Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:59

"Суиқасдчилар" дараги чиқмаяпти


Cўнгги маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳозир ўз уйида бўлиб, ўзини анча бардам ҳис қилмоқда.
Cўнгги маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳозир ўз уйида бўлиб, ўзини анча бардам ҳис қилмоқда.

Тошкентда пойтахт бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳамда Ички ишлар вазирлигининг терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Ҳасан Асадовга суиқасдда гумонланган 20 дан ортиқ киши устидан тергов бормоқда.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи вакилларига кўра, бу шахслардан баъзиларига нисбатан тергов жараёни қўпол қонунбузарликлар билан олиб борилмоқда. Ҳибсга олинганлардан баъзиларининг қаерда экани эса ҳанузгача қариндош-уруғларига номаълум.

Тошкент шаҳри Қибрай туманида истиқомат қиладиган Малика Муслимованинг Озодликка айтишича, унинг турмуш ўртоғи, 1980 йилда туғилган Умид Муслимов 9 август куни ҳибсга олинган ва ҳанузгача унинг қаерда сақланаётгани номаълум қолмоқда.

- 2009 йил 9 август куни кеч соат 6 ларда учта Нексия машинаси келиб¸ ҳеч қанақа огоҳлантиришсиз олиб кетган. Қаëққа олиб кетган¸ нимага олиб кетган дараги йўқ. Бир МВД да дейишди. МВДга бордик¸ иссиқ кийим олиб бордик¸ олишмади. “Бу ерда йўқ. Тоштурмада” дейишди. Тоштурмага бордик. У ëқда ҳам "йўқ" дейишди. Қаердалигини ҳам билмаймиз. Ўзимиз шахсий адвокат ëлладик. Ҳамма жойга бораяпти¸ ëзаяпти. Уни ҳам ҳеч жойга киргизишмаяпти¸ дейди Малика Муслимова.

Аёлнинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғини ҳибсга олиш жараёнида ҳам, кейинчалик ҳам унинг нега ҳибсга олингани ҳақида яқинларига ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Муслимовларнинг уйида икки бора тинтув ўтказилгандан сўнггина Умид Муслимов Анвар қори Турсуновга суиқасд ва Ҳасан Асадовларнинг ўлимида гумонланаётгани маълум бўлган.

Буни ҳам Умид Муслимовнинг яқинлари тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарор матнидан билганлар.

- Биринчи марта тинтув қилинганда Анвар қори Турсуновга суиқасдда айблашган. 29 августда иккинчи марта тинтув қилишди. Унда Ҳасан Асадов¸ террорчиликка қарши кураш бош бошқармасининг ўринбосари¸ у киши бизнинг маҳаллада турарди. Биз тинтув қоғозидан билдик¸ дейди Малика Муслимова.

Шу кунга қадар Умид Муслимовнинг қаерда экани қариндошларига маълум эмас.

Малика Муслимованинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи динга берилган йигит ҳам эмас ва Анвар қори Турсуновни фақат телевизор орқали танир эди.

Малика Муслимова: Фақат телевизорда кўрганлар. У одамни телевизор орқали танирдилар.

Озодлик: Асадов-чи? Асадов билан сизлар маҳалладош бўлган экансизлар-а?

Малика Муслимова: Асадов бизнинг қўшнимиз¸ маҳалладош.

Озодлик: Юз таниш¸ кўз таниш.

- Йўқ¸ бир-бирларини ҳеч қанақа танишмас эди. Уйда ўтириб иш қилардилар. Ортиқча кўчага чиқмас эдилар. Уйга келишарди. Заказга ремонтга уйга нарса ташлаб кетишар эди. Ўшани тузатиб олиб бориб берардилар Навоий кўчасига. Ўша билан тирикчилик қилардилар. Мана кечагина оталари оламдан ўтди шу муаммодан сиқилиб. Юраклари бардош бермади. Оилада тўртта ўғил бўлса¸ энг каттаси шу бўлади. Ҳозир азада туриб¸ сиз билан гаплашаяпман¸ дейди Малика Муслимова.

Ҳасан Асадов ўлимида гумонланаётган шахслардан яна бири Аҳроржон Зокировнинг яқинлари ҳам унинг қаерда эканини билмайди.

Зокировнинг Озодлик билан суҳбатлашган укаси ўз акаси Ички ишлар вазирлигининг ертўласида сақланаётганини тахмин қилади, холос.

- Ҳозир билмадим. МВДда дейишаяпти.

Озодлик: У Асадовни танирмиди?

- Вообше танимас эди¸ билмас эди. Унақа ишлардан хабари йўқ эди. Асадовни ўлдириб кетишганида¸ у панелнийда ушлаб турилган эди.

Озодлик: Нима масалада панелнийда ушлаб турилган эди?

- Анвар қорига суиқасд бўлдию. Ўшанга ундан гумон қилиб¸ уни олиб кетиб қолишди. Ундан уч-тўрт кундан кейинми¸ бир ҳафтадан кейинми бу иш бўлган. Акам ҳали панелнийда ўтирган эди¸ дейди Ҳасан Асадов ўлимида гумонланаётган шахслардан яна бири Аҳроржон Зокировнинг укаси.

Бу суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, унинг акаси Аҳроржон Зокиров ҳам бир йўла икки жиноят — Анвар қори Турсунов ва Ички ишлар вазирлиги расмийси Ҳасан Асадовга суиқасдда гумон қилинмоқда.

Аҳроржон ҳам, яқинларига кўра, динга қаттиқ берилмаган, уйида қази пишириб сотадиган ҳунармандлардан бири эди.

- Уйда қазичилик қиларди. Қази қилиб сотардик. Клиентлар уйимизга келиб¸ уйимиздан олиб кетишарди. Эшикнинг тагида битта хонамиз бор. Ўша ер қазихона. Қазини магазинга ëки ошхонага олиб бориб ташлаб келарди. Мана, маҳалламиздан сўранг¸ оқсоқоллардан сўранг¸ участковойдан сўранг. РОВД дан ҳам нечта одамлар танийди¸ дейди Тошкентда шу йилнинг июл ва август ойларида содир этилган икки шов-шувли жиноятда гумонланаётган Аҳроржон Зокировнинг укаси.

Бу суҳбатдошимизга кўра ҳам, Аҳроржоннинг айнан шу жиноятларда айбланаётгани хусусида бирор бир расмий шахс маълумот бермаган. Ҳатто жиноий иш қўзғатилгани-ю, тергов бораётганини ҳам Зокировнинг яқинлари фақат узун-қулоқ гаплар орқали билади.

Бошқача айтганда, шу йилнинг 31 июл куни пичоқлаб кетилган Анвар қори Турсунов ва 9 август куни ўз уйида отиб кетилган Ички ишлар вазирлигининг Терроризм ва коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари, полковник Ҳасан Асадовга суиқасдга оид тафсилотлар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мутлақо сир тутилмоқда.

Бугунга келиб гумонланаётган шахсларнинг яқинлари сўзларидан ойдинлашмоқдаки, ҳуқуқ тартибот-идоралари ҳар иккала шов-шувли жиноят изларини битта нуқтадан қидирмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалар ва гумонланаётган шахсларнинг яқинларидан келган мурожаатларга таяниб, Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг хабар қилишича, шу кунга қадар 20 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.

- 20 га яқин¸ балки ундан ҳам кўпайган бўлса керак. Айбланган ëки гумон билан олиб келинган. Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторида кўпига уже 97-модда¸ одам ўлдириш айблови қўйилган. Тергов олиб борилаяпти. Улардан бирортасининг олдига адвокати қўйилмаяпти. Бу жуда ғалати-да. Яқинлари билан учрашувга рухсат беришмаяпти¸ дейди Суръат Икромов.

Айни пайтда, Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, гумонланаётганларнинг адвокати ва яқинларининг маълумот сўраб қилган мурожаатлари ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жавобсиз қолдирилмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги бу жиноятлар юзасидан терговни Ўзбекистон Бош прокуратураси олиб бораётганини айтган, Бош прокуратура эса ҳозиргача бу ҳақда ҳеч бир расмий баёнот бермаган.

XS
SM
MD
LG