Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:05

Қамбарота ГЭСи чет элликларга ўтиб кетиши мумкин


Қирғизистонлик кузатувчилар парламентнинг Қамбарота ГЭСини сотиш ва гаровга қўйиш бўйича қабул қилган қонуни мазкур ГЭСнинг хорижликлар қўлига ўтиб кетишига имкон яратгани юзасидан ташвиш билдирмоқдалар.

Қирғизистон парламенти 9 октябр куни Қамбарота ГЭСини сотиш ва гаровга қўйиш ҳақида янги қонун қабул қилганди. Қирғиз ҳукумати расмийлари 12 октябр куни бу қонуннинг қабул қилинишига қандай сабаблар туртки бўлгани ҳақида маълумот бердилар.

Расмийларга кўра, Қамбарота-2 ГЭСи қурилиши учун ҳукумат 87 миллион доллар маблағ сарфлаган. Айни пайтда қурилишини давом эттириш учун Қирғизистон Тараққиёт жамғармасидан 100 миллон доллар қарз олиши керак бўлаяпти.

Давлат мулкини бошқариш қўмитаси раҳбари Турсунбек Турдумамбетовнинг айтишича, бу қарзни олиш учун Қамбарота-2 ГЭСини Тараққиёт жамғармасига гаровга қўйиш керак.

- Қамбарота ГЭСи тўғрисидаги эски қонун Фуқаролик кодексига ва Акционерлик жамиятлари тўғрисидаги қонунларга зид келар эди. Шунинг учун уни янгилаш эҳтиёжи пайдо бўлди. Бундан ташқари, Қамбарота ГЭСини гаровга қўймасак, Тараққиёт жамғармасидан қурилишни давом эттириш учун керакли бўлган қарзни ололмаймиз, деди Турсунбек Турдумамбетов.

Қизиғи шундаки, Қирғизистон Тараққиёт жамғармаси активларини чет эллик фуқаролар таъсис этган MGN Group ширкати назорат қилади.

Россия томонидан Қамбарота-2 ГЭСини қуриш учун берилган 300 миллон долларлик маблағ ҳам Қирғизистондаги энг йирик олти ширкат акцияларининг бир қисмига эгадор бўлган ва Тараққиёт жамғармасини назорат қилаётган MGN Group орқали тақсим қилинади.

Бу тақсимотда MGN Groupга алоқадор бўлган ва Қирғизистон молия бозорининг 25 фоизини назорат қилаётган “Азияуниверсалбанк” ўртамчилик қилади.

Айрим мутахассисларнинг айтишларича, MGN Group ва “Азияуниверсалбанк” таъсисчилари Россия фуқаролари ҳисобланадилар. Яъни Қирғизистон қарз эвазига MGN Group орқали Россияга Қамбарота ГЭСини гаровга қўйиши мумкин.

Бироқ бир қатор кузатувчилар фикрича, Россия томонидан Қамбарота ГЭСини қурилишига берилган 300 миллион доллар маблағни ўзлаштириш учун ташкил қилинмиш Тараққиёт жамғармасининг хорижий гуруҳ ва банк назоратига ўтказилишида коррупция аломатлари сезилмоқда.

- Бу муаммоларнинг ҳаммаси коррупция билан боғлиқ. Бугунги кунда Қирғизистон ҳукуматига қарашли барча маблағлар “Азияуниверсалбанк” ва MGN Group орқали ўтмоқда. Яъни Қирғизистон давлати маблағи битта гуруҳ назоратига ўтиб қолди. Бу эса яхшиликка олиб келмайди, дейди Қирғизистон Хавфсизлик Кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниёзов.

Қирғизистонлик таниқли сиёсий арбоб Эсенгул Ўмуралиев ҳам Россия томонидан Қирғизистон ҳукуматига берилган қарз чет эллик фуқаролар назоратига берилгани шубҳали эканини айтади:

- Тараққиёт жамғармасидаги 300 миллон долларни Қирғизистон Россиядан қарзга олган. Бу маблағни ҳукуматнинг ўзи назорат қилиши керак. Шунинг учун ҳам бу пул атрофида турли жамғарма ва гуруҳларнинг ташкил қилиниши ғалати ҳолатдир. Бу пулни ҳукумат тўғридан тўғри Қамбарота-2 ГЭСи қурилишига сарфлаши ва бу ГЭС давлат мулки бўлиб қолиши зарур, деди Эсенгул Ўмуралиев.

Айни пайтда Давлат мулкини бошқариш қўмитаси раҳбари Турсунбек Турдумамбетов бундай фикрлар асоссиз эканини айтади.

Турдумамбетов қирғиз матбуотига берган суҳбатида ҳукумат олинган қарзларнинг ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш мақсадида қарзлар тақсимотини Тараққиёт жамғармасига топширганини билдирган.

Расмийга кўра, Тараққиёт жамғармаси ширкатларнинг қарзларни тўлаш салоҳиятига эга ёки эга эмаслигини ўрганади, шундан сўнггина қарзга олинган маблағларни ширкатларга тақсимлайди.
XS
SM
MD
LG