Линклар

logo-print

Андижон муҳим, бироқ Афғонистон муҳимроқ

  • Фаррух Юсуфий

АҚШ мулозимларининг Тошкентга серқатнов бўлиб қолиши Афғонистондаги вазият кундан-кунга жиддийлашиб бораётган пайтга тўғри келмоқда.

АҚШ мулозимларининг Тошкентга серқатнов бўлиб қолиши Афғонистондаги вазият кундан-кунга жиддийлашиб бораётган пайтга тўғри келмоқда.

АҚШ мулозимларининг Тошкентга серқатнов бўлиб қолиши, таҳлилчиларга кўра, Оқ уй маъмуриятининг Ўзбекистонга Афғонистондаги урушда ижобий натижаларга эришишнинг муҳим воситаси сифатида қараётгани белгисидир.

11 октябр куни Тошкентга АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйк келди.

- Бу АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг мазкур лавозимга тайинланганидан бери Ўзбекистонга қилаётган биринчи ташрифидир. У Ўзбекистон ҳукуматининг юқори даражадаги расмийлари билан учрашиб, томонларни қизиқтирган сиёсий, хавфсизликка оид, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни муҳокама қилади. У, шунингдек, хусусий сектор ва фуқаровий жамият вакиллари билан учрашади¸ дейди Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг матбуот хизмати ходими Кимберли Запфел.

Запфел хоним АҚШ элчихонасининг расмий баёнотини ўқиб бериш билан чекланди ва бошқа саволларимизга жавоб бермасликни маъқул кўрди.

Сўнгги хабарларга кўра, АҚШ дипломатини Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қабул қилган. Бу учрашув тафсилотларини кейинги дастурларимизда ёритамиз.

Блэйк жаноблари кейинги ойлар ичида Тошкентга серқатнов бўлиб қолган АҚШ мулозимларининг навбатдагиси бўлди.

Хусусан, икки ой аввал АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Дэвид Петреусни президент Ислом Каримов қабул қилган эди. Бу Петреуснинг жорий йилдаги иккинчи ташрифи эди.

Ундан аввал эса АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уильям Бёрнс ҳам Тошкентда меҳмон бўлиб қайтди.

АҚШ мулозимларининг Тошкентга серқатнов бўлиб қолиши Афғонистондаги вазият кундан-кунга жиддийлашиб бораётган пайтга тўғри келмоқда.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фелгенгауэр АҚШ юқори даражадаги дипломати Блэйкнинг Тошкентга ташрифи Оқ уй маъмурияти Афғонистон ва Покистондаги стратегияга жиддий ўзгартишлар киритишга уринаётган пайтга тўғри келгани ҳам бежиз эмаслигини айтади. Таҳлилчига кўра, айниқса янгича стратегиянинг муҳим жиҳатларидан бири сифатида Афғонистонга қўшимча 40 минг Америка аскарини юбориш эҳтимоллари кўриб чиқилаётгани Ўзбекистоннинг аҳамиятини янада оширади.

- Ҳозир президент Обама “Ал-Қоида, Толибон ва бошқа жангари гуруҳларни тор-мор қилиш учун Афғонистондаги қўшинлар сонини жиддий тарзда ошириш керакми-йўқми?” деган масала устида бош қотирмоқда. Агар қўшинлар сони ошадиган бўлса, уларни таъминлаш учун кенгроқ шарт-шароитлар яратилишига эҳтиёж пайдо бўлиши мумкин. Чунки¸ биринчидан¸ қўшинлар сони жиддий тарзда ошади. Масалан¸ ҳозир Афғонистонда АҚШнинг 60 мингдан ортиқ қўшинидан ташқари, иттифоқчи кучлар сони 30 мингдан ортиқни ташкил қилади, яъни ҳаммаси бўлиб 100 минг атрофида хориж қўшини бор. Кўриб чиқилаётган эҳтимолларга кўра, қўшинлар сони 150 мингга етиши мумкин.

Иккинчидан¸ қўшинлар сони кўпайтирилиши билан биргаликда жангариларга қарши амалиётлар шиддати ҳам ошади. Бу эса таъминот масаласи долзарблигини айниқса оширади. Шу сабабдан Америкада статегик қарорлар жараёни бораётган бир пайтда бу қарорлар тақазо қилиши мумкин бўлган шароитларни яратиш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Хусусан, “Таъминотни Россия ёки Ўзбекистон ёрдамида қандай қилиб ошириш мумкин?” деган саволларга жавоб қидирилмоқда¸ дейди Павел Фелгенгауэр.

Тошкент остонасига бош ураётган АҚШ мулозимлари орасида нуфузли ҳарбий қўмондонларнинг борлиги Ўзбекистонда яна АҚШ ҳарбий базаси пайдо бўлиши мумкинлигига оид фикрларга ҳам сабаб бўлди. Фелгенгауэр, Афғонистондаги мавжуд вазият ҳарбий база ташкил этилишини талаб этмайди, деган фикрда.

- АҚШ кўриб чиқаётган янги стратегия бўйича ҳарбий амалиётларнинг асосий диққати афтидан Афғонистон-Покистон чегара ҳудудларига қаратилади. Яъни бир томондан АҚШ ва НАТО қўшинлари зарба беради. Иккинчи томондан Покистондаги Толибонга қарши курашга жиддий эътибор қарата бошлаган Покистон кучларининг ҳаракат қилиши кутилмоқда. Ана шу маънода Ўзбекистон ҳарбий база сифатида ҳозир америкаликларни унчалик қизиқтиргани йўқ. Лекин унинг транзит йўли сифатидаги роли АҚШ учун жуда муҳим бўлиб турибди, дейди ҳарбий шарҳловчи Фелгенгауэр.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистонга келаётган АҚШ мулозимларининг¸ жумладан¸ иқтисодий масалаларни муҳокама қилаётгани ёки фуқаровий жамият вакиллари билан учрашувларни ўтказаётгани айтилаётган бўлса-да, Вашингтон билан Тошкент ўртасида қуюқлашиб бораётган мулоқотлар кун тартибидаги асосий масала Афғонистон экани ҳеч кимга сир эмас.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Юрий Фёдоров гапиради.

- Менимча, бугун Қўшма Штатлар учун Афғонистон муаммосининг ҳал этилиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларининг ҳурмат қилиниши масаласидан кўра анча муҳимроқ экани кундек равшан бўлиб қолди. Бошқа томондан агар, масалан, Андижондаги каби бирор воқеа яна қайтарилгудек бўлса, балки Америка ва Европа Ўзбекистонга нисбатан ёндашувини қайта кўриб чиқар, лекин ҳозирча бундай воқеа рўй бергани йўқ, демак, муаммо ҳам йўқ, дейди Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Юрий Фёдоров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG