Линклар

Москвада Клинтон ва Лавров учрашди


АҚШ ва Россия Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ масалада бирга иш олиб боришлари юзасидан келишиб олди.

Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасидаги музокаралар сўнгида билдирилди.

Москвадаги сўзлашувлар чоғида АҚШ ва Россия бош дипломатлари Эрон ядровий масаласи дохил халқаро ҳаётга оид бошқа долзарб масалалар, жумладан, Афғонистон масаласи, ракета ҳужумидан мудофаа, Шимолий Корея, ядровий ҳужумкор қуролларни қисқартириш каби муҳим масалалар муҳокама этганлар.

Россия ташқи ишлар вазири ядровий қуролларни қисқартириш масаласида давлатлар ўртасида ижобий силжишлар борлигини таъкидлади.

- Ядровий қуролларни камайтириш соҳасида сезиларли силжишлар бор ва айни пайтда ҳали муҳокама қилиниши керак бўлган масалалар атрофида ҳам фикр алмашдик. Умуман олганда, музокаралар давомида бу ишни белгиланган муддат, яъни декабр ойига қадар якунлаш учун ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдик, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Шунингдек, Клинтон ва Лавров Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ масалани ҳам муҳокама этган.

Россия ташқи ишлар вазири бу борада Москва Теҳронга нисбатан халқаро санкциялар кучайтирилишига қарши эканини яна бир бор таъкидлади.

- Ҳозирги босқичда барча кучлар музокаралар жараёнини қўллаб-қувватлаш учун жалб этилмоғи керак. Таҳдид, санкция, босим сиёсати ҳозирги вазиятда бизнинг ишонишимизча, самарасиз, деди Сергей Лавров.
XS
SM
MD
LG