Линклар

Ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари ëппасига мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий вазиятни алвон рангларда кўрсатиш борасида мусобақа қилиб турган бир пайтда¸ айрим рус нашрларида муаммонинг қулоғи кўриниб қолмоқда.

Ўзбекистонда пластик карточкаларнинг жорий этилиши билан боғлиқ аҳоли норозилигининг ортаётгани бу масалада маҳаллий матбуотни ҳам тилга киришга мажбур қилгандай. Бироқ ҳозирча пластик карточкаларни жорий этиш жараёнини кўпроқ русийзабон газеталар шубҳа остига қўйишга журъат этмоқда.

7 октябр куни “Правда Востока” газетаси “Пластик карточкаси омонат дафтарчаси эмас” номли мақолани эълон қилди. Мақолада пластик карточкаларнинг қулайликлари қаторида электрон тўловларни жорий этиш шароити ҳозирча талабга жавоб бермаслиги ҳам таъкидланган.

“Маошни пластик карточкаларга ўтказиш кўлами ортмоқда, аммо савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарини банк терминаллари билан жиҳозлаш 30 ва айрим районларда 20 фоизни ҳам ташкил этмаётир”¸ дейилади ҳукумат газетасида.

“Правда Востока” газетаси бош муҳаррирининг ўринбосари Виктор Вектярев ушбу танқидий мақола туфайли ҳеч қандай босим бўлмаганини айтади.

- Бу ҳақда ёздик ва бунинг ҳеч қандай қийин жойи йўқ. Бор нарсани ёздик. Кўриб турганингиздай ўз жойимда ўтирибман, ҳеч ким ишдан олингани йўқ. Ҳеч ким телефон қилиб урушгани ҳам йўқ. Бу нормал ҳолат¸ деди Вектярев.

Ўзбекистонда пластик карточкаларни жорий этиш жараёнига тўсқинлик қилмаслик борасида биринчи галда савдогарлар огоҳлантирилган эди. Ушбу қатъий огоҳлантирув телевидениеда кунига эллик мартадан эфирга узатиладиган рекламада ўз аксини топган.

Айни пайтда пластик карточкалар борасида тилга кирган маҳаллий матбуот жуда кўпчилик одамларнинг қийналиб норози бўлаётгани ҳақида айтмаётир, аммо пластик карточкаларни жорий этиш жараёнида танганинг бошқа томони ҳам борлигини эслатаётгандай.

“Янги Аср” газетаси пластик карточкаларнинг олувчи ва сотувчи ўртасидаги тўсиққа айланганини қайд этди. “Новости Узбекистана” ҳафталиги эса “Бутун давлатни карталаштириш” номли мақолада ойликларни мажбуран пластик карточкаларга ўтказишни талаб этган ҳеч қандай расмий ҳужжатнинг йўқлигини қайд этади. “Новости Узбекистана” газетаси атиги 4500 нусхада чоп этилади. Газета раҳбари Баҳодир Йўлдошев инфляцияни жиловлаш воситаси сифатида жорий этилаётган пластик карточкалар тизими шошмашошарлик билан жорий этилаётганини таъкидлайди.

- Жойларда карточкалардан фойдаланиш ускуналари бўлмаган бир пайтда ҳамма-ҳаммага карточкаларни тарқатиш амалиёти бевақт амалга оширилаяпти. Бу ишлар билан бевосита шуғулланиши лозим бўлган тузилмалар ҳали тайёр эмас. Мана айрим оммавий ахборот воситаларида карточкаларнинг яхши ишлаётгани ҳақидаги чиқишлар пайдо бўлаяпти. Тўғри, айрим жойларда карточкалар ишлаяпти бироқ бутун Ўзбекистонда вазият шундай эмаску¸ дейди Баҳодир Йўлдошев.

Йўлдошевнинг айтишича, маҳаллий матбуот ҳозирги кунда деярли исталган мавзуда баҳс юритиши мумкин. Аммо бу ҳар бир нашр раҳбарига боғлиқдир, дейди у.

- Биласизки¸ бизда цензура ман этилган. Нашриётчи ва бош муҳаррир цензор ҳисобланади. Ҳамма нарса уларнинг мана шундай ўткир муаммоларни ҳис эта олиш қобилиятига боғлиқдир. Биз бераётган материаллар воқеълик ва халқ дардини акс эттириш билан биргаликда раҳбариятимизнинг қарорларига ҳам зид эмас¸ дейди Йўлдошев.

Журналист Нарзилло Охунжонов фикрича, рус тилидаги маҳаллий газеталар пластик карточкаларни жорий этиш қийинчиликлари ҳақида ёзиб ўзининг мустақил позициясини акс эттираяпти. Буни эса нормал ҳолат сифатида қабул қилиш лозим, дейди у.

- Бугунги кетаëтган жараëнларга¸ босқичма-босқич олиб борилаëтган ислоҳотларга кимдир ўзининг муносабатини¸ ўзининг фикрини матбуотда эркин ифода эта олиши керакку. Журналистнинг ҳам¸ оддий фуқаронинг ҳам ўзининг эркин фикрини матбуотда эркин ифода эта олиш ҳақ-ҳуқуқи қонун билан белгилаб қўйилганку. Ўша нормал ҳолат¸ дейди журналист Нарзилла Охунжонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG