Линклар

Юлдуз фирибгарми?

  • Сарвар Усмон

Юлдуз Орипованинг фирибгарликда айбланиши унинг отаси, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг Ёзувчилар уюшмаси раислигидан тушган бир пайтга тўғри келди.

Юлдуз Орипованинг фирибгарликда айбланиши унинг отаси, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг Ёзувчилар уюшмаси раислигидан тушган бир пайтга тўғри келди.

Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг қизи, таниқли тележурналист Юлдуз Орипова фирибгарликда айбланмоқда, дея куни кеча хабар қилди Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти.

"Эзгулик" хабарномасида айтилишича, Юлдуз Орипова "ўндан зиёд кишининг пули ва бошқа моддий бойликларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олган".


Халқ шоирининг қизи ўзлаштирган пулларнинг умумий миқдори, "Эзгулик"ка кўра, 55 минг долларни ташкил қилади.

- Юлдуз Орипова устидан жамиятимизга Шофозил Ғойибназаров ва бошқа яна 12 киши ўтган ҳафта мурожаат қилишди ва биз уларнинг мурожаати асосида материал эълон қилдик¸ дейди “Эзгулик” вакили Абдураҳмон Ташанов.

Унинг шикоятчилардан келиб тушган аризага таяниб айтишича, Юлдуз Орипова умумий миқдори 55 минг доллар эканлиги айтилаётган маблағни бир неча ўн кишидан уларнинг фарзандларини “олий ўқув юртларига киритиб қўяман”, деб олган.

Биз “Эзгулик”ка арз қилган Шофозил Ғойибназаров билан гаплашдик.

Озодлик: Шофозил ака¸ Юлдуз Орипова қанча пулингизни ва қандай қилиб олган?

Шофозил Ғойибназаров: Биринчи олганда 3000 пулимни олди.

Озодлик: Қайси пулда?

Шофозил Ғойибназаров: АҚШ долларида. Умуман, мендан 40 минг доллар олган.

Озодлик: Ким олди 40 минг долларни?

Шофозил Ғойибназаров: Юлдуз деган қиз олди.

Озодлик: Пулни Юлдузнинг қўлига топширдингизми?

Шофозил Ғойибназаров: Юлдузнинг қўлига топширдим. Кейин Юлдуз ўзининг уюшган оғайниларини чақириб¸ “Мана шу бола айтган одамларига олиб бориб беради, қилиб беради” деб¸ Санжар¸ Баҳодир деган болалар олиб кетарди. Мен Юлдузга берардим¸ уларга Юлдуз бериб юборарди.

Озодлик: Тўхтанг. Абдулла Ориповнинг қизи Юлдуз Ориповага берганмисиз?

Шофозил Ғойибназаров: Ҳа.

Озодлик: Абдулла Ориповнинг қизи Юлдуз Орипованинг қўлига 40 минг доллар бергансиз-а? Қўлига?

Шофозил Ғойибназаров: Ҳа¸ берганман.

Озодлик: Шахсан Юлдуз Орипованинг қўлига 40 минг доллар бергансиз-а?

Шофозил Ғойибназаров: Ҳа¸ бўлиб-бўлиб берганман. Бу ерда жабрланувчи битта мен эмас. Биз олтита кишимиз. Биз олтита киши унинг устидан ички ишларга¸ республика прокуратурасига ариза ëзганмиз.

Озодлик: Абдулла Ориповнинг қизи Юлдуз Орипова 40 минг доллар эвазига сизга нима қилиб бериши керак эди?

- ......

Шу ўринда Шофозил ака бироз ўйланиб қолди ва кейин яна гапида давом этди.

Шофозил Ғойибназаров: Энди¸ биласизми¸ менга “Ëрдам бераман¸ ўқишга киритиб бераман” деган эди-да.

Озодлик: Кимни? Сизними?

- Ўртоғимни¸ менинг қариндошимнинг боласини¸ бошқани¸ дейди Шофозил Ғойибназаров.

Шофозил Ғойибназаров билан суҳбатимизнинг Юлдуз Ориповага нисбатан айблови аниқ-тиниқ янграган қисмини ўқидик. Бу суҳбатнинг бошламасига яна қайтамиз.

Ҳозирча эса, бошқа томон – Ориповлар оиласи вакиллари фикрини эшитинг.

Абдулла Ориповнинг турмуш ўртоғи Ҳанифа опа гапиради:

Ҳанифа опа: Биттаси туҳмат қилиб туриб¸ ўзлари қилишганда буни. Энди одамлар буни Юлдузга нима қилиб ëтишибди. Ўзлари иш бажарганда¸ Юлдузнинг номидан қилганда.

Озодлик: Гап неча пул устида кетаяпти?

- Анча пулларни ўқишга киритаман деб¸ Самарқанддан Нодира дегани экан. Ўша “ўқишга киритаман” деб одамлардан пул олганда. “Мен Юлдузга элтиб бераман” деган. Энди келиб туриб бунга туҳмат қилиб ëтишибди. Ўртада ўзлари еб кетган пулни. Ўзлари “Йўқ¸ унақа эмас¸ бунақа эмас” деб айтиб ўтирибди¸ дейди Абдулла Ориповнинг турмуш ўртоғи Ҳанифа опа.

Опа Нодира исмли бир аёлни тилга олди. Ёдингизда сақлаб туринг шуни.

Юлдуз Орипованинг ўзи билан ҳам гаплашдик.

Юлдуз Орипова: Элга танилганингиздан кейин¸ ҳамма танигандан кейин барибир сизнинг номингизни сотишади, биласизми... Ҳуқуқ-тартибот органларига мен мурожаат қилганман.

Озодлик: Қачон¸ нима деб?

Юлдуз Орипова: Мен ўзим прокуратурага ëзиб берганман. Самарқандлик битта аëл неча йилдан бери келиб: “Опа, ëрдам беринг” дейди. Мен унга ҳам моддий¸ ҳам маънавий тарафдан ëрдам бериб юрганман. “Мухлисингизман” деб мен билан расмларга тушиб¸ “Мен у опани яхши танийман” деб менинг номимдан товламачилик билан шуғулланган. Понимайте, да? Менинг номимдан денги брал¸ бошқа қилган. Мен буни билганим йўқ эди. Просто бир-иккитасини кейин эшитдим. “Опа¸ бизнинг ишимиз ҳам бўлмадими?” дейди. “Сиз кимсиз?” десам¸ “Шунақа Нодира деган синглингиз бор экан” дейди. "Бўлмаган гап"¸ дедим мен. Мен бу нарса кейинчалик бошқа қайтарилмаслиги учун ўзим ëзиб берганман. Кейин мен ҳеч қанақа судится қилмадим. Уларнинг устидан жиноий иш қўзғатилди. Амнистия бўлгани учун¸ улар аëл бўлганлиги сабабли амнистияга тушди. Уларга айб эълон қилинди.

Озодлик: Бугун чиққан хабарда айтилаяптики¸ сиз ҳаммаси бўлиб 55 минг доллар еб кетган экансиз.

- Мен ўйлайманки¸ онги нормалный одам бунга ишонмаса керак. Биринчидан¸ ҳозир мен сизга айтаман¸ 55 минг доллар мен қанақасига ейишим мумкин? Мен ўзимга тўқ оиладанман, тўғрими? Худога шукур¸ менинг отам тирик¸ онам тирик. Масалан¸ мени полностю отам обеспечиват қилади. Бу нима десам экан¸ не то что туҳмат¸ анақага сиғмайди бу нарса. Мен тушунмайман как это выразит. Шунинг учун мен бу нарсага кўп эътибор ҳам бермайман. Шунинг учун ҳам мен айтдим, ҳуқуқ-тартибот органлари разобралис¸ дейди Юлдуз Орипова.

Юлдуз Орипованинг ўзи ҳам Нодира деган аёлни тилга олди.

Орипова билан 12 октябрь куни, у кишининг уй телефони орқали гаплашдик. Айтишича, устидан ҳеч қандай жиноят иши очилган эмас. Милиция безовта қилаётгани йўқ.

Лекин “Эзгулик”ка шикоят қилган Шофозил Ғойибназаровнинг айтишича, Юлдуз Орипованинг устидан иш очилган ва уни...

Шофозил Ғойибназаров: Ўзимизнинг ички ишлар кўраяпти.

Озодлик: Қайси район кўраяпти бу ишни?

- Мирзо Улуғбек тумани кўраяпти¸ дейди Шофозил Ғойибназаров.

Биз Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бўлимига ҳам телефон қилдик. Тергов бўлимининг ўзини таништирмаган ходими “Абдулла Ориповнинг қизи Юлдуз Орипова устидан иш қўзғатилганмиш, шу ростми?” деган саволимизга “Йўқ!” демади. Балки “Бу масала юзасидан фалончи билан боғланинг, телефони мана бу”", деб жавоб берди. Айтилган телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади.

Мана энди Шофозил Ғойибназаров билан ўтказган суҳбатимизнинг бошини эшитинг:

- 2008 йилда танишим Бахтигул деган қиз менга қўнғироқ қилди. “Юлдуз Орипованинг дугонаси Нодира деган бор” деди. Қўнғироқ қилавериб¸ бормаслигимга қўймади. Борганимдан кейин “Мана бу Нодира” деди. Бунинг ҳаммаси терговда бор. Ҳаммаси берилган. “Мана шу қиз Юлдуз Орипованинг дугонаси, ҳамма ҳал бўлмаган ишларни ҳал қилиб беради” деб айтди¸ дейди Шофозил Ғойибназаров.
Ҳа, шундай бўлди. Суҳбатнинг мана шу парчасидан сўнг боя эшитганингиз парча келади. Гап негадир Нодира билан бошланса-да, кейин пулни Юлдуз олган бўлиб чиқаяпти.

Хўш, пулни аслида ким олган? Нодира билан Юлдузнинг қандай алоқаси бўлган? Бўлганми ўша алоқа?

Бу саволларга жавоб бериш, албатта, ҳуқуқ-тартибот органларининг ваколати.

Фақат Юлдуз Орипова билан боғлиқ бу воқеада бизни бир нарса ўйлантираяпти. Воқеанинг Абдулла Орипов отдан тушган вақтга тўғри келгани ўйлантираяпти.

Айтишларича, Абдулла ака отдан - Ёзувчилар уюшмаси раислигидан тушган бўлса ҳам, эгарда қолган – уюшманинг фахрий раиси.

Лекин Эгар, қанчалик чиройли бўлмасин, От эмас-да.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG