Линклар

Покистон армияси қароргоҳига қарши шавфқатсиз ва қонли ҳужум уюштиргани ва бундаги муваффақиятини улуғлаб Толибон ҳаракати баёнот берганидан бироз ўтиб, Покистон ҳарбий ҳаво кучлари Бажаур ва Вазиристон минтақаларининг Афғонистонга туташ қисмини ўққа тутди.

Покистондаги “Таҳруки Толибон” ҳаракати шанба-якшанба кунлари Покистон армияси қароргоҳига қилинган қонли ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Бугун Покистондаги хориж матбуоти вакилларидан бирига сим қоққан ҳаракат матбуот вакили Аъзам Ториқ: “Бу ҳаракат бизнинг Пунжоб иттифоқи томонидан амалга оширилди, биз ўз шаҳид биродарларимиз учун қасос оламиз ва ҳужумлар давом этади”, деди.

12 октябр куни тонгда эса Покистон ҳарбийлари Бажаур ва Вазиристон минтақасида амалга оширилган ҳаво ҳужумлари чоғида 26 жангари ўлдирилганини айтмоқда. Ҳаво амалиётлари якшанба куни бошланган ва ҳозир ҳам давом этмоқда.

Яъни жангари гуруҳлар таҳдидини оширгани сайин Покистон ҳарбийлари ҳам амалиётлари кўламини кенгайтирмоқда.

Равалпинди шаҳрида чиқиш қилган Покистон армияси генерали Атҳар Аббос 10 октябр куни шу ердаги ҳарбий горнизонга ҳужум қилганлар ҳарбий кийимда гарнизонга бостириб кирганини маълум қилди.

Оқибатда 12 аскар, 4 фуқаро, икки расмий ва 9 жангари ўлдирилган.

Аббос ўз чиқиши чоғида Толибон ҳужумлари кескинлашгани боис Покистон армияси ҳам толиблар назорат қилаётган Вазиристон минтақасини ишғол қилишга қарор қилганини маълум қилди.

- Ҳукумат принципиал қарор қабул қилганки, бу ташкилот мамлакатимиздаги террор ва ҳудкуш ҳужумининг 80 фоиздан ортиғига масъулдир. Ҳукумат "бу минтақада ҳарбий амалиёт амалга оширилиши лозим" деган принципиал қарорни қабул қилган ва ҳозирда бу амалиётни қачон амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини белгилаб берувчи ҳарбий қарор зарур. Ҳукумат амалиётлар фурсати айнан қачон эканини аниқ билмоқчи, деди Покистон армияси генерали Атҳар Аббос.

Покистоннинг нисбатан бехавотир деб қараб келинган Равалпинди шаҳрида содир этилган ҳужум мамлакат аҳлини жиддий хавотирга солди. 12 октябр куни эса Толибон ҳаракати мамлакат шимолидаги ҳарбий автокарвонга ҳужум қилгани ҳақида навбатдаги баёнотини берганидан сўнг бу ваҳима янада кучайди.

Алпури шаҳрида содир этилган бу ҳужумда 32 киши қурбон бўлди.

Ана шундай қонли ҳужумларга қарши Покистон армияси амалиётларини кучайтириш қарори эса минтақа таҳлилчилари томонидан у қадар маъқулланаётгани йўқ.

Аксар таҳлилчилар фикрича, бундай ҳаракат билан мамлакатдаги хавфсизликни тиклаб бўлмайди. Покистонлик академик олим ва тинчлик ўрнатиш масалалари бўйича фаол шарҳловчи Абдул Ҳамид Найяр бундай вазиятда узоқни кўзловчи қарор қабул қилиш лозим, деб ҳисоблайди.

- Покистонликлар ҳозир очиқ-ошкор айтмоқдаки, бу кураш осон кечмайди ва қисқа муддатда тугамайди ҳам. Бу жуда узоқ кураш бўлади ва жуда қийин кураш бўлади. Шунингдек, бу кураш фақатгина толибларнинг қароргоҳларини таъқиб қилиш билан чекланмай, ўз вақтида конкрет саволларга конкрет жавобларни топишни тақозо қилади, дейди покистонлик сиёсий шарҳловчи.

Найяр Покистон армияси бу вазиятда кўпроқ систематик тарзда ҳаракатланиши ва пухта ўйлаб иш тутиши лозим, деган фикрда.

- Жангари гуруҳлар фақатгина қабилалар назорати остидаги ҳудудлар билан чекланмаган. Улар Пунжоб, Карачи вилоятлари шимолида, шарқий Пунжоб ҳамда Исломободнинг кўпгина қисмидан топилади. Улар аҳоли вакиллари орасида кенг кўламли қувватловга эга, дейди покистонлик сиёсий шарҳловчи Абдул Ҳамид Найяр.

Воқеаларнинг мана шундай ривожида покистонлик таҳлилчилар мамлакат ҳукуматига Афғонистон чегарасидаги вазиятга оид ҳарбий стретегиясини қайта кўриб чиқишни тавсия қилмоқда.
XS
SM
MD
LG