанба куни Арманистон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари Цюрих шаҳрида ўзаро алоқаларни яхшлашни назарда тутган тарихий битимни имзоладилар.

Эндиликда мазкур битимни ҳар иккала давлат парламентлари ратификация қилиши шарт.

Бундан бир оз аввал Озарбайжон томони Туркиянинг Арманистон билан ўзаро алоқаларни яхшилашга оид шартнома имзолашини кескин танқид қилди.

-Арманистон қўшинларини босиб олинган Озарбайжон ҳудудидан чиқармай туриб Анқаранинг Ереван билан алоқаларни яхшилаши расмий Боку манфаатларига мутлоқ зиддир,-дейилади Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.

Бундан ташқари расмий Боку баёнотида айтилишича, келишувнинг имзоланиши Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги қардошчилик алоқаларига раҳна солмоқда.
XS
SM
MD
LG