Линклар

Ашхобод ажнабийлардан ҳадиксираяпти


Фридом Хаус ташкилоти раҳбари Кристофер Уолкер фикрича, Туркманистоннинг янги раҳбарияти аввалги раҳбарият каби ўз фуқароларининг ташқи дунё вакиллари билан мулоқотига ҳадиксираш билан қарамоқда.

Фридом Хаус ташкилоти раҳбари Кристофер Уолкер фикрича, Туркманистоннинг янги раҳбарияти аввалги раҳбарият каби ўз фуқароларининг ташқи дунё вакиллари билан мулоқотига ҳадиксираш билан қарамоқда.

Туркман расмийларининг мамлакатга Тинчлик корпуси вакилларининг киритмагани ёки хориждаги АҚШ университетида ўқийдиган талабаларни Турманистондан чиқармагани, кузатувчилар фикрича, мамлакатда ниёзовчилик инерцияси давом этаётганини англатади.

Ўтган ҳафта Туркманистон расмийлари инглиз тилини ўқитиш ва саломатлик билан боғлиқ дастурларни амалга ошириш билан шуғулланадиган АҚШ ҳукуматига қарашли Тинчлик корпусининг ўнлаб аъзосини мамлакатга киритмади.

Ўтган ой бошида эса Ашхобод расмийлари Болгариядаги Марказий Осиё Америка университетида ўқиётган элликка яқин туркманистонлик талабага ёзги таътилдан кейин университетида ўқишни давом эттиришига рухсат бермай, уларни мамлакатдан чиқармади.

Туркманистон Маориф вазирлиги расмийлари туркманистонлик университет талабаларининг хорижга чиқиши таъқиқлангани сабабини Озодликка шарҳлашдан бош тортди.

Ашхобод расмийларининг бундай хатти-ҳаракати, таҳлилчилар фикрича, мамлакат президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг собиқ президент Сапармурод Ниёзов даврида узоқ йиллар изоляцияда яшаган Туркманистонни очиқ жамиятга айлантириш ҳақида берган ваъдасини савол остига қўймоқда.

- Туркманистоннинг ҳозирги раҳбарияти аввалги раҳбариятга ўхшаш баробарида ўз халқининг бошқа дунё вакиллари билан бевосита ва эркин мулоқотда бўлишига рухсат беришга жуда иккиланади. Бу воқеада улар ўз талабаларининг билим олишга Америка ва Ғарбча ёндошувдан яхши хабардор бўлишини исташмайди, деди Халқаро бўҳронларни ўрганиш гуруҳининг Марказий Осиё лойиҳаси раҳбари Пол Куин-Жаж Туркманистондаги сўнгги воқеаларни шарҳлар экан.

Қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Фридом Хаус ташкилоти раҳбари Кристофер Уолкер Озодликка Туркманистоннинг янги раҳбарияти аввалги раҳбарият каби ўз фуқароларининг ташқи дунё вакиллари билан мулоқотига ҳадиксираш билан қараётганини айтди.

Тинчлик корпуси Туркманистонда 1993 йилдан бери асосан қишлоқ жойларида инглиз тилини ўқитиш ва саломатлик билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланиб келади.

Тинчлик корпусининг матбуот котиби Жош Фийлд Озодликка айтишича, ҳозирда Туркманистонда ташкилотнинг етмишдан зиёд вакили фаолият юритмоқда.

- Ҳозирги босқичда биз асосан маориф соҳасида фаолият олиб боряпмиз. Яъни ўқитувчилар қандай қилиб яхшироқ ўқитувчи бўлиш борасида тренинг ўтказиш, баъзан бевосита мактабларга бориб ўқувчиларга дарс бериш билан шуғулланаяпмиз. Биз маориф соҳасига икки йўл томонлама ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз, деди Тинчлик корпусининг матбуот котиби Жош Фийлд.

47 нафар кўнгиллининг Туркманистонга киришига Ашхобод расмийлари рухсат бермагани ҳозирча Тинчлик корпусининг Туркманистондаги аъзоларига таъсир этмади. Бироқ йил охирига бориб қатор кўнгиллиларнинг хизмат муддати тугаганидан кейин Туркманистонда Тинчлик корпуси аъзолари сони ярмига камайиши айтилмоқда.

Филйднинг Озодликка айтишича, Туркманистон расмийлари Тинчлик корпусига 2010 йил сентябрига қадар янги кўнгиллилар қабул қилинмаслигини маълум қилган.

Ашхободдаги Тинчлик корпуси вакиллари бу масалани шу ҳафтада Туркманистон расмийлари билан муҳокама қилишни режалаган.
XS
SM
MD
LG