Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:53

“Олтин” машмашаси Ақаевларга тақалмоқда


“Олтин” холдинги вице-президенти Антонина Бабосюк шу кунларда Москвадаги Лефортово суди олдида жавоб бермоқда.
“Олтин” холдинги вице-президенти Антонина Бабосюк шу кунларда Москвадаги Лефортово суди олдида жавоб бермоқда.

Қирғизистонга қарашли “Олтин” холдингининг Москва бўлими раҳбарияти заргарлик маҳсулотларини Россияга контрабанда йўли билан олиб кирганлик ва тилла буюмларни сотишда қаллобликка йўл қўйганликда айбланмоқда.

13 октябр куни Москвада “Олтин” холдингининг Қирғизистон бўлинмаси собиқ бош директори Элтуғаш Жабаров қамоққа олинди.

Уни қамоққа олиш тўғрисида Москва судига Россия Федерал хавфсизлик хизмати мурожаат қилган. Бу ташкилотдан судга келган ҳужжатлар “махфий” тамғасига эга бўлгани учун ҳам Элтуғаш Жабаровни қамоққа олиш масаласи ёпиқ эшиклар ортида кўрилган.

Бундан бир неча кун олдин эса “Олтин” холдингининг Москвадаги барча раҳбарлари ва менежерлари қўлга олингани, холдингга қарашли дўконлар эса муҳрлангани тўғрисида хабарлар берилган эди.

Қўлга олинганлар орасида “Олтин” холдинги вице-президенти Антонина Бабосюк, холдингнинг Санкт Петербургдаги бўлим раҳбари Владимир Фенков, Москвадаги дўконлар раҳбари Валентина Шадрина ва “Тян-Шан” ширкати раҳбари Владимир Суховеевлар номлари айтилмоқда.

Россия ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига кўра, “Олтин” холдинги менежерларидан бири мамлакат ҳудудига контрабанда йўли билан 60 килограмм заргарлик маҳсулотларини олиб кираётганда қўлга олинган ва бу мазкур холдинг фаолиятини текшириш учун асос бўлган.

Айни пайтда Қозоғистон матбуоти “Олтин” холдингининг қозоқ бўлими раҳбарияти қочиб кетгани тўғрисида хабар тарқатди.

Бироқ “Олтин” холдингига асос солинмиш Қирғизистонда ширкат супермаркетлари ва 400 киши ишлайдиган заргарлик заводи ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

“Олтин” холдингининг Қирғизистондаги вакиллари ўз ширкатлари атрофида содир бўлаётган воқеаларга изоҳ беришдан ўзларини тиймоқдалар.

Бишкекдаги “Қирғизолтин” ҳиссадорлик ширкати расмийси Қалийбек Сулаймоновнинг айтишича, “Олтин” холдингги Қирғизистондагина эмас, постсовет ҳудудидаги энг йирик ширкатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

- Бу ширкат бизнинг маҳсулотларни олмайди. Ширкатнинг ўз заводи бор, олтинни ҳам ўзи сотиб олади. Заргарлик маҳсулотларини ўзи ишлаб чиқариб, ўзи сотади. Шунинг учун ҳам бу холдинг маҳсулотлари арзон ва сифатлидир, дейди Қалийбек Сулаймонов.

Қирғизистон Заргарлар ассоциацияси раҳбари Чингиз Макашев Россияда ишлаб чиқарилган ҳар бир тилла тақинчоқ учун заргарга 8 доллар, Қирғизистонда эса 4 доллар ҳақ тўланишини, бундан ташқари, Россияда заргарлик маҳсулотларига катта миқдорда солиқ солинишини айтади. “Олтин” холдинги эса Россияга арзон ва сифатли маҳсулот етказиб берган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Чингиз Макашев “Олтин” холдинги нохолис рақобат қурбони бўлди, деб ҳисоблайди.

- Холдинг рақобатчилари “Олтин”ни контрабандада айблаб, ўз рақобатчисидан қутилмоқчи бўлаяпти, деб ўйлайман. Россияда заргарлик маҳсулотлари билан шуғулланувчи мингга яқин компания бор. Лекин негадир контрабанда ва бошқа қаллобликларда фақат “Олтин” ширкати айбланмоқда. Қолган ширкатларнинг бирортаси текширилгани йўқ, дейди Қирғизистон Заргарлар ассоциацияси раҳбари Чингиз Макашев.

Айрим кузатувчилар эса “Олтин” холдинги атрофидаги машмашалар “Қирғизистонда 2005 йил март инқилобидан кейин муайян манфаатдор кучлар томонидан бошланган бозорни қайта тақсимлаш курашининг узвий давомидир”, деган фикрдалар.

Қирғизистон собиқ Бош прокурори Азимбек Бекназаров “Олтин” ширкати мамлакат собиқ президенти Асқар Ақаев оиласига тегишли бўлганини айтади. Азимбек Бекназаров 2005 йилги март инқилобидан сўнг Ақаевлар оиласига қарашли мулк юзасидан текширув олиб борган эди.

- Ширкат “Ақаев оиласига тегишли” деган тахмин билан текширилмаган. Уни алоҳида иш қатори текширганмиз. Бироқ бу ширкат Ақаев оиласи аъзоларига тегишли бўлиб чиққан.

Биз инқилобдан кейин Қант шаҳридаги кичкинагина бир заргарлик дўконини ёпган эдик. Ўшанда бу дўкон атрофида жуда катта жанжал кўтарилган. Оқибатда бу дўкон эгаларининг президент девонида экани аниқланган.

Шунинг учун ҳам бу “Олтин” ширкати бўйича ишни охирига етказолмаганмиз, дейди Азимбек Бекназаров.

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан келиб чиқадиган бўлсак, “Олтин” холдинги 2005 йилдан бери иккинчи марта катта текширувдан ўтаётгани маълум бўлади. Бундан тўрт йил олдинги текширув Қирғизистонда бошланган ва бу текширув холдингнинг хорижий ваколатхоналарини қамраб олмаган эди.

Бироқ бу галги тергов бир мамлакат доирасидан ташқарига чиқадиган кўринади. Бундан “Олтин” холдингининг Қирғизистон бўлинмаси собиқ бош директори Элтуғаш Жабаров қамоққа олингани далолат бераётгандек.

Бироқ Қирғизистон Бош прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, Россия томони бу борада ёрдам сўраб мурожаат қилмаган.

“Олтин” холдинги 1990 йилда Бишкек шаҳрида ташкил қилинган эди. Айни пайтда холдинг Қирғизистон, Россия, Қозоғистон ва Саудия Арабистонида мингдан ортиқ одам ишлайдиган ўнлаб гипермаркетларга ҳамда Россия ва Қирғизистонда 2500 одам ишлайдиган иккита заргарлик заводига эга.
XS
SM
MD
LG