Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:38

Клинтоннинг Москвага “синов ташрифи” бошланди


12 октябр куни АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон уч кунлик сафар билан Москвага боради. Америкалик кузатувчилар бу ташриф иккитомонлама алоқалар ривожланишида ўзига хос синов бўлажагини айтмоқдалар.

АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон сешанба ва чоршанба кунлари Россия президенти Дмитрий Медведев ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувлар ўтказиши керак. Музокаралар чоғида жорий йил 4 декабрида муддати тугайдиган стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш ҳақидаги эски шартнома ўрнига янгисини тайёрлаш бўйича музокараларнинг бориши кўриб чиқилади.

Томонлар, шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик ҳамда Афғонистон, Эрон, Яқин Шарқ ва Шимолий Корея минтақаларидаги муаммоларни ҳам муҳокама қиладилар. Афғонистондаги НАТО қўшинларига зарур ашёлар етказиб берилиши Россия ҳудуди орқали амалга оширилаётганини Вашингтон ана шундай ҳамкорликнинг ижобий жиҳатларидан бири ўлароқ баҳолайди.

Клинтон хонимнинг Россияга расмий сафари олдидан Москвада ракетага қарши мудофаа бўйича Россия-АҚШ консультацияси бўлиб ўтмоқда. Унда қурол-аслаҳа ва халқаро хавфсизликни назорат қилиш бўйича иккитомонлама ишчи гуруҳ ҳамраислари – АҚШ Давлат котиби муовини Эллен Таушер ва Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков иштирок этмоқдалар.

Москвага кетар олдидан Эллен Таушер Барак Обаманинг янги ракетага қарши мудофаа режасини Россияга бир томонлама ён босиш деб ҳисобловчи консерватив танқидчиларга жавоб узатгандек бўлди.

- Бу Россия ҳукумати мойиллигини қозониш ёки Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш тўғрисидаги янги шартнома бўйича музокараларда бирор компромиссга эришиш уриниши эмасди. Мазкур қарор хатар табиати ва ундан ҳимояланиш тизимини оптималлаштиришдан келиб чиққан ҳолда олинди. Бунга шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас, деди Эллен Таушер.

АҚШ Давлат котиби муовинига кўра, Обама маъмуриятининг янги режаси Кремл шубҳасини тарқатиб, Вашингтонга янада кўпроқ наф келтириши мумкин.

Эллен Таушер Обама маъмурияти ракетага қарши мудофаа соҳасида Россия билан ҳамкорлик қилишга жиддий қизиқиш билдираётганини тасдиқлайди. Афтидан, бу мавзу Ҳиллари Клинтоннинг Россия раҳбарияти билан бўладиган учрашувларида муҳокама қилинади.

Ҳиллари Клинтоннинг Москвадаги музокаралари, аниқроғи, унинг потенциал натижалари америкалик кузатувчилар томонидан Барак Обама маъмуриятининг Россияга нисбатан стратегияси нақадар самаралилиги бўйича навбатдаги синов сифатида қаралмоқда. Улар Оқ Уйнинг Россияга ён босув ҳаракатларига нисбатан Москванинг аниқроқ жавобини кутмоқдалар.

- Яқин келажакдаги вазифа Вашингтон ва Москва муносабатларида вужудга келган ижобий муҳитдан фойдаланган ҳолда, уни реал ишлар билан мустаҳкамлаш, сўздан ишга ўтиш бўлиб ҳисобланади. Биз ҳали-ҳамон бу нуқтага етиб келмадик, аммо, назаримда, бунинг учун имконият бор, дейди Буш президентлиги даврида Миллий хавфсизлик кенгашида Россия департаменти раҳбари бўлиб ишлаган Томас Грэм.

Унинг фикрича, Россия сиёсий элитаси АҚШга нисбатан қайишқоқлик кўрсатишда навбат ўзларига келганини англаши лозим. Томас Грэмга кўра, бу ерда гап маълум масалаларда ён бериш ҳақида кетаётгани йўқ, балки гап уларнинг музокаралар курсисига ўтиришга нақадар ҳозирлиги ҳақида бормоқда.
XS
SM
MD
LG