Линклар

logo-print

Ўзбекистон Ўшга яна газ бера бошлади


Қарийб 19 миллион долларлик қарзнинг 4,6 миллион доллари тўланганидан кейин Ўзбекистон Қирғизистон жанубига яна газ бера бошлади. Бу борада маълум қилган “Ўшгаз” бошқармаси бошлиғи Маматқалиқ Аматовнинг айтишича, айни кунда фақат Ўш шаҳригина газ билан таъминланади.

- Бош директоримиз Тошкентга музокарага борди ва қарзнинг бир миқдори тўланганидан сўнг “Ўзтрансгаз”дан Ўшга газ беришга рухсат олинди. Ҳозирда Ўш шаҳрига бир кунда 30 минг куб газ келмоқда. Бу Ўш шаҳрида газга бўлган эҳтиёжнинг 50 фоизини қоплайди, холос. Айни кунда биз Ўш шаҳар ҳокимияти билан келишган ҳолда газни аввало кўп қаватли уйларга бера бошладик, деди Маматқалиқ Аматов.

23 сентябрдан “Ўзтрансгаз” Қирғизистон жанубига - Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларига газ беришни тўла тўхтатганди. Бунга Қирғизистоннинг Ўзбекистондан тақрибан 19 миллион доллар қарз бўлиб қолгани сабаб қилиб кўрсатилганди.

Айни пайтда Ўш вилоятининг бир неча туманлари, шунингдек, Жалолобод ва Боткен вилоятлари аҳолиси газсиз яшашга мажбур бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG