Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:46

Том бўяймиз анжончасига...


Андижоннинг катта кўчаларида яшайдиганлар томларини адашиб қизилга бўяб қўйган эканлар. "Мустақиллик шарофати"дан бехабар бу одамлар эндиликда томларини "перебўяш" тараддудида юрибдилар.

Кейинги пайтларда вилоят маркази ҳам, туман марказлари ҳам жадал суръатлар билан ободонлаштирилмоқда.

Бу - яқинда иш жойига - Москвага қайтиб борган шаҳрихонлик йигит - Абдураҳмоннинг фикри.

- Ўзимизга бориб, бир ой турдим, холос. Андижонга икки-уч марта билетга бордим. Ҳақиқатан ўзгаришлар бўлган. Бир йилда борган бўлсам¸ роса катта ўзгаришлар бўлиб кетган. Юргани йўл йўқ. дўкон қуриб юборган¸ кимдир уй солиб юборган¸ дейди Абдураҳмон.

"Қисқаси кўз қувнайди, - дейди Абдураҳмон, - кўз Шаҳрихоннинг марказини кўриб ҳам қувнайди".

- Шаҳрихонда асосий центрлари зўр. Покиза¸ краска қилинган¸ уйлар солинган. Лекин сал чеккароққа чиқсангиз¸ қишлоқ...

"Йўқ-йўқ-йўқ", деб тўхтатдик Абдураҳмонни. Чеккароққа, қишлоққа бошлаб, таъбни тирриқ қилманг.

Яна бир андижонликнинг айтишича, айниқса вилоят марказининг Комил Яшин кўчаси, кун сайин чирой очиб бормоқда.

- Ҳозир Бакиров номидаги вилоят драма театри бўлиб қолган. Шунинг ëнидан бошланадиган катта кўча бор. Шаҳарнинг қирғоғигача бўлган кўча "Комил Яшин кўчаси" дейилади. Бунга уч ойча бўлди. Ана шу кўчанинг иккала бетидаги уйларни буздириб¸ икки қаватли уй соласан, дейилаяпти. Икки қаватли уй солиб¸ пасти турли хил маиший хизмат кўрсатадиган идоралари бўлаяпти. Масалан¸ машина тузатадиган устахона¸ тижорат дўконлари¸ аптекага ўхшаган нарсалар қилинаяпти¸ дейди яна бир андижонлик.

Зўр!

Демак, Андижоннинг Комил Яшин кўчаси, Шаҳрихоннинг маркази Ғарбона стандартларга мос қилиб ободонлаштирилмоқда.

Ғарбда магазиннинг, маиший хизмат объектларининг кўп-озлиги уларга пиёда юриб етиш мумкинми-йўқлиги билан белгиланади.

Мақолани шу ерда тугатиб қўйсак бўлаверарди. Ва уни эшитган бошқа вилоятлар амалдорлари Андижонга тажриба ўрганиш учун бораверарди. Шундай қилгимиз келмади.

Андижонликларнинг муваффақият сирлари тўғрисида ўзимиз айтиб берайлик, дедик.

Навбатдаги маълумотларга диққат қилинг.

Вилоят ва туман марказларидан ташқари вилоятлараро катта йўллар бўйларида жойлашган уйларнинг томлари кўриниши ҳам давлат амалдорларининг кундалик ташвиши.

Бу ҳақда яна бир суҳбатдошимиз айтиб берди.

- Олтинкўл туманида Андижон-Наманган йўли бор. Шу ерда йўлдаги уйлар страпилининг кўча томонини бузиб¸ янги шифер қоқиб¸ у шиферни қизилга бўяшаяпти.

Озодлик: Кўча томонининг страпилини бузишдими?

- Ҳа¸ фақат кўча томонини. Нариги томони ўзи кўринмайдию. Кўчага қараган страпилни бузиб¸ янги шифер қоқиб¸ шиферни қизил рангга бўяшаяпти.

Озодлик: Қайси қишлоқ бу?

- Андижон марказидан тортиб¸ Наманганга кетгунча шунақа. Мана мен Олтинкўл туманида туриб гапираяпман. Мана шу йўлларнинг ҳаммаси шунақа.

Озодлик: Ўша ишларни ким қилдираяпти? Бу ишлар кимнинг пулига бўлаяпти?

- Вилоят ҳокимининг муовини Кетмонов деган одам бор¸ дейди яна бир андижонлик суҳбатдошимиз.

Ҳа, чиндан ҳам шундай муовин бор. Бир неча йилдан бери жаноб Кетмонов вилоятдаги ободонлаштириш ишларига бош-қош.

Масалан, Регнум ахборот агентлиги бундан 3 йил муқаддам, у киши етакчилигида амалга оширилган ишлар тўғрисида каттагина хабар берган эди.

Бугун изладик у кишини, лекин тополмадик.

- Бу киши ташкилотнинг раҳбарларига¸ фермерларга: “Сен 20 тадан краска берасан. Сен фалончадан шифер олиб берасан. Сен буни қилиб берасан” деб қилишаяпти. Уй эгаларининг имкони бори ўзлари қилишаяпти. Имкони йўғи буни қила олмайди-ку¸ дейди андижонлик тингловчимиз.

Ободонлаштиришни тадбиркорлар ҳисобидан ташкил қилиш усули бутун вилоятга ёйилган. Мана бояги шаҳрихонлик йигитнинг айтгани.

- Пулдорларни ҳомийликка беради. Битта-яримда кўримсиз жойни бериб¸ “Шу ерни қиласан” дейди. У бу нарсани ўзининг ҳисобидан қилади¸ дейди шаҳрихонлик йигит.

Тадбиркорларга бу усул ёқяптими-йўқми – биз бир нарса демайлик.

Пул топишга етган ақллари уни – ўша пулни ҳимоялаб олишгаям етар.

Катта йўллар бўйларидаги кам таъминланган оилаларнинг томлари фермерлару тадбиркорлар ҳисобидан янгиланаётган бўлса (баъзи маълумотларга қараганда, улар бир тийин ҳам сарфламайди, балки ишни ташкил қилишга бош-қош бўлади, холос), Андижоннинг Комил Яшин кўчасида уйини янгилашга қурби етмаганлар бу кўчадан кўчиб кетмоқдалар.

Чунки Комил Яшинда яшашни чидаганга чиқарган.

- Қодир бўлган одамлар солаяпти¸ қодир бўлмаган одамлар уйнинг орқасига катта қилиб “уй сотилади” деб ëзиб қўйган¸ сотиб¸ бошқа жойларга кўчиб кетаяпти¸ дейди андижонлик тингловчимиз.

Хуллас, ҳаёт Комил Яшин кўчасида яхшиланиб бормоқда.

Катта йўллар бўйидаги уйлар томининг кўча томонига қарасангиз ҳам мана шундай фикрга борасиз.

Фақат амалдорлар бир нарсани хомроқ ўйлаб қўйгани яқинда маълум бўлиб қолди.

- Бир раҳбар келиб¸ қизил ранг ëқмай қолипти. “Бу бўлмайди. Бу ўрисники. Биз кўк ранг қилишимиз керак” деб¸ кўпчиликнинг настраениеси бузилиб¸ мен ўзим гаплашиб кўрдим¸ энди у шиферларни кўк рангга бўяр экан. Бу ишларнинг ҳаммаси "Ислом ака Каримов келади экан", деб қилинаяпти, деди суҳбатдошимиз.

Худди шу жойга келганда рус тарихидаги “Потёмкин қишлоқлари” деган ибора, бу ибора ортидаги афсона эсимга тушиб кетди.

"Ўзингиз биларсиз" деб ўша афсонани айтиб ўтирмадим.
XS
SM
MD
LG