Линклар

logo-print

Ўзбекистон билан муносабатларни яхшиламоқчи бўлаётган Исроил дипломатлари Гулнора Каримова билан гаплашмоқдалар. Исроиллик таҳлилчилар фикрича, бугунги кунда икки давлат ўртасидаги муносабатлар кўнгилдагидай бормаётир ва бунинг жиддий сабаблари бор.

Исроилнинг бир неча шаҳар ҳокимлари ўринбосарларининг Тошкент ва Самарқандга 16-19 октябр кунларига режалаштирилган сафарлари бекор қилинди. Бунинг сабабларини изоҳлаган Исроилнинг Тошкентдаги элчиси Хилел Нюман бу учун Исроил матбуотини айблади.

- Мақсадимиз бир неча шаҳарлар ҳокимлари ўринбосарларининг Ўзбекистонга ташрифини уюштириб, Тошкентнинг 2200 йиллик тўйи муносабати билан расмийларга табрик этказиш эди. Бу ердаги яҳудий жамоалар билан учрашув ҳам режалаштирилган эди. Аммо Izrus сайтига интервью берган ҳоким ўринбосарлардан бири ўзининг мавқеини кўтариш учун бу ерга келишдан кўзланган мақсад яҳудий жамоаларини Исроилга кетишга даъват қилиш эканини айтди. Ушбу ташриф атрофида шов-шув кўтарилганидан кейин биз уни бекор қилишга қарор қилдик, деди элчи Хилел Нюман.

Исроил-Ўзбекистон муносабатларга соя солган бошқа бир воқеа 29 сентябр куни рўй берди. Шу куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Эргаш Шоисматов Тел Авивдаги Бен-Гурион аэропортида тўхталиб, дипломатик паспортга эга бўлишига қарамасдан, хавфсизлик хизматлари томонидан тинтув қилинди. Ушбу англашилмовчилик учун Исроил томони кечирим сўрашга мажбур бўлди.

- Агар биз унинг Исроил орқали сафар қилиши борасида аввалдан огоҳлантирилганимизда, унинг бундай муаммоларсиз ўтишини таъминлаган бўлардик. Афсуски, биз буни олдиндан билмаганмиз ва Ўзбекистон расмийси одатий текширувдан ўтказилган. Бу каби ҳолатлар келажакда такрорланмаслиги учун чоралар кўрмоқдамиз ва ҳодиса юзасидан Ўзбекистон томонидан кечирим сўрадик, деди элчи Нюман.

Исроил матбуоти юқоридаги воқеаларни тилга олиб, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашганига ишора қилмоқда. Июл ойида Исроил президенти Шимон Переснинг Тошкентга режалаштирилган сафарининг қолдирилгани эса бундай иддаоларни янада мустаҳкамлайди. Хилел Нюманнинг маълум қилишича, Қозоғистон ва Озарбайжонга сафар қилганидан сўнг Шимон Перес Тошкентга йўл олиши керак эди. Бироқ расмий Тошкентга таклиф этилган ташриф куни президент Каримовнинг иш режасига тўғри келмаган.

Аммо Izrus сайтининг ёзишича, президент Перес сафарини уюштириш учун элчи Нюман Тошкент дипломатлари билан музокараларга вақт сарфлаб ўтирмасдан, Исроилнинг Женевадаги БМТ офиси вакили Аарон Лешно Яаардан бу масалани Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ ваколатхонаси раҳбари Гулнора Каримова ёрдамида ҳал этишни илтимос қилган. Izrus сайтининг раҳбари Михаил Фальков Исроил сиёсий эстеблишментида Гулнора Каримовага алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлайди.

- Мен бир нарсани айта оламанки, жорий Исроил маъмуриятининг айрим нуфузли аъзоларидан шахсан эшитганим, Гулнора Каримовага уларга муносабати одатий хурматдан ҳам баландроқ, дейди Михаил Фальков.

Исроилнинг Тошкентдаги элчиси Хилел Нюман Гулнора Каримова билан президент Шимон Перес ташрифини уюштириш масаласи муҳокама этилмаганини айтди, аммо шахсан Гулнора Каримова билан Исроил дипломатининг учрашганини инкор этмади.

- У (яъни Аарон Лешко-Яаар) Гулнора Каримова билан учрашувнинг ташаббускори бўлган. Лекин Каримова президентнинг қизи бўлганлиги учун у билан учрашув ўтказилган эмас, Каримова унинг ҳамкасби бўлганлиги учун у билан учрашув ўтказилган. Бизнинг Гулнора Каримова орқали кимгадир босим ўтказишга ҳаракат қилганимиз ҳақидаги иддаолар мутлақо ёлғон. Икки элчи учрашгандан сўнг улар икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг барча қирраларни муҳокама этдилар. Бизнинг элчимиз иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик масаласини кўтарди, деди Хилел Нюман.

Элчининг айтишича, Исроилнинг Ўзбекистон билан муносабатлари яхши ривожланмоқда ва бу борада ҳеч қандай ҳавотирга асос йўқ. Айни пайтда ҳукумат доиралардаги манбаларга таянган ҳолда Михаил Фальков икки давлат ўртасидаги муносабатлар жиддий сабабларга кўра паст даражада қолаётганини таъкидлайди.

- Исроилнинг Андижон воқеаларига муносабатини, тўғрироғи, бу борада сукут сақлашини расмий Тошкент кутмаган эди. Биламизки, бу воқеаларга муносабат турлича бўлди. Халқаро ҳамжамият бу воқеаларни қоралади. Лекин икки томонлама муносабатлар даражасида Ўзбекистон ҳукумати Исроилдан ёрдам кутган эди. Чунки БМТ доирасида Ўзбекистон доимо Исроилни қўллаб-қувватлаб келган эди-да. Бошқа томондан Ўзбекистонга ваъда қилинган Исроил инвестициялари кутилган даражада киритилмади. Исроил билан яқинлашиб Ўзбекистон ислом дунёси билан муносабатларни мураккаблаштирмоқчи эмас. Бугунги муносабатларни мана шу омиллар белгилаб бермоқда, дейди Михаил Фальков.

Глобал молиявий бўҳрон шароитида Исроил ҳам таклиф этиши мумкин бўлган сармоялар ва энг замонавий технологиялар Ўзбекистонга фақат фойда келтириши мумкин. Айни пайтда президент Шимон Перес ва айниқса тошкентлик аёл билан турмуш қурган Исроил ташқи ишлар вазири Авигдор Либерман Марказий Осиё ва шу жумладан Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантириш лозимлиги борасида бир неча бор баёнот берган эди.

Исроиллик таҳлилчилар фикрича, Исроил ҳукуматида вужудга келган бундай тандемдан Ўзбекистон ҳукумати ҳам самарали фойдаланиб қолиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG