Линклар

Афғонистон президенти Карзай Толибон жангарилари мамлакат шимолига қатновда чет эл вертолетларидан фойдаланаётганини айтди. Тожикистон махсус хизматлари бу вертолётларнинг ўзларига тегишли эмаслигини таъкидламоқдалар.

Қуролланган жангарилар беш ойдан буён Афғонистон шимолига номаълум вертолетларда қатнаётганлари ҳақидаги маълумотни Афғонистон президенти Ҳамид Карзай 12 октябр куни журналистлар олдида қилган чиқиши чоғида маълум қилди.

- Бизда мамлакатимиз шимолидаги Қундуз, Бағлон ва Самангон ҳудудларига номаълум вертолетлар тунда қуролланган жангариларни беш ойдан буён ташиётгани ҳақида маълумотлар бор.

Бу маълумотлар бизга мамлакат миллий хавфсизлигидан келиб тушди. Худди шундай йўл билан қуролланган жангарилар мамлакат шимоли-ғарбига ташланаётгани борасида ҳам маълумотларга эгамиз. Ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур маълумотлар юзасидан текширувни бошлади. Тез кунда вертолетлар қайси давлатга тегишли эканлиги тўғрисида аниқ жавобга эга бўлишимизга умид қиламан, деди 12 октябр куни журналистлар олдида сўзлаган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай.

Тожик расмийлари президент Карзай зикр этган номаълум вертолетларнинг Тожикистонга тегишли экани ҳақидаги тахминларни мутлақо асоссиз эканини таъкидламоқдалар.

Мавзу юзасидан мухбирингиз билан микрофонсиз суҳбатлашган Тожикистон миллий хавфсизлик кенгаши матбуот хизмати бошлиғи Темур Исмоилов бу тахминлар ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидлади.

- Ҳозирча Афғонистон томондан бирор таҳдид сезганимизча йўқ. Аммо агар шундай хавф сезилгудек бўлса, Тожикистон томон албатта жавоб қайтаради, деди Миллий хавфсизлик кенгаши расмийси.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати масъули Фаридун Маҳмадалиев ҳам Темур Исмоилов фикрларини қувватлади.

- Биз Афғонистон шимолига жангариларни ташиётган номаълум вертолетлар Тожикистонга тегишли бўлиши мумкин, деган гумонларни қатъийлик билан рад этамиз. Чунки айни пайтда мамлакат ташқарисида Тожикистон армиясига тегишли бўлган бирорта ҳарбий техника, жумладан, вертолетлари йўқ. Бир нарсани айтиш лозимки, Тожикистон ҳеч қачон бирор давлат устига қўшин тортиб бормаган ва келгусида ҳам шундай бўлади, деди Мудофаа вазирлиги расмийси.

Вазирлик масъулига кўра, Тожикистонда ўтказилаётган ҳар қандай ҳарбий машқлар ва ҳарбий тайёргарликлардан мақсад мамлакат миллий хавфсизлигини ташқи хавф-хатардан ҳамда террорчи гуруҳлар ҳужумидан ҳимоялашдан бошқа нарса эмас.

Аснода тожикистонлик мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов Афғонистоннинг шимолий қўшнилари Тожикистон ва Ўзбекистон экани айтаркан, бу ерда асосан шу икки давлатдан гумон қилинаётган бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

- Аммо Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон ва Қирғизистон бу ишнинг уддасидан чиқа олмайдилар ва Афғонистон ички сиёсатига аралашишга ҳадди ҳам сиғмайди. Аммо минтақа давлатларидан айримларида бундай истак бўлиши мумкин. Масалан, Ўзбекистон Дўстим даврида Афғонистон ички сиёсатига аралашганидан ҳамма хабардор. Масаланинг бошқа томони шундаки, бу вертолетлар Покистонга ҳам тегишли бўлиши мумкин. Чунки ҳозирда Покистонда толибларнинг аҳволи жуда ёмон. Улар бир неча марта у томонга ҳужумлар уюштиришган эди. Аммо улар бундай ҳарбий техникаларга эга ё йўқлиги борасида аниқ бир нарса дейиш қийин, дейди мустақил таҳлилчи.

Аммо тожикистонлик сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов Ҳомид Карзайни ташвишга солган жангари ташувчи номаълум вертолетлар русларга тегишли бўлиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмайди.

- Афғонистон ички сиёсатига на Тошкент, на Душанбе аралаша олмайди ва уларда бундай истак ҳам сезилмайди. Албатта бу маълумотлар яна Афғонистон разведкаси томонидан аниқланади. Аммо агар вертолетлар Тожикистон ҳудудидан учган бўлиши мумкинлигига доир тахминлар тасдиқланса, у ҳолда бу техника Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базасига тегишли бўлиши мумкин. Агар аниқроқ айтадиган бўлсак, Кремлга Тожикистон ҳукуматининг рус ҳарбий базаси учун таклиф қилаётган ижара пулини тўлаш ёқмаган кўринади. Ва руслар шу йўл билан Афғонистон шимолида вазиятни беқарорлаштриш ортидан ўз ҳарбийларининг Тожикистон ҳудудидаги фаолияти қанчалик зарур эканини расмий Душанбега кўрсатиб қўймоқчи, дейди.

Таҳлилчига кўра, Афғонистон шимоли Қундузда 2000 йили рўй берган воқеалар яна такрорланишидан, яъни Толибоннинг бош кўтаришидан Россия манфаатдор.

Бу, таҳлилчи Абдуғани Мамадазимовга кўра, Кремл учун дастак вазифасини бажариши, рус базасининг ҳеч қандай шартсиз ва ижара пулисиз Тожикистонда қолишига имкон яратиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, тожик расмийлари сўнгги пайтларда Душанбеда жойлашган рус базаси учун Москвадан йилига 300 миллион АҚШ доллари миқдорида ижара пули тўлашни талаб қилиб келмоқдалар.

Бу борадаги рус-тожик музокаралари президент Имомали Раҳмоннинг 20 октябр кунги Москва сафари чоғида ўтказилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG