Линклар

logo-print

Қатор интернет сайтлари хабарларига кўра, Тожикистоннинг Сўғд вилоятида яна электр энергиясига чеклов жорий қилинган. Маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам вилоятда ҳар куни 5-6 соатга чироқ ўчаётганини таъкидламоқдалар.

Тожикистон “Барқи тожик” давлат корхонаси вакиллари оммавий ахборот воситаларида электр энергияси чеклови жорий қилинганлиги ҳақидаги маълумотларни инкор қилмоқдалар. Мазкур ташкилот матбуот маркази тарқатган маълумотда айтилишича, республика Энергетика вазирлигининг мамлакатда электр энергияси чеклови жорий қилинганлиги ҳақидаги хабари ҳақиқатдан йироқ. Бироқ Сўғд вилоятида яшовчи кишилар 8 октябрдан вилоятда электр энергияси чекловлари жорий қилинганлигини айтмоқдалар.

- Электр энергияси кечқурун соат 11 дан эрталабки 5 гача ўчирилаяпти. Олдинги йиллари бундай эмас эди. Чироқ асосан кундуз куни ўчирилар эди. Ростини айтсам, бу ҳолатга ўрганиб қолганмиз. Лекин одамга алам қиларкан. Раҳбарларимиз ҳар йили: “Сабр қилинглар, ҳаммаси яхши бўлади”, дея бизни умидлантирадилар. Бироқ йиллар ўтиб бораяпти-ю ҳеч нима ўзгармаяпти, дейди Панжакент туманида истиқомат қилувчи Раҳимберди.

Суҳбатдошимиз фикрича, аҳоли хукуматга ишонмай қўйган. Шу боис Чорбоғ қишлоғи аҳолиси маблағ йиғиб, кичик ГЭС қурган. Чорбоғликлар мазкур ГЭС бу йил қиш мавсумида қишлоқдаги касалхона ва мактаблар доимий чироқ билан таъминлашига умид қилмоқдалар.

Аммо қишлоғида ГЭСи бўлмаган сўғдликларнинг расмийлар жорий қилган чеклов тартибига риоя қилишдан бошқа чоралари йўқ.

- Мана ҳозир шам ёқиб ўтирибмиз. Бир нарсани тушунмай қолдим, Сангтўда ГЭСи ишга тушса чироқ муаммоси бўлмайди, дейишган эди. Афтидан, ҳеч нима ўзгармаган, яна ўша эски тос, эски ҳаммомлигича қолмоқда, дейди конибодомлик Мақсуд ака.

Овозини эшиттирмаслик шарти билан гапирган “Барқи тожик” ташкилотининг Сўғд вилоят тармоғи мулозими Абдумалик Каримовнинг сўзларига кўра, 8 октябрдан жорий қилинган 6 соатлик чеклов фақат 20 кун учундир. Ундан сўнг чекловлар бундан ҳам кўпроққа жорий қилинади. Унинг айтишича, республика йилнинг 200 куни давомида электр энергиясига эҳтиёж катта бўлади. Вилоятдаги Қайроққум ГЭСи заҳиралари эса фақат Хўжанд ва Қайроққум шаҳарларинигина таъминлашга аранг етади, холос.

Тожикистонликларнинг сўзларига кўра, ўтган йиллар қиш давомида қишлоқларга электр энергияси жуда оз миқдорда берилгани сабабли одамлар қишдан аранг чиққанлар.

- Одамлар фақат ўтин ва тезак ёқиб кун кўришди. Имкони борлар кўмир сотиб олдилар. Лекин бошқалар учун кўмир оғир оқибатлар олиб келмоқда. Ўтган йиллар кўмир исидан заҳарланиб, ўнлаб одам нобуд бўлди. Чақалоқлар туғруқхоналарда музлаб қотиб қолдилар, дейди Ашт туманида истиқомат қилувчи Абдужалил Холиқов.

Абдужалилнинг айтишича, кўмирни ҳам ҳамма сотиб олиш имкониятига эга эмас. Мамлакатда кўмир бор. Лекин у жуда қиммат. Бир қоп (35 килограмм) кўмир ҳозир 27 сомонга чиқиб кетди. Бу қарийб 7 АҚШ доллари дегани.

Тожикистон Энергетика вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, бир кунда республикада 36,4 млн кВт/соат электр энергия ишлаб чиқарилмоқда. Мамлакат учун эса ҳар куни камида 50 млн кВт/соат электр энергия лозим. Қолган 15-16 млн кВт/соат электр энергияси қўшни Ўзбекистондан олинмоқда.

Айни пайтда электр энергиясининг асосий қисми йирик саноат корхоналарига узлуксиз берилмоқда. Электр энергияси тақчиллигини бир оз бўлса-да, юмшатиш учун Тожикистон ҳукумати Туркманистондан 1 миллиард киловатт электр энергияси олиш ҳақида шартнома имзолаган. Бу электр энергияси Ўзбекистон орқали ўтиши керак.

“Барқи тожик” давлат корхонаси матбуот марказининг вилоятдаги вакили Ином Сангинов сўзларига кўра, Тожикистон Туркманистон электр энергияси транзити борасида 2009- 2010 йиллар учун Ўзбекистон билан ҳозирча шартнома имзолангани йўқ. Аммо “Барқи тожик” расмийсининг қўшимча қилишича, бу борада Ўзбекистон томони билан мулоқот олиб борилмоқда ва ноябр ойигача бу масала ҳал этилиши керак.


Бироқ Туркманистоннинг “Сердар” ва Ўзбекистоннинг “Қоракўл” электр тармоқларида шу кунда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани учун ҳозирча туркманлар билан келишилган электр энергияси Тожикистонга етиб келгани йўқ. Мазкур тармоқда таъмирлаш ишлари қачон ниҳоясига етиши ҳам маълум эмас.
XS
SM
MD
LG